ҲАЙИҚМАГАН БОЛА БЕБОШ БЎЛАДИ

ёхуд маънавиятни Анзират бувидан ўрганайлик

Ота-она борки, фарзандини ҳар томонлама камол топиши, маърифатли, одоб-ахлоқли, меҳр-мурувватли ва соғлом бўлишини хоҳлайди. Бу йўлда бор куч ва имкониятини сафарбар этади. Емай-едиради, ичмай-ичиради, киймай-кийдиради. Лекин шунга қарамай, кўп ҳолларда натижа бунинг акси бўлиб чиқади. Кўз илғамас хатолар туфайли болалар меҳрсиз, оқибатсиз, ориятсиз бўлиб ўсади. Шу ўринда савол туғилади: нега ўзбек оилаларида ҳам бола тарбиясида бўшлиқ пайдо бўлмоқда? Нега ота-оналарнинг фарзандларига таъсири сусайиб бормоқда? Айб кимда?

Энди ушбу саволларга жавоб изласак. Кўпчилик билади, бу мавзуда баҳс кечганда, ёши катталарнинг аксарияти “Бизнинг даврда ҳаёт бошқача эди, ҳозир замон ўзгариб кетди, ёшларга гап уқтириш қийин бўлиб бормоқда, ёшлар катталарни менсимай қўймоқда”, дея айбни ёшларга тақайди. Айб замонга, ёшларга юкланади. Ваҳоланки, ҳар нарсани замонга тақаб қўйиш, замонни сўкиш, ундан нолиш ҳам ярамайди. Зеро, муборак ҳадисларда “Замонни сўкманглар, Аллоҳнинг ўзи соҳиби замондир”, деб айтилган.
Агар ёшлар билан мулоқот қилсангиз, уларнинг баъзилари “Бобо-момоларимиз яшаган давр бош­қача бўлган экан, лекин бизнинг замонда ўйнаб-кулмасак, хоҳлаганимизни қилмасак бўлмайди”, дея ўзини оқлашга ҳаракат қилади. Катталар эса, бунга изн беради. Мана, сизга катталар ва ёшлар дунёқарашида пайдо бўлаётган маънавий бўшлиқ! Ўйлаб қоласан, киши. Аслида, айб кимда? Катталардами ёки ёшларда?
Қарс икки қўлдан чиқади, де­йишади. Лекин чуқур ўйлаб, “тарози палласига” қўйилса, кўпроқ айб биз, катталарда эканига амин бўламиз. Нега? Чунки, фарзанд тарбиясида биринчи ўринда масъ­ул ким? Албатта, ота-она, яъни сиз ва биз. оилада болага тарбия­ни ота-она беради. Шу боис қуш
уясида кўрганини қилади, деб айтилган. Демак, фарзанд тарбиясини тўғри йўлга қў­йишда, аввало, биз, ота-оналар барча масъулиятни зиммамизга олишимиз, уларни ўз вақтида ножўя ҳаракатлардан қайтариб туришимиз шарт. Катталар томонидан ўз вақтида берилмаган танбеҳ болани ҳеч кимдан ҳайиқмаслигига олиб келади. Бу ҳолат унинг бебош ва худбин бўлиб ўсишига замин яратади.
Бола кўпроқ кимдан ҳайиқиши керак? Албатта, оилада ёши катталардан, яъни бобо-момо, ота-­онадан, маҳалладошларидан, ўқитувчиларидан.
Энди яна бир саволга жавоб излаймиз. Танбеҳ бермаслик, дакки эшитмаслик, ҳеч кимдан ҳайиқмаслик қандай салбий оқибатларга олиб келиши мумкин? Ўзбек оиласида асрлар оша шаклланиб келган қайси фазилатларни бой бериш мумкин?
Буни англаб олиш учун, аввало, ўзбек оиласига хос баъзи бир фазилатларга тўхталиб ўтиш жоиз, деб ўйлаймиз. Маълумки, ўзбек оиласининг уйқудан эрта туриш, юз-қўлини ювмасдан саломлашмаслик, ёши катталарга салом бериш, нонушта тайёрлаш, қизлар, келинлар томонидан сув сепиб, ҳовлини супуриш, дастурхон тўрига ёши улуғларни ўтқазиш, нонни улар ушатиши, таомга биринчи катталар қўл узатиши, ишга ёки ўқишга кетишдан олдин бобо, буви ёки ота-оналардан дуо олиш каби ўзига хос ички қонун ва қоидалари, ахлоқий мезонлари бор. Бундай фазилатларни яна кўплаб санаш мумкин.
