“Green card” талвасаси

Халқимизда “Юрт жамоли — миллат кўрки” деган нақл бор.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда юртимизда юз бераётган ўзгаришлар — шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасининг таниб бўлмас даражада чирой очаётгани, иқтидор эгаларининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаёт­гани, жамият ҳаёти фаровонлашиб, одамларимиз онгу шуури, қалби янада покланаётганини ҳаммамиз кўриб турибмиз.

Афсуски, ана шундай кенг имкониятлардан баҳраманд бўлиб яшаш ўрнига хорижда бахт топиш илинжида юрган ва “Green card” талвасасига тушиб қолган ёшларимиз ҳам бор. Туман марказларидаги аҳоли гавжум жойларда “Green card” билан тезда бойиб кетиш имкониятини қўлдан бой берманг!”, “Сизни Америкада шоҳона ҳаёт кутяпти” каби чақириқлар қулоққа чалинади. “Бир думалаб” бойиб кетишни орзу қилган баъзи инсонлар эса, шу алдовларга учиб, аввал тинчи, кейин эса, бутун ҳаёти бузилмоқда.
“Green card” ютган қизларни-ку, асти қўяверинг. Уларнинг ошиғи олчи. Бир зумда “давр қаҳрамони”га айланади. Атрофида йигитлар парвона. Ўша “куёв болалар”нинг ҳолини кўриб на кулишингни, на йиғлашинг­ни биласан. Уларнинг хаёли фақат бир фикр билан банд: тезроқ уйланиб олса-ю, Америкага жўнаб кетса!
Бир куни таҳририятимизга Жомбой туманлараро маъмурий суди ходими, “Эрганакли” маҳалласида истиқомат қилувчи Бобур Ўролов келди. Суҳбатимиз юқоридаги мавзуга тақалганида у қизиқ воқеани айтиб берди: “Қўшни туманда қадрдон дўс­тим яшайди. Ўтган йили ота-онаси уни севган қизига уйлантирди. Тўйда биз, собиқ курсдош­лар ҳам иштирок этиб, икки ёшнинг турмуши тотли бўлишини тиладик. Орадан тўрт-беш ой ўтгач, дўстим билан алоқамиз узилди. Кейин билсам, у қўшни қишлоқдан “Green card” ютган бир қиз билан қаттиқ “севишиб қолибди”. Турмуш ўртоғи билан ажрашиб, “севгилиси” билан Америкага жўнаб кетибди”.
— Қўшни қишлоғимиздаги бир йигит “Green card” ютиб олди, — дейди биз билан суҳбатда “Бўдана” маҳалласида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Абдураҳмон Қоржовов. — Эртаси кунидан бошлаб нафақат туманимиз, ҳатто бошқа вилоятлардан ҳам уникига тинимсиз “совчилар” келиб: “Сизлар билан қуда бўлайлик. Ўқимиш­ли, одобли, пазанда қизимиз бор, керак бўлса, барча тўй харажатларини ўзимиз кўтарамиз”, — деб қўймаётган экан.
Ажабо, бу нимаси?! Бойлик дардида одамлар эсини еб қўйганми?! Уят-ку, ахир! Андишасизлик ҳам эви билан-да!
Яна бир суҳбатдошимизнинг ҳангомаси юқоридагилардан ҳам ошиб тушди. Унинг айтишича, яқинда уйланган йигит “Green card” ютиб олибди. Оила иқтисодий жиҳатдан қийналиб қолгани боис, эр-хотин ўзаро келишиб бир иш қилган. Йигит мол-давлати ўзига етарли бўлган яқин дўстига вазиятни тушунтириб, хотинини расмиятчилик учун қонуний никоҳига олиб, бирга ўша “орзулар мамлакати”га жўнаб кетишни таклиф қилибди. Лекин: “У ерда ишга жойлашиб олгач, олти ойдан сўнг ўз ҳисобингиздан мени чақириб оласизлар”, — деб шарт қўйибди. “Ёлланган эр” барча шартларга кўнибди. Кўп ўтмай, сохта эр-хотин океан ортига жўнаб кетибди. Минг афсуски, орадан ярим йил ўтса ҳамки, улардан дарак бўлмабди. Бир йил ўтар-ўтмас, улар Америкада фарзанд кўрибди. Шундан кейин турмуш ўртоғи собиқ эрига телефон қилиб: “Мени кечиринг, ўғлимизга тўй қилганимизда бошида турасиз”, — дебди. Ўз жуфти ҳалолини дўстига “тортиқ” этиб юборган йигит аламидан ҳанузгача бошини чангаллаб, ўзини-ўзи ко­йирмиш.
