Сенга фарз ўлмағай ғамнок чиқмоқ

Алишер Навоий XV асрнинг улуғ мутафаккири, мумтоз адабиётимизнинг юксак чўққисигина эмас, улуғ мураббий, оташин маърифатпарвар, халқимиз маънавий юксалишининг толмас курашчиси ҳамдир. У бутун умрини юрт ободлиги, инсон бахт-саодати, она заминнинг гуллаб-яшнаши учун бағишлади. Эр-юртни маърифатдан баҳраманд қилиш, илм-фан, санъат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш шоир ҳаётининг ҳам, ижодининг ҳам асосий йўналишига айланди. Бинобарин, унинг саъй-ҳаракатлари, эзгу интилишлари, орзу-умидлари замирида баркамол инсонни тарбиялашдек улуғ мақсад ётади.

Алишер Навоий, энг аввало, ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратгани замондошлари томонидан ҳам ёзиб қолдирилган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур сўз султонини “Аҳли фазл ва аҳли ҳунарға Алишербекча мураббий ва муқаввий маълум эмаским, ҳаргиз пайдо бўлмиш бўлғай” деб бежиз эсламайди.
Навоий иқтидорли ижодкор ёшларни доимо қўллаб-қувватлаган. Ўша даврда кўпгина илмий, адабий ва тарихий асарлар бевосита улуғ шоирнинг кўмаги ва ҳомийлиги остида яратилгани ҳам манбаларда қайд этилган. Улуғ мутафаккир халққа зиё тарқатиш, ёшларни илм-фанга йўналтириш борасида ижоди билангина эмас, амалий фаолияти билан ҳам жонбозлик кўрсатган.
Алишер Навоий ўз даврининг олий ўқув юртлари бўлмиш мадрасалардаги аҳвол, талабаларнинг яшаш шароитларини бевосита назорат қилиб турган. Илм олиш учун мамлакатнинг турли бурчакларидан пойтахтга келиб, машаққатларга сабр қилиб, илм-фанга умрини бағишлаётган толибларга, мусофирлик азоб-уқубатларини бошдан кечираётганларга мурувват ва ғамхўрлигини аямаган. Талабаларнинг моддий аҳволини, яшаш шароитини яхшилаш, уларни рағбатлантириш мақсадида ўз маб­лағи ҳисобидан нафақа (стипен­дия)-лар жорий этган. Мадрасалар ихтиёрига вақф ерлар ажратган, улардан келаётган даромадларнинг қай йўсинда тақсимланаётганини шахсан назорат қилиб борган. Натижада илму толиблар асосий диққат-эътиборини илм олишга қаратган.
Бобур: “Султон Ҳусайн Мирзонинг замони ажиб замоне эди, аҳли фазл ва беназир элдин Хуросон, батахсис Ҳири шаҳри мамлу эди. Ҳар кишинингким бир ишга машғуллиғи бор эди, ҳиммати ва ғарази ул эдиким, ул ишни камолға тегургай”, деганида ана шу ҳолни назарда тутган эди.
Алишер Навоий илм-маърифат дарғалари — муаллимларга ҳам юксак эътибор ва эҳтиром билан муносабатда бўлган. Ҳатто устозининг ўғлига отдан тушиб салом бергани ҳақидаги ривоятда ҳам, демак, катта ҳикмат бор. Шоирнинг:
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила,
деган мисралари ҳам ҳаётий кузатиш ва хулосалар ҳосиласидир.
Шоирнинг мадрасалар муаллимлари ҳақидаги фикрлари ҳам қизиқарли. Мударрис, яъни олий ўқув юртининг муаллими мансаб ва амалдорликка қизиқмаслиги, ўзи яхши билмайдиган илмдан дарс бермаслиги керак. Шунингдек, олий даргоҳ ўқитувчилари чуқур билимли, ҳалол, пок одамлар бўлиши керак, деб таъкидлайди. Улуғ мутафаккирнинг мазкур талаблари бугунги кун учун ҳам ғоят аҳамиятлидир.
Илмни ким воситаи жоҳ этар,
Ўзинию халқини гумроҳ этар”,
дея бонг урганида шоир юз карра ҳақ эди.
Алишер Навоий ўзининг амалий фаолияти билан ҳам, ўлмас ижодий мероси билан ҳам ёш авлод тарбиясига улкан ҳисса қўшди. Шунинг учун унинг асарлари асрлар давомида мактаб ва мадрасаларда ўқув қўлланмаси сифатида фойдаланилмоқда.
Гап шундаки, улуғ шоир тарбия жараёнини панд-насиҳатлар билангина такомиллаштириш мумкин эмаслигини яхши англаган. У, аввало, ота-она ҳамда фарзанднинг, мураббий билан тарбияланувчининг ҳуқуқ ва бурчларини аниқ белгилаб берган ва бадиий ифодалаган.
“Ҳайрат ул-аброр” достонининг олтинчи мақолатида шоир фарзанднинг оиладаги тарбиясига алоҳида эътибор қаратади, ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги ўрнига тўхталиб ўтади, фарзанднинг ҳуқуқ ва бурч­лари ҳақидаги қарашларини баён қилади.
Навоий фарзанднинг меҳр- шафқатга, ҳимояга муҳтожлигини алоҳида таъкидлайди. Лекин болага ортиқча меҳрибонлик кўрсатиш, ноўрин кўнгли бўшлик қилиш унинг тарбиясига салбий таъсир этишини қайд этади:

