Қандай китоб ўқияпсиз?

Кечки пайт китоб ўқиб ўтирувдим, телефон жиринглаб қолди. Бу “матаҳ”нинг бемаҳал жиринглаши ҳеч кимга ёқмайди, чунки эл уйқуга ётар пайтдаги қўнғироқлар кўпинча кутилмаган муаммо ёхуд ташвишга рўбарў қилади кишини. Пайпаслаб телефонингизни топиб, у ёқдаги кишининг овозини эшитгунингизча хаёлингиз минг эшикка кириб чиқади.
Шоир Музроб Соҳиб, яъни тепақўрғонлик эски қадрдоним Музроб ака. Ҳол-аҳвол сўрашиб бўлганимиздан кейин:
– Қанақа китоб ўқияпсиз? – деди.
– И-е, қаёқдан билдингиз китоб ўқиётганимни, – ажабландим мен.
– Ҳа энди, одам бунақа пайтда нима қилади, китоб ўқийди-да!
Кимдир менга бундай бу савол берганини эслолмайман. Яхшиям ўқиётганим, йўқса, изза бўлиб қолар эканман.
– Жавдот Илёсовнинг “Согдиана” (китоб рус тилида эди) романини бошладим.
– Ўҳў, роса вақтида тилпон қибман-ку! Зўр роман. У қоғозга туширилаётганда муаллиф билан ҳамхона бўлганим ҳақида мақтанишга бошқа имконият бўмайди, илгариям бўлганмас.
– Йўғ-е?!
– Ҳа. Ўша пайтда Тошкентда Жавдот ака билан бир хонадонда ижарада турардик.
Шу билан суҳбатимиз телефонларимизнинг охирги центигача чўзилиб кетганини у ўчиб қолгандан кейингина билдик. Лекин пулимизга ачинмадик. Мен Жавдот Илёсов ҳақида анча нарса билиб олганимга (ўйлаб қарасам, бу ёзувчи ҳақида айтарли билмас эканман), Музроб ака эса, назаримда, ширин хотиралар бисотини бир “шамоллатиб олиш” ёки ўзи айтганидек, “мақтаниш” имкониятига эга бўлганидан хурсанд эдик. Кейин ҳам Музроб ака билан бу мавзуда кўп суҳбатлашдик.
“Қандай китоб ўқияпсиз?”
Яхшилаб ўйлаб кўрайлик-чи, бизга бу саволни ким, қачон берган ва биз ҳам бировдан буни ҳеч сўраганмизми? Эслолмадингиз-а?!
Чунки, бугунги кунда телефонда гаплашаётган хотин-қизларнинг суҳбат мавзуси қайнона-келин ёки қудалар ҳақида ғийбат ёхуд тўй сарполари ҳақида бўлади: “Келиним пайшанба куни уйидан жомдан каттароқ хитой тоғорасида ош кўтариб келса, денг. Ҳе, шунақа кичкина тоғора чиқармай хитой ўлсин, деб башарасига отиб юбордим ошини!..”
Эркакларда эса пул ташвиши: “Қоғоз” қанақа бўлаяпти, “майдалаш” керак эди…”, “Шипирри сотмай тур, симен зовути тўхтабди, эртага шипирриям нархи кўтарилиб кетади, ўшанда харидорри қантари-иб туриб икки баробарига урамиз…”. Ёшларни-ку қўяверинг, телефонда ўзларининг тили билан айтганда, “роса оқишади”.
“Қандай китоб ўқияпсиз?”
Билмадим, агар аҳоли ўртасида шундай ижтимоий сўров ўтказилса, “респондент”лардан неча фоизи унга аниқ ва қониқарли жавоб берар экан? Оддий кишилар у ёқда турсин, иши, ўқиши тақозоси билан китоб варақламаса бўлмайдиган зиёлилар ҳам илгаригидек мутолаа қилмай қўйгандек, назаримда. Бундай хулосага биргина юзаки таҳлил орқали келиш мумкин: 1984 йилда Жек Лондоннинг 555 саҳифали ҳикоялар тўпламини Тошкентдаги “Ўқитувчи” нашриёти рус тилида 350 минг нусхада чоп этди. Эътибор беринг: 555 САҲИФА! Китобнинг оғирлиги нақд ярим кило келади.