Халқимиз ор-номус тушунчасини ҳамиша устун қўйган. Қиз боланинг ­уйидан йигитга совчи юборилмаган. Эркак ўз хасмини бировга қўшқўллаб топширмаган. Бундай ишлар биз, ўзбеклар учун иснод саналади! Наҳотки ўткинчи ҳою­ ҳавас­ни деб йигитлик ғурурини поймол этиб, оила шаънига доғ тушириш даражасига етган бўлсак?!
Яқинда иш юзасидан тумандаги Иқтисодиёт ва сервис коллежига бордим. Тадбирдан сўнг бир пиёла чой устида коллеж директори Жамол Идибоев билан суҳбатлашдик. У қизиқ воқеани айтиб берди: “Туман рўзномасида чоп этилган “Green card” можаросига оид мақолангизни катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Менинг бошимга ҳам шундай савдо тушган. Хонада ўтирсам, бир одам эшикни тақиллатиб келди. Уни дарҳол танидим. Кўп йиллар мобайнида туманда масъ­ул вазифаларда ишлаган. “Келинг, хизмат”, — дедим муло­йимгина. У киши ўзини менга яқин олиб, гап бошлади. Суҳбатимизни айнан келтираман:
— Шу десангиз, қариндошимизнинг қизи “Green card” ютганди. Коллежингизда ўқир экан, дип­ломи керак бўляпти, — деди у.
— Коллежни тамомлаётган ўқувчиларнинг барчаси дипломини ўз вақтида олади. Бу муаммо эмас, — дедим.
— Мени нотўғри тушундингиз. У қиз айрим сабабларга кўра ўқишни ташлаб қўйган. Шунинг учун сиздан ёрдам сўраб келдим, ука. Қанча харажати бўлса тортинмай айтаверинг. Ҳаммасига тайёрмиз! Тўғрилаб берсангиз, бўлди. Йўқса, “Green card”и куйиб кетади!
— Узр, мен қонунга хилоф иш қилолмайман.
Суҳбатдошим гапни шартта бўлиб:
— Қўйсангиз-чи, ука. Бу дунёда битмайдиган ишнинг ўзи йўқ. Рости, қизни унаштириб қўйишган экан. Қариндошимизга катта пул бериб тўйини қайтардик. Қизини ўғлимизга қайта унаш­тирдик. Шунча пулга куйиб қолишим керакми энди?! Қудамнинг юзига қандай қарайман? — деди норози оҳангда. Мен ҳам ён бермадим:
— Куясизми, ёнасизми менга барибир. Диплом олиб бериш қўлимдан келмайди, тўғри тушунинг, ака.
Бояги киши ўрнидан сапчиб турдию, жаҳл билан гапира бош­лади:
— Сени туппа-тузук одам деб юргандим. Қўлингдан иш келмайдиган, бир нонемас экансан! Ҳайф сенга директорлик! Сен бўлмасанг бошқаси ишимни ҳал қилиб берар.
Кейин эшитсам, эшигимни тепиб чиқиб кетган ўша одам ишни барибир битказа олмабди.
Ҳа, юқоридаги каби хунук воқеалар оддий ҳолга айланиб бораётгани юракни ғаш қилади, албатта. Илож қанча. “Green card” талвасасига йўлиққан ёшлар на ота-онаси, на маҳалла-кўй, на амалдаги қонунларимизни билади. Шу жумлаларни ёзяпман-у, ўзимнинг бошимдан ўтган бир воқеа ёдимга тушди.