Масалан, ўзбек оиласи одобига кўра, катта ёшлилар болаларга, балоғатга етган фарзандлар эса, катталарга очиқ-чочиқ ҳолда кўринмаган, бачкана қилиқлар қилмаган, уятсиз сўзлар айтилмаган. Бу аждодларимиздан бизгача етиб келган, аммо баъзи оилаларда унутилаётган миллий қадрият ҳисобланади.
Эътиборлиси, фарзандлар ёши катталардан ҳайиқиш баробарида, уларнинг салобати таъсирида ўзларини ножўя хатти-ҳаракатлардан тийган. Бу шарқона тарбиянинг бир унсури бўлган.
Ҳозирда ёшларнинг аждодлардан мерос бўлиб келаётган ушбу ахлоқ меъёрларига зид ҳаракатлар қилиши, яъни бемалол сўкиниши ёки очиқ-чочиқ кўча-кўйга чиқиши оддий ҳолга айланиб бормоқда. Бу айнан оила ёки маҳаллада ёшларнинг катталардан танбеҳ, дакки эшитмаслигининг дастлабки мевасидир. Ачинарлиси, танбеҳ-дакки эшитмаслик, ҳеч кимдан хайиқмаслик каби ҳолатлар ёшларнинг ўзбек оиласига хос бўлган фазилатлардан бебаҳра қолишига ҳамда оилада ота-она ва фарзандлар ўртасида турли тушунмовчилик, низоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Бундай салбий ҳолатлар юзага келмаслиги учун айбни кимдандир ахтармаслик ва кўпроқ айб ўзимизда эканини тан олган ҳолда, бола тарбиясидаги барча масъулиятни зиммамизга олишимиз кифоя.
Тўғри, танбеҳ-дакки бериш ҳам катта масъулият. Ёшларга танбеҳ беришдан олдин, ўзимиз уларга намуна бўла оляпмизми? Ўзимиз ёлғон гапириб, ёшларга ёлғон гапирма дейишга ҳақлимизми? Ўзимиз ичиб-чекиб юрсак-да, ичма-чекма, ўзимиз сўкиниб, сўкинма, уят бўлади, дейишга ҳақлимизми, деган саволларга жавоб излашимиз ва бунинг ечимини топишга ҳаракат қилишимиз лозим.
Болага берилаётган танбеҳ ва даккилар таъсирчан ва натижадор бўлиши учун, аввало, тарбия берувчиниг ўзи жамиятда, оилада иззат-ҳурматга, эътиборга сазовор бўлиши керак. Худди “Суюнчи” фильмидаги Анзират буви каби. Бир эслайлик. Фильм қаҳрамони Анзират буви умри давомида барча қишлоқдошлари, асосан, ёшларга танбеҳ бериб, уларнинг маънавиятидаги бўшлиқни тўлдиришга ҳаракат қилади ва бунга эришади ҳам. Касалхонада ётган отасидан хабар олмаган фарзанд Анзират бувининг даккисидан кейин қандай ҳолатга тушганини, қандай ҳаракат қилганини миллий фильмимиз сўзлаб турибди. Эътибор қилсак, Анзират бувидан каттаю кичик барча қиш­лоқдошлари ҳа­йиққанининг гувоҳи бўламиз. Нега? Чунки Анзират буви қишлоқ аҳлининг ҳурмат ва эътиборини қозонган, меҳр-мурувватли, маънавиятли онахон бўлган. Китоб ўқиб, фильмларни кўриб борамиз-у, негадир улардан керакли сабоқ олишга уринмаймиз.
Бир сўз билан айтганда, қачонки, биз, ота-оналар улуғ аждодларимиз каби фарзандларимиз тарбиясига жиддий эътибор қаратиб, уларни ёмон йўллардан қайтарсак, ўрнак кўрсатиб, намуна бўлсак, албатта, ёшларимиз комил инсон бўлиб вояга етишига эришамиз.
Зеро, фарзандларни асраб-авайлаб вояга етказиш, оилага, жамиятга нафи тегадиган чин инсон қилиб тарбиялаш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Комилжон СУЛТОНОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
масъул ходими