Тифл учун қўпмоқ эмасдур адаб,
Пирлар ул ишни демасдур адаб.

Ул мутакаббир ўлуру сен енгил,
Бу ики иш эл нега қилғай дегил.

Гарчи адаб шарти бағоят керак,
Ҳар киши таврида риоят керак…

Улуғ шоир абадиятга дахлдор шоҳ асарлар яратди, давлат арбоби сифатида маърифатпарварликка йўналтирилган тадбирларни амалга оширди. Мутафаккир ва мураббий сифатида ахлоқ ва одоб, таълим-тарбия борасида илғор ғояларни олға сурди.
Навоийнинг илм-фан, таълим-тарбия ҳақидаги фикрлари, ўгитлари, маърифатпарварлик ғоялари амалий фаолиятининг узвий қисмини ташкил этади. У бутун ҳаёти давомида илм-маърифатни тарғиб этди. “Билмаганни сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган — ўзига золим”, “Оз-оз ўрганиб доно бўлур, қат­ра-қатра йиғилиб дарё бўлур” сингари панд-насиҳатлари бежиз халқ нақлларига айланиб кетмаган.
Шоир машҳур қитъаларидан бирида айтади:

Камол эт касбким, олам уйидин
Сенга фарз ўлмағай ғамнок чиқмоқ.
Жаҳондин нотамом ўтмак биайниҳ
Эрур ҳаммомдин нопок чиқмоқ.

Алишер Навоий шу тўрт сатри билан олам-олам маъноларни ифодалаб, энг шариф мавжудот — Инсонни камолотга эришишга даъват этган.
Дарҳақиқат, қисқа умри давомида камолотга интилган, вақтини зое кетказмаган одам бу дунёга келганидан пушаймон бўлмайди. У ўзининг ички имкониятлари, истеъдод қирраларини намоён этиб, баркамоллик сари юз тутади.
Алишер Навоийнинг ўзи ҳам улуғ мураббий даражасига кўтарилган сўз санъаткоридир. У ижоди ва амалий фаолияти билан Шарқ педагогикаси анъаналарини давом эттирган. Бу унинг инсон тарбияси билан боғлиқ муаммоларни ойдинлаштириб, ўз даврига мослаштиргани билан изоҳланади.
Шуниси диққатга сазоворки, унинг маърифатпарварлик ғоялари умум­инсоний характерда бўлгани учун ҳам асрлар давомида ўз аҳамиятини йўқотмади. Натижада, Ҳазрат Навоийнинг адабий мероси асрлар давомида мадрасаларда қўлланма вазифасини ўтади.
ХХ асрга келиб, Беҳбудий, Авлоний, Фитрат сингари маърифатпарварлар янгича таълим-тарбия асосларини яратишда улуғ шоир асарларидан илҳомланди.
Навоий асарларида илгари сурилган ёш авлоднинг таълим-тарбияси ҳақидаги қарашлар бугунги кунимиз учун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Чунки таълим ва тарбия ҳамма замонларда жамиятнинг маънавий, руҳий ва ақлий тараққиётининг ўзак масалаларидан бири бўлиб келган.

Акрамжон ДЕҲҚОНОВ,
филология фанлари номзоди, доцент