Сирдарёда Президент топшириқлари қай даражада бажарилди?

Президент ташрифидан сўнг…
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2018 йил 13 апрель куни Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида шароити ўта оғир ҳудудларни обод, файзли масканга айлантириш, ҳар бир оиланинг турмуш фаровонлигини ошириш хусусида мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарларига аниқ топшириқлар берган эди.
Бугунги кунда ушбу топшириқлардан 201 таси ёки 81 фоизининг ижроси таъминланди. 48 таси ёки 19 фоиз топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича амалий ишлар олиб борилаётир.
Белгилаб берилган топшириқлардан 71 таси ёки 28,5 фоизининг ижросини таъминлашда вилоят ҳокимлиги, 178 таси ёки 71,5 фоизи бўйича республика вазирлик ва идоралари масъул этиб белгиланган.
Ташриф давомидаги давлатимиз раҳбарининг топшириқлари ижросидан келиб чиқиб, 10 та қарор ва фармон лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тегишли тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган.
Ўша ташриф чоғида берилган топшириқлар ва Сайхунобод туманида кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилиш якунига асосан вилоятни “2018-2019 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури” доирасида саноат, хизмат кўрсатиш ва сервис ҳамда қишлоқ хўжалиги йўналишларида умумий қиймати 6,3 триллион сўмлик, шундан 2,6 триллион сўми банк кредити маблағлари, 230 миллион АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестиция ҳисобига 302 та лойиҳа амалга оширилиши, 15 минг 458 та янги иш ўрни яратилиши белгилаб олинди.
Айни пайтга қадар вилоятда 1 триллион 224 миллиард 500 миллион сўмлик 167 та лойиҳа амалга оширилиб, 4 минг 977 янги иш ўрни яратилди. Олдинги йилга нисбатан 2,5 баробар кўп инвестиция киритилди. Ушбу лойиҳаларга тижорат банклари томонидан 535 миллиард 600 миллион сўмлик кредит маблағлари ажратилди.
Дастур доирасида иқтисодий самараси юқори бўлган йирик лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, Сирдарё туманидаги “Sirdaryo Universal Oyna” МЧЖ томонидан тиббиёт шиша идишлари, “Pharma Plast Holding” МЧЖ ва “Grаce pharma” МЧЖ томонидан бир марта ишлатиладиган тиббий флаконлар ва тайёр дори воситалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Шунингдек, вилоят аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт ҳажмини ошириш мақсадида Мирзаобод туманидаги “Sirdarinskiy bereg” ва “Мирзаобод Универсал Трейд” корхоналари, Ховос туманидаги “Ҳожи Баҳодирхон Ота” ва “Ҳожи Гадойбой ота” корхоналари томонидан Жанубий Корея технологияси асосида замонавий иссиқхона ташкил этилди. Гулистон шаҳрида “Akbar Biznes Stroy” МЧЖ томонидан пойабзал ишлаб чиқариш лойиҳаси, Мирзаобод туманидаги “Farma Servis” МЧЖнинг музлаткич ва мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлашни ташкил этиш лойиҳаси, “Мирзаобод бройлер” МЧЖ томонидан Германия технологияси асосида паррандачилик фаолиятини йўлга қўйиш лойиҳалари ишга туширилди.
Вилоят аҳолисига замонавий тиббий хизмат кўрсатиш учун Гулистон шаҳрида “Сардор Жамшид” ва “Муроджон Шифо”, Боёвут туманида “Боёвут хусусий санаторияси”, Сардоба туманида “Сардоба Диагностика” корхоналари томонидан замонавий тиббий диагностика маркази ташкил этилди.
06ded2b5-1f5f-4d8b-b6b6-7247f4663947.jpg
Ўтган йили умумий қиймати 94,1 миллион АҚШ доллари, жумладан, 78,8 миллион доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобига 20 та лойиҳа амалга оширилди. Ушбу лойиҳалар эвазига 100 га яқин иш ўрни яратилди. Жорий йилда 25 та лойиҳани ишга тушириш ҳисобига 3 мингдан ортиқ кишининг бандлиги таъминланади. Хорижий инвестиция лойиҳаларининг тўлиқ амалга оширилиши натижасида йиллик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қуввати 1,3 триллион сўмга, экспорт ҳажми эса 33 миллион долларга ортишига эришилади.
