Отаси бор “отасиз”лар

ёхуд эркаги эртаю кеч ишда қолиб кетадиган оилалардаги фарзандларнинг ҳоли не кечмоқда?

Ўтган йили юртимизда уч мингга яқин ёш оила вакиллари ўртасида социологик сўров ўтказилганди. Маълум бўлишича, бугун эркакларимиз бола парвариши ва тарбиясига аёлига қараганда икки баравар кам вақт ажратаётган экан. Тадқиқотда иштирок этган респондентларнинг бор-йўғи 15 фоизи бўш вақтини фарзанд тарбиясига бағиш­лашини айтган.

АСЛИНИ ОЛГАНДА, БУ КАТТА ЙЎҚОТИШ. ЛЕКИН, ЯШИРИБ НИМА ҚИЛДИК, МАЗКУР ҲОЛАТДАН АЖАБЛАНМАЙ ҚЎЙГАНИМИЗГА ҲАМ АНЧА БЎЛДИ. АХИР, ОИЛАБОШИ АҲЛИ АЁЛИНИНГ ФАҚАТ МОДДИЙ ЭҲТИЁЖЛАРИНИ ҚОНДИРИШИ КЕРАК, ДЕГАН ГАПНИ ЎЗИМИЗ ЎЙЛАБ ТОПДИК-КУ. ЭНДИ УНГА ЎЗИМИЗНИ-ДА ИШОНТИРИШГА ҲАРАКАТ ҚИЛ­ЯПМИЗ. ТИРИКЧИЛИК ҒАМИДА ЭРКАКЛАР КУНЛАБ, ҲАФТАЛАБ, БАЪЗАН ҲАТТО ЙИЛЛАБ УЙДА БЎЛМАСЛИГИГА КЎНИККАНИМИЗ ҲАМ РОСТ.
Эҳ-ҳе, чилласи чиқмай туриб, турмуш ўртоғини Россия ёки бошқа ёт ўлкаларга жўнатаётган келинчаклар оз дейсизми. На фарзандининг дун­ёга келиши, на ўсиб-улғайишини кўраётган оталар-чи. Қизиғи, бундай турмуш тарзини изоҳлаш, аниқроғи, оқлаш учун улар “бола-чақа ғами”, “рўзғор ташвиши” қабилидаги важ-­карсонларни пеш қилмоқда. Гўё шу билан қутулиб қўя қоладигандек!

ПУЛ ТОПАМАН ДЕБ ФАРЗАНД ТАРБИЯСИНИ ИККИНЧИ ДАРАЖАГА СУРИБ ҚЎЯЁТГАН ОТАЛАРИМИЗ ЎЗ ОИЛАСИ ОЛДИДАГИ МАСЪУЛИЯТСИЗЛИГИ ЭРТАГА НАФАҚАТ ЯҚИН КИШИЛАРИ, БАЛКИ БУТУН ЖАМИЯТГА ЎНГЛАНМАС ЗИЁН КЕЛТИРИШИНИ БИЛАРМИКАН?!

Яна олимларнинг фикру хулосаларига қайтамиз. Нотўлиқ оилада ўсган бола кўпинча ўзига ишончи паст ва агрессив бўлиб вояга етади. Бу эса, ўсмирларни жиноят, айш-ишрат, ичкиликбозлик каби иллатлар комига тортувчи омилдир. Боз устига, ота назоратисиз ўсган йигитлар уйланганидан кейин ота-онасининг хатосини такрорлаш эҳтимоли анча юқори. Бу ҳам илмий жиҳатдан исботланган.
Ўйлаб қўрайлик, жамиятимизда оилавий ажримлар, расмийлаштирилмаган никоҳлар, борингки, турли оғирликдаги жиноятлар кўрсаткичлари муттасил ортиб боришининг сабаби шу эмасмикан?

БУГУН ҒЎРЛИГИ ЁКИ АЛАМЗАДАЛИГИ ТУФАЙЛИ ЎҒРИ-КАЗЗОБЛАР ДАВРАСИГА ҚЎШИЛАЁТГАН, ПУЧ ВАЪДАЮ СОХТА АЛДОВЛАРГА УЧИБ, ЖИНОЯТ СОДИР ЭТАЁТГАН, АВВАЛ ТЕНГДОШУ КУРСДОШЛАРИ БИЛАН МУШТЛАШИБ, КЕЙИН УЛАРГА ПИЧОҚ НИҚТАЁТГАН ҚОРАКЎЗЛАРНИ ТАВҚИ-ЛАЪНАТЛАШ, ҚИЛМИШИГА ЯРАША ЖАЗОЛАШДАН ОЛДИН ЎША ЁШЛАР ҚАНДАЙ МУҲИТДА ТАРБИЯ ТОПГАНИ, ОТА-­ОНАСИ КИМЛАР ЭКАНИ, АЙНИҚСА, ОТА ДЕГАНЛАРИ ФАРЗАНД ТАРБИЯСИГА НЕЧОҒЛИҚ ЭЪТИБОР ҚАРАТГАНИ БИЛАН ҚИЗИҚАЙЛИК.
Шунда ғоят чигал муаммолар тугунини келтириб чиқарган калаванинг учи топилади. Вазиятни ўнглаш бўйича оқилона ечим изланади. Жамиятни маънавиятсизлик ва тубанлик гирдобига тортаётган омиллар бирин-кетин бартараф этила бошлайди. Ҳарқалай, шундай бўлишига умидвормиз.