Ўшанда ТошДУ талабаси эдим ва ижара уйда турардим. Қўшни ҳовлида эса кечки бўлимда ўқиб, кундузи Навоий кўчасидаги ўша китоб чоп этиладиган полиграфия комбинатида ишлайдиган қизлар яшар эди. Уларнинг олдига кунда-кунора икки-уч киши келиб, Жек Лондоннинг давлат нархи 2 сўм 50 тийин турадиган ўша китобидан ўн баробар қимматига – 25 сўмга бўлса ҳам топиб беришни илтимос қилганига ўзим гувоҳ бўлганман. Ўша пайтда адашмасам, Ўзбекистон аҳолиси 16-18 миллион атрофида эди. Қаранг, шунча нусхада чиқарилган китобни дўконлардан топиб бўлмас эди. Бугун-чи? Бугун энг зўрман деган ёзувчининг энг зўр асари ҳам 5000, нари борса 10000 нусхадан ортиқ чоп этилмаяпти ва улар ҳам дўконларда йиллаб чанг босиб ётибди. Ёзувчиликни касбга, бизнесга айлантириб олган “қаламкаш“ларнинг бадииятга мутлақо алоқаси йўқ бозорбоп китоблари бундан мустасно, албатта.
Бу нимадан далолат беради? Бу нафақат ёшлар, балки биз катталар ҳам китобдан йироқлашиб бораётганимиз далили эмасми? Эҳтимол, биз шунчалик ақлли бўлиб кетганимиздан китоб ўқишга эҳтиёж қолмагандир ё аксинча, ақлан заифлашиб, ўқишни ҳам унутиб қўйдикми? Ваҳоланки, яхши китоблар юз минглаб нусхада чоп этилиб ҳам эҳтиёжни қондириб бўлмаган ўша даврда луғатимизда “маънавият” деган сўз йўқ эди. Ҳа, маъно, маъноли, бамаъни, бемаъни, маънисиз каби сўзлар бор, аммо айнан “маънавият”нинг ўзи йўқ эди. Бироқ китобхонлик даражаси анча баланд эди.
Ўқувчилик йилларимизда 8 март байрамида синфдош қизларга ёппасига китоб совға қилар ва улар ҳам ўғил болаларни ҳарбийлар байрамида шундай туҳфа билан табриклар эди. Ота-онам оддий ишчи бўлишса-да, бир қатор газеталар қатори “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” каби журналларга албатта обуна бўлишар ва оиламизда улар талашиб ўқиларди.
Бугун-чи? Ҳар икки жумламизнинг бирида маънавият, маърифат сўзлари, амалда эса… Бугун ёшлар орасида момиқ ўйинчоқ айиқ, катталар орасида эса “6+1”, яъни шундай белги қўйилган, ичида олтита пиёла билан битта чойнак бўлган қутини зарқоғозга ўраб совға қилиш урфга кирди. Китобдан яхши-да, китобга чой қуйиб ичиб бўлмаса…
Бир дўстим: “Барахловка” бозорига чиққандим, роса сиз борадиган жой экан, эски китоблар арзон-арзон сотиларкан, манам тандир-печкага тутандириқ учун уч-тўртта олиб келдим”, деб қолди. Изоҳга ҳожат йўқ!..
Бугун фарзандларимиздан “Инстаграм“ни сўрайлик, “Телеграм“ни сўрайлик, “Фейсбук“ни сўрайлик, лекин асло “Алпомиш”, “Фарҳод ва Ширин”, “Ўткан кунлар”, “Юлдузли тунлар”, “Улуғ салтанат”, “Отамдан қолган далалар” асарлари ҳақида сўрай кўрмайлик. Жаҳон адабиётидан эса асло сўз очмаганимиз маъқул. Чунки, ўғлимиз ёки қизимиз “Дада, шу китобларни ўзингиз ҳам ўқиганмисиз?” деб сўраб қолса, хижолатда қоладиган кўринамиз.
Биз маънавият ҳақида жар солиб юрган давримизда мактаб кутубхоналари, қишлоқ кутубхоналари йўқ бўлиб кетди. Қолганлари ахборот-кутубхона маркази, ахборот-ресурс маркази, деб қайта номланиб моҳиятан нуфузи тушириб юборилди. Натижада бу марказларга “китобхонлар” китоб ўқиш учун эмас, у ерда интернетга уланган компьютерлар борлиги учун, улар ёрдамида тайёр мавзуларни кўчириб реферат, диплом ишини “ёзиш” учун борадиган бўлиб қолди.