Масалан, Сирдарё туманида Хитойнинг 17 миллион долларлик инвестицияси ҳисобига метални чуқур қайта ишлашга ихтисослашган “Ванда гроуп” қўшма корхонаси, Янгиер шаҳрида Туркиянинг 65 миллион долларлик инвестиция киритиши натижасида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Беслер” қўшма корхонаси, шунингдек, Оқолтин туманида Жанубий Кореянинг 3,8 миллион долларлик инвестицияси ҳисобига момиқ сочиқлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Оқолтин текстил” қўшма корхонаси ишга туширилади.
2018 йилда вилоятга қиймати 60 миллион АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестиция киритилди. Бу 2017 йилга нисбатан 3,5 баробар кўпдир.
Қабул қилинган меъёрий ҳужжатларда вилоятда болалар қамрови паст бўлган Оқолтин, Мирзаобод, Ховос ва Сардоба туманларида қишлоқ аҳолиси учун 5 йил муддатга мактабгача таълим муассасаларига болалар қатновига ота-оналар тўлови миқдорига жорий йил июнь ойидан бошлаб 50 фоиз чегирма берилди.
Вилоятдаги бир қатор фермер хўжаликларида 2018-2019 йилларда шоли етиштириш, қайта ишлаш ва сотишни қамраб олувчи кластер ҳамда Оқолтин ва Сардоба туманларида Сингапурнинг “Индорама” компанияси томонидан пахта хомашёси етиштириш бўйича кластер тизимлари йўлга қўйилмоқда.
Аҳоли турмуш даражасини ошириш, уларга ҳар томонлама қулай шароит яратиш борасида ҳам салмоқли ишлар қилинди. Жумладан, ўтган йили вилоят шаҳар ва туманларидаги ички йўллар инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 176,4 километр масофада таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Дастурга қўшимча яна 41,4 километрлик йўл таъмирланди. Қўшимча равишда киритилган ички хўжалик йўлларига 8,6 миллиард сўм маблағ сарфланган. Маблағ тенг улушда республика Йўл жамғармаси ва вилоят маҳаллий бюджети ҳисобидан ажратилди.
–Туман ва шаҳарларда жойлашган кўп қаватли уйларнинг атрофини тартибга келтириш мақсадида 132 умумий фойдаланишдаги санитар-узеллар, 191 та айвонли тандирхона ва 191 та болалар майдончаси қуриб битказилди, – дейди вилоят ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Ж.Иброҳимов. – Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун жами 14,3 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Президентимиз ташрифи чоғида Ховос туманидаги 31 кўп қаватли уйни 2018-2019 йиллар куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш ҳамда уларнинг архитектуравий қиёфасини ўзгартириш юзасидан берган топшириғи ижроси тўла таъминланди. Жумладан, ҳудудда кўп қаватли уйларнинг ички коммуникацияларини алмаштириш, замонавий иситиш тизимлари ўрнатиш, томларни янгилаш, фасад ва кириш йўлакларини таъмирлаш, кодли темир эшиклар ўрнатиш бўйича манзилли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, беками-кўст бажарилди. Ушбу ишлар учун “Ипотека банк”нинг 16,5 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағи жалб этилди.
–Давлатимиз раҳбарининг таклифи билан Гулистон шаҳар Маданият маркази ҳудудидаги улуғ мутафаккир Алишер Навоий ҳайкали мисдан қайта ишланиб ўрнатилиши шаҳар кўркига янада кўрк бағишлади, – дейди вилоят ҳокимлиги ахборот-таҳлил гуруҳи раҳбари А.Ўролов. – Сайхунобод туманида аҳолига замонавий савдо-маиший хизмат кўрсатишни ташкил этиш мақсадида туман марказида “Sayxun Planet” МЧЖ томонидан Тошкент шаҳридаги “Корзинка” савдо маркази намунаси асосида замонавий савдо ва хизмат кўрсатиш маркази фаолият бошлади. Истироҳат боғи реконструкция қилиниб, замонавий аттракционлар ўрнатилди.
Ширин шаҳар Нуробод маҳалласи аҳолисининг бир қисми Ховос туманига кўчирилиши муносабати билан вақтинча молиялаштириши тўхтатиб қўйилган Ховос туманидаги “М-3” хўжаликлараро каналини қуриш ишлари давом эттирилди ва бунга 11 миллиард сўм маблағ сарфланди. Гулистон шаҳар ҳудудидан ўтувчи “Дўстлик” каналининг 1,4 километрлик қисми реконструкция қилинди.
Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини янада юксалтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар давом эттирилмоқда.
А.Қаюмов, ЎзА