Ўзбек қизи жаҳон рекордини янгилаб, жаҳон чемпионатининг учта олтин медалига эга чиқди

АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида давом этаётган оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Кумушхон Файзуллаева мутлақ жаҳон чемпиони деган номни қўлга киритди. Бу ҳақда GoSport.uz хабар бермоқда.

-64 кг вазнда иштирок этган Кумушхон даст кўтаришда 93 кг тошни ўзига бўйсундирган бўлса, силтаб кўтаришда 122 кг тошни кўтара олди ва ўзи томондан ўрнатилган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон рекордини янгилади. Шунингдек, у умумий 215 кг натижа қайд этиб, бу борада ҳам жаҳон рекордчисига айланди.

Уччала турда ҳам биринчи натижани кўрсатган, Кумушхон Файзуллаева жаҳон чемпионатининг учта олтин медалини ўзиники қилиб олди.

Эслатиб ўтамиз, бунга қадар -55 кг вазнда Оғабек Нафасов иккита кумуш, -49 кг вазнда қатнашган Нигора Абдуллаева учта олтин ва -73 кг вазнда Асадбек Наримонов битта олтин ва иккита кумуш медалларига эга чиққанди.

Manba: Xalq so’zi