КАЗАКОВ позицияси

— Эркаги эртаю кеч ишда қолиб кетадиган, фарзандларига ҳатто дам олиш кунларида вақт ажратолмайдиган ёки ундан ҳам ёмони, тирикчилик ғамида хорижга кетган оилаларни бир ҳисобдан нотўлиқ деб аташ ҳам мумкин. Отанинг уйда бўлмаслиги, оилавий муносабатларда пассив иштирок этиши, фикру зикрини фақат пул топишга қаратиши, айниқса, ўғил болалар тарбиясига салбий таъсир кўрсатади. Қизлар-ку кўп масалаларда онаси билан маслаҳатлашиши, рўзғор юмушларига ўралашиб, шу аснода келгуси мустақил ҳаётида асқатадиган кўникмаларни ўзлаштириши мумкин. Бироқ йигитлар тарбиясига бундай ёндашиб бўлмайди!

ЎҒИЛ БОЛАГА ОИЛАБОШИ УДДАЛАШИ ЗАРУР БЎЛГАН ИШЛАРНИ ЭРКАК КИШИГИНА ЎРГАТА ОЛАДИ. БОЛА ОТАСИНИ ДЕЯРЛИ КЎРМАСА ЁКИ У БИЛАН МУЛОҚОТ ҚИЛИШ, БИРГА ВАҚТ ЎТКАЗИШ (АЙТАЙЛИК, ИСТИРОҲАТ БОҒИГА БОРИШ, ФУТБОЛ ЎЙНАШ, БАЛИҚ ОВИГА ЧИҚИШ) ИМКОНИЯТИДАН МАҲРУМ БЎЛСА, АЛБАТТА, МЕҲР-­ЭЪТИБОРНИ ТАШҚАРИДАН ИЗЛАЙ БОШЛАЙДИ. ЛЕКИН МАЗКУР ҲОЛАТДА ФАРЗАНДИНГИЗ ЁМОН ДАВРАЛАРГА ҚЎШИЛМАСЛИГИ ЁХУД БОШҚА БИРОН ФАЛОКАТГА ЙЎЛИҚМАСЛИГИГА ҲЕЧ КИМ КАФОЛАТ БЕРОЛМАЙДИ.

Хўш, нима қилиш керак? Мен бола эркак киши сабоқ берадиган тўгарак­ларга қатнашини маслаҳат бераман. Масалан, спорт секциясига. Шунда ўспирин ҳақиқий эркакка хос сифатларни қисман бўлса ҳам мураббий ёки устозидан ўзлаштиради. Бу ўғил балоғатга етаётганида, яъни 14-15 ёшида ниҳоятда муҳим. Сабаби айни паллада боланинг жисмоний жиҳатдан етилиб бораётгани — билаги кучга тўлиб, қадди-басти чўзилаётгани кузатилса-да, аммо ижтимоий жиҳатдан у ҳали “хом” бўлади. Бош­қача айтганда, оилада ёки ташқарида юзага келадиган келишмовчиликларни бартараф этиш, психологик муаммоларни енгишга ожиз. Чунки ўз вақтида отадан керакли ёрдам, ўрнак, маслаҳат ололмаган-да.
Жисмоний ва ижтимоий балоғатга етиш жараёнлари ўртасидаги номутаносиблик бора-бора психологик инқирозга олиб келади. Натижада зиддиятлар келиб чиқади. Алал-оқибат бола жиноятга қўл уриши ҳеч гап эмас.

Луқмон КАЗАКОВ — Республика маънавият тарғибот маркази ҳузуридаги “Маънавият тарғиботчиси” ўқув маркази етакчи мутахассиси.
Педагогика фанлари номзоди, доцент. Гиёҳвандлик профилактикаси бўйича илмий изланишлар олиб борган. Соғлом турмуш тарзи тарғиботига доир бир қанча халқаро лойи­ҳалар иштирокчиси.
Кўп йиллардан буён амалиётчи психолог сифатида девиант (ахлоққа зид), деликвент (ҳуқуққа хилоф) хулқ-атворга эга ҳамда ўз жонига қасд қилишга мойил ўсмирлар билан ишлаб келмоқда.

Наргиза УМАРОВА