Нафъинг агар халққа бешакдурур

Ҳазрат Навоий доим эл ғами билан яшаган ва
бошқаларни ҳам шунга даъват этган. Зеро:

Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай.

***

Одами эрсанг демагил одами,

Ониким йўқ халқ ғамидин ғами,

каби мисралар бунинг исботидир. Айни дамда бу байтлар умрбоқийлигининг сири Навоий бобомиз сўзига амал қилганидадир.
Дунё тобора глобаллашиб, умуминсоний туйғулар емирилиб бораётган бир даврда маърифат туғини баланд тутган аждодлар меросига бўлган эҳтиёж янада кучаймоқда. Мамлакатлар ўз халқининг якдиллигини асраб қолиш учун жон-жаҳди билан курашяпти. Афсуски, айрим давлатларнинг аксарият ёшлари демократия ниқоби ортидаги “оммавий маданият” домига илинган. Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Халқ якдиллигини сақлаш, умуман, мамлакатни ҳар томонлама ривожлантириш учун қандай йўл тутиш керак?
Яна улуғ мутафаккир бобомизга мурожаат қиламиз. Навоий Бадиуззамон Мирзога йўллаган мактубларидан бирида шундай ёзади: “Яна улким, алассабоҳ ҳарамдин чиққач, девонда ўлтуруб додхоҳ (додхоҳ — шикоятларни кўрувчи) сўрулса, дағи додхоҳ сўрарда ўзлук била машғуллуқ қилилса, агар бир мазлумға бировдин зулме ўтган бўлса, золимға андоқ сиёсат қилилсаким, ўзга золимларға мужиби интибоҳ бўлса”.
Ҳазрат Астрободда ҳокимлик қилаётган Бадиуззамонга йўллаган мактубининг аввалида саҳар уйғониб ибодат қилгач, давлат ишини дастлаб додхоҳ сўрардан бошлашни тавсия этади. Бунда шикоятларни шунчаки эшитиш эмас, балки ноҳақлик қилган кимсаларга кўрилган чора сабаб бошқа золимларнинг қалбидаги ғафлат барҳам топсин, адолат тантана қилсин, дейди.
Дарҳақиқат, эл бошида турган ҳар бир амалдор мазлумлар ҳолидан хабар олиб, халқ ғами билан яшар экан, ўша мамлакат фуқаролари эртанги кунга ишонч билан қарайди. Юртимизда халқнинг дарду ташвиши билан яшашга инсонийликнинг олий мезони деб қаралаётгани ҳам бежиз эмас. Бунинг замирида халқ фаровонлиги, мамлакат тараққиёти мужассам. Улуғ мақсадларга эса, баландпарвоз гаплар ила эришиб бўлмайди.
Икки йил муқаддам юртимизда дунёда ўхшаши бўлмаган мулоқот воситаси — Президент виртуал қабулхонасининг очилиши халқимиз кайфиятига қай даражада ижобий таъсир қилгани барчамизга аён. Ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президенти номига икки ярим миллиондан ортиқ мурожаат келиб тушгани ҳали ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар етарли эканини кўрсатади. Президентимизнинг 2019 йил 17 январдаги “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эса, шу каби муаммоларни тизимли равишда ҳал этишга имкон беради.
Яшириб нима қилдик. Халқ қабулхоналари ташкил этилгач, маиший, шахсий муаммосини элга достон қилганларга ҳам, ҳал этиш зарур бўлган масалани ўз вақтида кўриб чиқмаган ёки “бажарилади”, “режага киритилди” қабилида иш тутган масъулларга ҳам дуч келдик. Бу эса, Халқ қабулхонаси фаолиятини такомиллаштириш эҳтиёжи борлигини кўрсатди. Мазкур фармон ана шу бўшлиқни тўлдириш учун хизмат қилади.
Ҳужжатга кўра, Халқ қабулхонаси вакиллари уйма-уй юриб аҳоли муаммосини ўрганади ва масалани ҳал этишни таъминлайди. Ушбу ўрганишларнинг очиқлик ва холислигини таъминлаш учун жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа ташкилотлар жалб этилади.
Очиқ гап, шу вақтгача муаммони ҳал этишнинг аниқ бир тизими йўқ эди. Энди Халқ қабулхонаси худудлардаги секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг уйма-уй юриб, мурожаатлар билан ишлаши, аниқланган муаммони ҳал қилиш борасидаги фаолиятини тизимли ўрганади. Зарур вақтда кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш, шунингдек, секторлар фаолиятини баҳолашда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.
Бундан ташқари, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан улар фаолияти ва кўрсатадиган хизматларига оид тартиб-қоидаларнинг аҳолига тўлиқ ва тезкор етказилишини таъминлашга қаратилган чоралар кўрилади. Бунда Халқ қабулхонаси ташкилот ва идоралардан фаолият учун зарур бўлган ахборотлар ҳамда ҳужжатларни сўраб олиши, уларнинг мутахассисларини жалб қилиши мумкин. Мухтасар айтганда, Халқ қабулхонаси элнинг дарди билан яшаши учун қонуний асос яратилди.
Яна бир муҳим жиҳат — кадрлар масаласи. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси билан биргаликда Халқ қабулхоналари ходимлари учун махсус малака ошириш курслари ташкил этилади. Бу курсларда аҳоли билан бевосита ишлаш учун зарур бўлган билимга, ташкилотчилик ва таҳлил қобилиятига, шунингдек, маънавий-ахлоқий ва психологик фазилатларга эга бўлган малакали мутахассислар тайёрланади. Қолаверса, қисқа муддатда Халқ қабулхоналари фаолиятини баҳолаш тартиб ва мезонлари ишлаб чиқилади.
Халқ қабулхонаси дунё сиёсатшунослари томонидан бежиз эътироф этилмаяпти. У чин маънода халқимизнинг оғирини енгил, мушкулини осон қиладиган тизимга айланиб улгурди. Энди ҳар бир мутасадди бу ишончни оқлаши, оғир ва айни чоғда шарафли вазифани сидқидилдан адо этиши керак. Бундай шарафни ўзини Навоий бобомизнинг чинакам вориси деб биладиган ва у зотнинг:
Нафъинг агар халққа бешакдурур
Билки, бу нафъ ўзунгга кўпракдурур,
деган ҳикматли сўзини теран англаган инсонлар қийинчиликсиз қўлга кирита олади.
Зеро, эл дарди билан яшаш халқимиз тийнатида доим мужассам бўлган туйғудир.

Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