Отам — Қосим Ғаффор ўғли I гуруҳ ногирони эди. Иккинчи жаҳон урушида Германиянинг Эльба дарёси бўйида кечган аёвсиз жангда кўк­рагидан оғир жароҳатланиб, гос­питалга ётқизилган. Уруш тугагач, Львов шаҳридаги ҳарбий авиация қисмларининг бирида хизматни давом эттирган. Киевда ҳам бир неча бор бўлган. 1946 йили хизматдан қайтган. Давраларда ўша даврни кўп хотирларди. 60-йилларнинг ўрталари бўлса керак, қуролдош дўстларининг таклифи билан Украинага бориб, хизмат қилган жойларини зиёрат қилиб келди. Менга, айниқса, Киев шаҳри ҳақида тез-тез ҳикоя қилиб берарди. Шу сабаб бўлса керак, мактабдан ке­йин Киевда ўқишга қатъий аҳд қилдим. Тарас Шевченко номидаги Киев давлат университети ректори номига ниятимни баён этиб хат ёздим. Ректор: “Ўқишни уддалаб кетолсанг, марҳамат”, — деб жавоб берганди. Ўша кундан оилавий шароитни ҳам ҳисобга олмай, Киевга кетиш истагида ёна бошладим. Отам, амакиларим мени шу мақсаддан қайтариш учун уйимизга барча қариндош-уруғларни ва қишлоқ оқсоқолини йиғди. Аммо менга ҳеч ким бас келолмади. Отам молини сотди. Амаким мени Киев шаҳрига олиб борди. Киев давлат университети ректори билан ғойибона танишлигимиз сабаб, мендан фақат суҳбат тарзида имтиҳон олинди. имтиёзли равишда ўқишга қабул қилиндим. Номус кучлилик қилиб, уч ой зўрға ўқидим. Деканатдагиларнинг қаттиқ қаршилик кўрсатганига қарамай, ўқишни ташлаб кетдим. Чунки қиш­лоқни, айниқса, бобо-бувим, ота-­онамни жудаям соғингандим. Кўҳна Киев шаҳрининг бир-биридан кўркам, салобатли кўчалари ҳам, Днепр дарёсининг кўзни қамаштирувчи бетакрор мавжлари ҳам кўзимга кўринмасди. Бегона юртда мени ҳеч қандай куч бир лаҳза ҳам ушлаб туролмасди. Шаҳар узра учаётган самолётлар, темир излар устида ҳаракатланаётган поездлар ҳам худди Тошкентга кетаётгандай туюлаверарди менга. Юрагим орзиқиб, орқасидан узоқ вақтгача тикилиб
қолардим…
У вақтлари телеграммалар жуда қисқа ёзиларди. Соғинч қийнайвериб, охири, уйга: “Ота, салом, дод-вой десангиз ҳам ўқишнинг бу ёғи тамом”, деган мазмунда телеграмма жўнатишга мажбур бўлдим. Кейин машҳур шоиримиз Муҳаммад Юсуф: “Римни алишмас­ман бедапоянгга”, деганларидек, Киев шаҳрининг гўзаллигини киндик қоним тўкилган қишлоғимга алиштирмай, соғ-саломат уйга етиб келдим. Ота-она, қишлоқ, юрт соғинчи нақадар муқаддас, улуғ бир туйғу эканини ўшанда анг­лаб етганман.
Ғайрати ичига сиғмай, тўлиб-тошиб бораётган, “тоғни толқон қилиш”га чоғланаётган ва минг афсус­ки, кўзига ҳеч нарса кўринмай чет элга равона бўлаётган ёшларимизга қарата: “Шунчалик куч-қудрат ва салоҳиятга эга экансан, қурбинг етар экан, Американи она Ватанингда ота-онанг, ўлан тўшагинг бағрида очиб, барчани қойил қолдирмайсанми?!” — дегим келади.
Ёшларни-ку, қўя турайлик, ёши бир жойга бориб қолган, олтмишдан ошган кексаларимиз ҳам қўйиб берса “Green card” соҳибига айланиб, бир зумда “орзулар мамлакати”да бўлиб қолишни хоҳлайди. Улар учун Америка нақ жаннатнинг ўзгинаси. Қадам ранжида қилсанг бас, миллионер бўласан, қўясан!
Мана шундай майл-истакни қондириш учун баъзи юртдошларимиз пасткашликка бориб, ҳатто жиноят қилишдан ҳам тоймаяпти.
Яқинда Жиноят ишлари бўйича Жомбой туман судининг “Деҳқонобод” маҳалласида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида “Green card” билан боғлиқ катта можаро кўриб чиқилди. Жиноят бир гуруҳ ёшлар томонидан “Каттақиш­лоқ” маҳалласи ҳудудидан ўтадиган М-39 автомобиль магистрал йўлида содир этилгани ва унда жиноятчининг отаси, нуроний бир одамнинг ҳам бевосита иштирок этгани ажабланарли. Тергов жараёнида маълум бўлишича, “Сайилтепа” маҳалласида яшовчи, ўрта махсус маълумотга эга бўлган Санобар Адашева (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бахтини синаб кўриш мақсадида катта орзу-умидлар билан туман марказига келиб “Green card” ўйинида қатнашади. Орадан маълум вақт ўтгач, у ютуқ соҳибига айланган. Бироқ Санобарнинг ўзи бундан бехабар эди. Мана шу тахлит баҳор ойларида “Green card” можароси бошланган.
