Қулоғингга эҳтиёт бўл!

Жамоат транспорти, кўча-кўйда қулоғини, борингки, бутун хаёлини наушник билан банд қилган ёшлар ҳақида кўп гапирилади. Бир ҳисобдан сийқаси чиққан мавзу. Шунга қарамай, унга яна қайтишни лозим топдик.
Куни кеча Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янгиликлар хизмати ўта муҳим ва айни чоғда анча хавотирли маълумотни тарқатди. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (БССТ) хулосасига кўра, яқин истиқболда Ер юзи аҳолисининг салкам 1,1 миллиарди кар бўлиб қолиши мумкин. Эътибор беринг, гап ўрта ёки катта авлод эмас, балки 12-35 ёш оралиғидаги тенгдошларимиз ҳақида бормоқда.
Ёшларнинг эшитиш қобилиятини батамом йўқотишига баланд товушларга одатланиши сабаб қилиб кўрсатиляпти. Ҳарқалай, бундай ҳолат навқирон авлод вакилларининг ҳаёт тарзига бегона эмас. Айтайлик, наврасталар хуш кўрадиган тунги клуб каби кўнгилочар ёки дам олиш масканларида юқори децибелли мусиқа янграйди. Овоз кучайтиргич ускуналари инсон саломатлигига нечоғлиқ салбий таъсир кўрсатишини эса, ортиқча изоҳлашнинг кераги йўқ.
Буни ҳам қўятуринг,

ҲОЗИР ДЕЯРЛИ ҲАР БИР ХОНАДОНДА ТЕЛЕВИЗОР БОР. ЁШ БОЛАСИНИ КЎРСА-КЎРМАСА УЗУКУН ТЕЛЕВИЗОР ҚАРШИСИДА ЎТИРҒИЗИБ ҚЎЯДИГАН ЁШ ОНАЛАР ОЗ ДЕЙСИЗМИ. КЎЗИНИ ОЧИШИ БИЛАН ЗАНГОРИ ЭКРАН ЁҚИЛМАСА ЁКИ ТЕЛЕВИЗОР ШОВҚИНИНИ БИРПАС ЭШИТМАСА ТУРОЛМАЙДИГАН ГЎДАКЛАРНИ АЙТМАЙСИЗМИ. МАНА ШУЛАР УЛҒАЙГАЧ, ҚУЛОҒИДАН НАУШНИК ТУШМАЙДИГАН, МУСИҚАНИ БАЛАНДЛАТИБ, АТРОФНИ УНУТИБ ҚЎЯДИГАН ЁШЛАРГА АЙЛАНМОҚДА. ОҚИБАТИ ЭСА, ЎЗИНГИЗ АНГЛАГАНДЕК, ЖУДА АЯНЧЛИ.
Ишонинг, дўстим, олиму мутахассислар бонг урганича бор — наушник балоси инсониятга жиддий хавф туғдираётгани уйдирма ёки бўрттирма гап эмас. Буни фақат муайян мамлакатларга хос муаммо, деб ҳам бўлмайди. Қулоқни қоматга, вужудни жазавага, қалбни жунбишга келтирувчи шовқин-сурон мусиқага одатланиш аллақачон глобал муаммо даражасига етган. Яна рақамларга юзлансак.

БУТУНЖАҲОН СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ТАШКИЛОТИ ЯҚИНДА БЕРГАН БАЁНОТИДА ДУНЁДА 466 МИЛЛИОН КИШИНИНГ ЭШИТИШ ҚОБИЛИЯТИ ЗАИФЛАШГАНИНИ МАЪЛУМ ҚИЛГАН. БУ САЛМОҚ САЙЁРАМИЗ АҲОЛИСИНИНГ 5 ФОИЗИДАН ОРТИҒИНИ ТАШКИЛ ҚИЛАДИ. ЯНАДА ХАВОТИРЛИСИ, 2050 ЙИЛГА КЕЛИБ ЭШИТИШ БИЛАН БОҒЛИҚ МУАММОЛАРДАН ҲАР ЎНИНЧИ ОДАМ АЗИЯТ ЧЕКИШИ ТАХМИН ҚИЛИНМОҚДА. УЛАРНИНГ АСОСИЙ ҚИСМИ ЁШЛАР ҲИССАСИГА ТЎҒРИ КЕЛИШИ ЭҲТИМОЛДАН ХОЛИ ЭМАС.

Ушбу салбий тенденция билан курашиш мақсадида БССТ экспертлари смартфон, рақамли аудиоплеер, планшет ва бошқа турдаги замонавий гаджетларга товуш баландлигини маромга келтирувчи махсус қурилма ўрнатишни таклиф қилмоқда. Ташкилот эксперти Шелли Чадханинг қайд этишича, бундай ноу-хау ўзига хос “спидометр” вазифасини бажариб, смартфон эгаси мусиқани қанча вақт мобайнида тинглаётгани ва товуш баландлигини автоматик тарзда аниқлай олади. Борди-ю, белгиланган меъёр бузилса, “спидометр” товушни пасайтиради. Муҳими, мазкур тизим ёрдамида ота-оналар фарзандлари ўз қулоғига жабр қилиб қўймаслигини назорат қилиши мумкин.

Наргиза УМАРОВА