Президент мактаблари аниқлайди, танлайди, тайёрлайди!

“Тошкент, Нукус ва Хоразмда Президент мактаблари қурилар экан!”. Бу хабар ҳали “тандирдан узилмасданоқ” бутун интернетга овоза бўлди. Ижтимоий тармоқларда муҳокамалар қизигандан-қизиган. Биров у дейди, биров бу дейди. Ҳамманинг фикри ўзи учун тўғри.
Биринчи дуч келган ўн-ўн бештасини ўқиб чиқдим. Охирига етмай, тарвузим қўлтиғимдан тушиб кетди. Биронта ҳам яхши гап йўғ-а! “Оддий одамларнинг фарзанд­ларига бундай мактабларда ўқишга йўл бўлсин!”, “Жойлар барибир олдиндан банд қилиб қў­йилади, қолган 4-5 таси эса, конвертда қўпроқ қистирганларга насиб этса керак”, “Президент мактабини қуриш баҳонасида энди қанчалаб оддий мактаблар бузиб ташланади”… Хуллас, шунга ўхшаш гаплар. Қизиғи, ҳеч бирининг жўяли асоси ҳам йўқ.
Эртасига Халқ таълими вазирлиги ўз сайтида пойтахтимиздаги бир нeчта умумтаълим мактабларининг бузилиши ҳақидаги хабарни инкор этди. Қўшимчасига умумтаълим мактаблари ва мактабдан ташқари таълим муассасаларининг ер участкаларини ҳамда кўчмас мулкини вазирлик билан кeлишмасдан бeгоналаштириш тақиқлангани ҳам маълум қилинди. Бироқ бердисини айтгунча, уриб ўлдириб қўя қоладиган ваҳимачи фуқароларимиз бу расмий баёнотга кўз қирини-да ташламагани, ўқиган тақдирда ҳам, қулоғига илмагани аниқ. Ахир, ҳақиқатга ён босишдан кўра миш-миш тарқатиш осон-да.
Ҳарқалай, юқоридаги нохуш ҳолатни ортиқча таҳлил қилиш ниятидан йироқмиз. Нима ҳам дердик, инсофни ҳар кимнинг ўзига берсин. Президент мактаблари хусусида оғиз очишдан мақсад бошқа. Давлатимиз раҳбари етти ўлчаб бир кесадиган инсон. Узоқни кўзлаб сиёсат юритади. Сир эмас, бугунги кунда Ўзбекистон малакали мутахассисларга жуда муҳтож. Зеро, давр ва замон талаби доимий янгиланишда. Унга ҳамқадам бўлиш ҳар бир мутахассисдан мунтазам ўқиб-ўрганишни, халқаро тажрибаларни ўзлаштиришни талаб этади.
Демак, Президент мактаблари айнан ёш мутахассис кадрларни мактаб ёшиданоқ тарбиялашда етакчи бўлиши, шубҳасиз. Бунга давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2019 йил 20 февраль куни имзолаган “Президент мактабларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни диққат билан ўқиб чиққан киши дарҳол амин бўлади. Қарорда янги форматдаги таълим муассасалари зиммасига юкланажак асосий вазифалар бирма-бир санаб ўтилган. Умумлаштириб айтганда, Президент мактабларининг бош миссияси иқтидорли ўғил-қизларни аниқлаш, танлаш ва ўқитишдан иборат. Яъни, 5-синфдан ўқишга қабул қилинган бола келгусида биз истаётган рақобатбардош кадр сифатида етишишида асқатадиган фундаментал билим ва кўникмаларни айнан Президент мактабида олади. Мазкур жараёнда орттирилган тажриба эса, кейинчалик республикамизнинг қолган мактабларига ҳам татбиқ этилиши табиий.
Президент мактаблари учун қабул имтиҳонлари сирасига мантиқий фикрлаш тестларининг киритилгани, таълим жараёни эса, инглиз тилидагина эмас, балки жаҳон тажрибасида ўзини аллақачон оқлаган “STEAM” (science – табиий фанлар, technology – технология, engineering – техник ижодкорлик, art – санъат, mathematics – математика) тизимида олиб борилишида ҳам чуқур маъно бор.

***
Тарих — муаллим. Ўтмишга назар солайлик. Жаҳон илм-фани ривожи учун тамал тошини қўйиб берган даҳо боболаримиз алгебра ва алгоритмни, тиб қонунларини, 1018 та юлдуз координатасини ёинки дун­ёдаги биринчи глобусни тушида кашф қилгани йўқ. Улар болаликдан ақлу заковатини чархлаб боргани, билимни қадрият деб билгани боис, алломаи замон, улуғ мутафаккир даражасига етди.
Биз ўша буюк Беруний, Хоразмий, Ибн Сино ва Улуғбек авлодимиз. Шу мукаррам зотларнинг қони томиримизда мавж уриб турибди. Демак, Ўзбекистонни тенгсиз “инсон капитали”га эга, керак бўлса, малакали кадрларни жаҳонга экспорт қилувчи мамлакатга айлантириш қўлимиздан келади.
Ишонамизки, яқин истиқболда Президент мактаблари тажрибалари асосида бутун мамлакатимиз таълим тизими, замонавий билимларни ўзлаштирган ёшларимиз ўзбекнинг нималарга қодирлигини бутун инсониятга такрор исботлаб беради!

Наргиза УМАРОВА