“Каттақишлоқ” маҳалласида истиқомат қилувчи Аброр Раҳмонов олий маълумотли бўлса-да, ҳанузгача ишга жойлашмагани оила аъзоларини анча эзиб қўйганди. Аброрнинг бир ошнаси нуфузли идоралардан бирида айнан “Green card” масаласи билан шуғулланади. Қайсики фуқарога ушбу ютуқ чиқса, аввало, шу одам хабар топарди. Аброр ўша дўсти билан тез-тез қўнғироқлашиб турарди. Кунларнинг бирида дўстига сим қоқиб: “Туманингизда яшовчи бир қизга “Green card” ютуғи чиқди, агар уни қўлдан чиқаришни истамасанг, бугуноқ уйига совчи юбориб, уйланиб ол. Ҳадемай, Америкада яшай бошлайсан”, — деб маслаҳат беради.
Афтидан Аброр дўстига: “Булунғурлик қизлардан кимгадир ютуқ чиқса, менга хабар қиласан”, — деб тайинлаб қўйган кўринади. Бундай хушхабарни анчадан буён кутиб юрган уддабурон йигит ошнасига: “Суюнчининг қуюғини кутавер”, деб мобиль телефонини ўчирган заҳотиёқ тинчи бузилади. Устига-устак, “Green card” ютган қиз узоқ қариндоши…
Шу тариқа Аброр Раҳмонов ота-­онасини дарҳол қистовга олади. Уларга ўйлаб кўришга ҳам имкон бермай, қўярда-қўймай: “Бугуноқ совчиликка борасиз, бўлмаса кеч бўлади”, — дея оёқ тираб олади.
Тортишиб ўтиришнинг мавриди эмас. Ота-она шўрлик бозор-ўчар қилиш тараддудига тушади. Кечқурун эса, Санобарнинг уйига боришади. Иш пишитилади. Бироқ қуда томоннинг асл мақсадидан бехабар қизнинг ота-­онаси совчиларнинг тўйни тезлик билан ўтказиш ҳақидаги таклифидан бироз ажаб­ ланади. Ахир, йигит билан қиз бир-бирини бирон маротаба ҳам кўрмаган бўлса…
Қизнинг ота-онаси совчиларнинг “фотиҳа тўйи” харажатлари ва “сут ҳақи” учун берган бир даста долларини кўриб шошиб қолади. Санобардан сўраб ўтирмай, уларга розилик бериб юборади. Орадан бир ҳафта ўтмай, фотиҳа тўйи ўтказилди. Қизни қўярда-қўймай туман ФҲДЁ бўлимига олиб бориб, Аброр билан қонуний никоҳдан ўтказиб қўйишди.
Кўп ўтмай Санобар барчасини тушуниб етади. Ота-онаси, совчилар ҳақ-ҳуқуқини поймол қилиб қўйгани унга жуда алам қилди. У қўшни қишлоқда яшаётган севимли инсо­ни — Жамшидга телефон қилиб: “Мени уйдагилар бошқа йигит билан никоҳлаб қўйди. Тезда етиб келмасангиз, мендан айрилиб қолишингиз аниқ”, — деб уни бўлган воқеалардан хабардор қилади. Жамшиднинг боши қотади, тинчи йўқолади. Бироқ фурсатни бой бермай, отни қамчилаш
керак!
Жамшид Аброр билан йигитчасига гаплашиб, орани очиқ қилиб олишга аҳд қилади. Шу топда, яъни
2018 йил 25 июнь куни тахминан соат
12.00ларда Аброрнинг қишлоғида яшовчи таниши Шавкат Қурбоновга телефон қилиб:
— Дўстим, менга ёрдаминг керак бўлиб қолди. Ҳозир қишлоғинг тўғрисидан ўтувчи катта йўлда учрашсак, қолган гапни ўша ерда айтаман. Кўчага чиқиб тур, — дейди.