Кирилл алифбосида бўлгани ва, энг ачинарлиси, ғоявий, сиёсий мазмунидан қатъи назар, титул варағида эски тузум тамғалари бўлгани, аннотациялари ўша давр руҳини акс эттирувчи сўзлар билан бошлангани учунгина миллионлаб нусха китоблар, билмадим, ёппасига олиб чиқиб ташланди. Ваҳоланки, “Бургага аччиқ қилиб кўрпани куйдирмай“, ўша бизга ёқмаган тамғалар устига бир парча қоғоз ёпиштириб қўйиб, жуда бўлмаса титул варағини йиртиб ташлаб китоблардан фойдаланиш мумкин эмасмиди?
Хуллас, ўзимиз сезмаган ҳолда маънавий инқироз жари ёқасига шу қадар яқин келиб қолибмизки, оқибатда Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида” фармойиш чиқаришни мақсадга мувофиқ топиб, кўзимизни очиб қўйди. Миллат фожиасининг олдини олишга қаратилган бу фармойиш чиқмаганда, билмадим, қуруқ маънавият сўзини байроқ қилиб қаёққа қараб кетаётган эдик?..
Биз бугун китоб сотиб олиш ва китоб ўқишдан бошқа ҳамма нарсага вақт ҳам, маблағ ҳам, тоқат ҳам топаяпмиз. Юқоридаги саволга кўпчиликдан “Э-э, китоб ўқишга вақт қайда!” деган жавоб олишингиз тайин. “Вақт йўқ”лиги бир баҳона эканига жуда кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин.
Юк машинаси ҳайдайдиган бир дўстим бор. Қурилиш материаллари бозорига чиқади. Кўпинча Андижон томонларга қатнайди. Кунларнинг бирида у билан бирга бозорга тушдим. Ҳатто унга шерик бўлиб Андижонни айланиб келмоқчи бўлдим. Эрталаб соат саккизларда “петак”да эдик. Узоғи билан бир соатда бирор “клиент” чиқади-ю, жўнаймиз деб ўйлабман. Қаёқда! Ўша куни соат нақд тўртларгача кутдик. Биров машина сўрамади. Ўтган саккиз-ўн соат мобайнида ҳайдовчилар машина соясида тўп-тўп бўлишганча “пирра” ташлашди. Карта ўйнамаганлари ё телефон ўйнаб ўтирди, ё ухлади. Ана сизга, ВАҚТ ЙЎҚ, деганлари.
Ёхуд бошқа бир мисол. Юртимизда ҳар қадамда катта-кичик тижорат дўконлари, сартарошхоналар ва бошқа хизмат кўрсатиш шохобчалари ишлаб турибди. Қани айтингчи, шулардан қайси бирига кирганингизда харидор ё мижоздан холи пайтда сотувчи ёки устанинг китоб ўқиб ўтирганини кўргансиз?
Буларни ўқиб “Вой-бўй, жуда ваҳима қилиб юборибсиз-ку”, дейишингиз мумкин. Ҳа, китоб ўқисак ҳам, ўқимасак ҳам умримиз ўтаверади. Лекин бир нарсани унутмаслик керак: ҳозир биз қачонлардир ўқиган, ёзган-чизган, олган билимларини ҳаётга татбиқ қилиб келаётган инсонлар шарофати билан шундай кунларга етиб келдик. Ва биз ҳали- ҳануз жаҳон илм-фанига тамал тоши қўйган буюк алломалар авлоди эканимиздан фахрланиш билан ҳаволаниб юрибмиз. Уларга муносиб, яна минг йиллардан кейин авлодларимиз биз билан ҳам фахрланадиган бўлиши учун, аввало, оддий мутолаа маданиятига эга бўлмасак, бугунги саъй-ҳаракатларимиз самарасиз, минбарларда айтаётган гапларимиз қуруқ бўлиб қолмасмикан? Зеро, пайғамбаримизга ҳам илк ваҳий “Иқро”, яъни “Ўқи” деган хитоб тарзида нозил бўлгани ва у уч бор такрорлангани биз учун дастуриламал бўлмоғи лозим.
Қуруқ мулозаматларга бўктирилган ҳол-аҳвол сўрашнинг охирида, ўрни бўлса албатта, бир-биримиздан сўраб турсак ёмон бўлмасди:
“Қандай китоб ўқияпсиз?”
Акромжон Сатторов, ЎзА