Халқ таълими муассасалари тарбиячиларининг ойлик маоши оширилди

2019 йил 1 мартдан бошлаб оилага тарбияга олинган (патронат) ҳар бир бола учун тўланадиган нафақа миқдори 1,33 баробарга оширилди. Энди нафақа пули 820 000 сўмни ташкил қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 февралда “Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ:
• 2019 йил 1 мартдан “Меҳрибонлик” уйлари ва болалар шаҳарчаларининг раҳбар ходимлари ва тарбиячилари, шунингдек, барча турдаги халқ таълими муассасалари тарбиячиларининг базавий тариф ставкаси 1,5 баробарга оширилади ва у умумтаълим мактабларининг тегишлича раҳбар ва педагогик ходимлари базавий тариф ставкасининг 75 фоизи даражасида белгиланади;
• 2019 йил 1 октябрдан “Меҳрибонлик” уйлари, болалар шаҳарчалари раҳбар ходимлари ва олий маълумотли тарбиячилари ҳамда барча турдаги халқ таълими муассасалари олий маълумотли тарбиячиларининг базавий тариф ставкалари миқдорларини умумтаълим мактабларининг тегишли раҳбар ва педагог ходимлари базавий тариф ставкаларига тенглаштирилади, бунда айрим фанлар чуқур ўргатиладиган ихтисослаштирилган таълим муассасалари тарбиячилари учун кўзда тутилган устама бекор қилинади;
Шунингдек,
• 2019 йил 1 мартдан бошлаб оилага тарбияга олинган (патронат) ҳар бир бола учун тўланадиган нафақа миқдори 1,33 баробарга оширилиб, 820 000 сўмни ташкил қилади, кейинчалик инфляция ҳажмидан кам бўлмаган миқдорда ошириб борилади;
• 2019 йил 1 октябрдан бошлаб жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари ва тарбиячиларига меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун ҳар ойда тўланадиган устама ҳақи лавозим маошининг 75 фоизи миқдорида тўланади;
• васийлик ва ҳомийлик органлари ходимларига ўз зиммасига юкланган вазифаларни бажариш билан боғлиқ транспорт харажатларини қоплаш учун ҳар ойда 170 000 сўм миқдорида компенсация тўланади, кейинчалик инфляция ҳажмидан кам бўлмаган миқдорда ошириб борилади;
• болалар уйлари, ногирон болалар учун “Мурувват” интернат уйлари ҳамда сил касаллигига қарши болалар санаторийси тарбиячиларига тегишли тоифадаги давлат мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари учун белгиланган базавий тариф ставкаси миқдорлари қўлланилади;
• оилавий болалар уйлари тарбияловчи ота-оналарининг базавий тариф ставкаси “Меҳрибонлик” уйлари тарбиячилари учун белгиланган базавий тариф ставкасининг икки баробари миқдорида ҳисобланади, бунда меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун амалдаги устама ҳақи бекор қилинади ва “Меҳрибонлик” уйлари тарбиячилари учун белгиланган ҳар йилги таътиллар, имтиёзлар ва кафолатлар бериш тартиби сақлаб қолинади.​​
ЎзА