Шундан сўнг Жамшид Санобарга ҳам йўлга чиқиб туришни тайинлайди. Ниҳоят учовлон учрашади. Бўлган воқеадан дўстини хабардор этган Жамшид: “Бирон баҳона топиб, Аброрни бу ерга бошлаб кел. У ёғини бизга қўйиб бер”, — дейди.
Дўсти Аброрга қўнғироқ қилиб, йигитлар билан гап талашиб қолганини, тезда катта йўлга келиши кераклигини айтади. Аброр манзилга етиб келганида, соат чамаси 12.20 эди. Гап нимадалигини дарҳол тушунди. Аслида Аброр Санобар иккисининг ўртасида ғов бўлиб турган Жамшид билан яхшилаб гап­лашиб олишни кўзлаб юрганди. Жўраси унга: “Ёлғон гапирганим учун узр, бу меҳмон қариндошим бўлади, ўзаро келишиб олишларинг керак”, — дейди.
Аброр Жамшидга қиз билан унаш­тирилганини, яқинда тўйлари бўлишини айтади. Жамшид эса: “Тўйларинг бўлмайди!” — деб туриб олади. Шу тариқа жанжал кўтарилади. Жаҳл устида Аброр “рақиби”нинг машинасидан калитини олиб синдиради ва йўл четига — дала томонга отиб юборади ҳамда укаси
­Т.Раҳмоновга телефон қилиб, катта йўлда юз бераётган қалтис вазиятни отасига тушунтириб беришни ҳамда ўзларининг ҳам тезда етиб келишини тайинлайди. Воқеа жойига келиб қолган Раҳмоновларнинг қариндоши З.Латипов ҳамда жанжалга бошидан гувоҳ бўлиб турган Ш.Қурбонов йигитларни яраштиришга уринади. Бироқ фойдаси бўлмайди.
Кўп ўтмай, шу жойга “Нексия” русумли автомашинасида Аброрнинг отаси К.Довудов, укаси
Т.Раҳмонов ҳам етиб келади. Отаси Жамшиддан нима гаплигини сўраганида у К.Довудовни турли хил бўлмағур гаплар билан ҳақоратлайди. Бундан Аброрнинг баттар жаҳли чиқиб, ердан тош олиб, Жамшиднинг бошига уради. Укаси ҳам: “Сен ҳали акамнинг тўйи­ни бузмоқчимисан”, деб жанжалга қўшилади. Бунга ҳам қониқиш ҳосил қилмай, ердан қаттиқ бир жисм олиб, Жамшид­га тегишли бўлган машинага шикаст етказади. Шундан кейин автомашинасидан отвёртка олиб келиб яна Жамшиднинг бурун ва юз қисмига ура бошлайди.
Шу пайт четда томошабин бўлиб турган ота ўғилларига ёрдам бериш мақсадида Жамшидга ташланади ва унинг оёғини синдиришга ҳаракат қила бош­лайди. Гувоҳ З.Латипов эса, уларни ажратишга уринади. Жанжал сал босилгач, Жамшид ўзига келиб, бир чеккада турган Санобарни чақириб, унинг қўлига пул бериб, уйига кетаверишини айтади. Санобар пулни олиб, катта йўлдан ўтаётганида “Нексия” русумли автомашина уни уриб юборади.
Жамшид судда берган кўрсатмасида маълум бир муддат шифохонада даволаниб чиққач, Санобар билан қочиб кетиб, ҳозир бирга яшаётганлик­лари, аммо никоҳи расмийлаштирилмаганини, ҳатто шаръий никоҳдан ҳам ўтишмаганини, айбдорларга суд томонидан адолатли чора кўрилиши кераклигини айтади..
Суд ҳукмига кўра айбдор Аброр Раҳмоновга тегишли жазо та­йинланади. Қилмиш-қидирмиш, деб шуни айтсалар керак-да.
Бир сўз билан айтганда, юртимизда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу бежиз эмас. Аждодлар доим Ватанни онага қиёс этган. Шу туйғуни англамаган, ўзга юртнинг хўрозқандини ётиб ялашга тайёр кимсалар ўз юрти, ҳатто ота-онасига ҳам ҳар қандай ёмонликни раво кўриши, ўзлигидан, инсоний туйғулардан айрилиши аён ҳақиқат.
Бугун “Green card” талвасасида ёнаётганлар мана шу оддий ҳақиқатни тушуниб етса бўлгани.

Холбой ҚОСИМОВ,
журналист