Ёш шахматчиларимиз Осиё чемпионатида қатнашади

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизматидан маълум қилишича, шу йилнинг 1-10 апрель кунлари Шри-Ланканинг Калутара шаҳрида шахмат бўйича 8 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Унда ўзбекистонлик ёш ақл-идрок спорти вакиллари ҳам иштирок этади.
Ушбу нуфузли мусобақада ўз ёш тоифалари бўйича Ўзбекистон чемпионатларида юқори натижа кўрсатган шахматчилар, жумладан Умида Омонова, Руқия Олимова, Афруза Ҳамдамова, Ҳумоюн Бекмуратов ва Абдумалик Абдусалимов ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Таъкидлаш жоиз, шахматнинг классик, рапид ҳамда тезкор йўналишлари бўйича Осиё чемпионатининг ғолиб ва совриндорлари швейцарча тизимда 9 тур натижаларига кўра аниқланади.
ЎзА