Боласи бор қўғирчоқлар

Сарлавҳани ўқиб, қўғирчоқнинг ҳам боласи бўлар эканми, дея ажабланаётгандирсиз? Бўлар экан, ишонаверинг. Келинг, яхшиси бу мавзуда фикр юритишимга туртки бўлган воқеани сўзлаб берай.

Олти ёшли набирам дадаси туғилган кунига олиб берган қўғирчоғини менга “кўз-кўз” қилди:
— Бувижон, қаранг, дадам менга боласи бор қўғирчоқ олиб берди.
— Вой, қандай яхши, — дея қўғирчоқни қўлимга олдим. — Боласи қани?
— Боласими, мана бу ерда, — деди набирам қўғирчоқнинг катта қорнига ишора қилиб. — Мана қаранг, унинг қорни очилади, ичида чақалоғи бор…
У шундай дея қўғирчоқнинг қорин қисмини очиб, ичидан миттигина қўғирчоқни чиқариб берди. Мен ҳайратдан лол қолдим. Наҳотки ўғлим олти ёшли қизига шу “ҳомиладор” қўғирчоқни раво кўрган бўлса, деган ўй хаёлимдан ўтиб, қизалоғимни яна саволга тутдим:
— Қўғирчоқ сенга ёқдими?
— Ҳа, албатта, уни ўзим танладим-ку, ахир, — деди набирам қувонч­дан кўзлари порлаб.
Мен эса унинг қувончига шерик бўлиб суюнишимни ҳам, тарбиясидан ташвишланиб, куюнишимни ҳам билмай қолдим.
Ўйинқароқ набирам қўғирчоғини маҳкам бағрига босганча ёнимдан нари кетди. Лекин унинг “ҳомиладор” қўғирчоғи кўз ўнгимдан нари кетмади. Анчадан буён кўнглимни хижил қилиб ётган ўй дилимдан-тилимга кўчди…
Тан олиш керак, бугун савдо пештахталари хориждан келтирилган ўйинчоқлар ҳисобига тўлиб-тошган. Аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини қондириш учун бу яхши, албатта. Қизалоқларимизга мўлжалланган дазмол, тикув машинаси, идиш-товоқ каби ошхона, уй-рўзғор анжомлари, ўғил болалар учун эса, белкурак, теша, болға каби иш қуролларидан жамланган ўйинчоқлар тўплами фарзандларимизда гўдаклигидан меҳнатга кўникмани шакллантиришга хизмат қилиши айни муддао. Лекин ғарбона услубда очиқ-сочиқ, калта-култа кийим кийдирилган, сумкачаси пардоз-андоз воситалари билан тўлдирилган ажнабий қўғирчоқлардан қизалоқларимиз нимани ўрганади? Лаб бўёғини қаерига суртишнию, кўзгу қаршисида қандай ороланишними?
Бундай қўғирчоқларнинг ёрқин рангдаги либосларига, сержило тақинчоқларига маҳлиё бўлиб, уларни сотиб оляпмизу, лекин гўдакларимиз тарбиясига, руҳиятига, онгу шуурига кўрсатадиган салбий таъсири, маънавий зарари ҳақида ўйлаб кўрмаяпмиз, назаримда. Ёки ўйласак ҳам оғриқли мулоҳазаларимиз кўнглимизнинг тубида қолиб кетяпти, чоғи.
Нега оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали чиқиш­лар қилиб, кенг жамоатчилик эътиборини бу ҳаёт-мамот масаласига қаратмаяпмиз?! “Фарзандларимизга ўзи ёқтирганини олиб берамиз-да. Ўйинчоқни ўйнайдиган улар-ку, ахир”, дея фикрлайдиган ота-оналарга комил фарзанд тарбиясида ҳеч бир жиҳатни эътибордан қочирмаслик зарурлигини нега уқтирмаяпмиз?!
Ачинарлиси, бундай қўғирчоқларга бора-бора ўзимизнинг ҳам кўзимиз ўрганиб, кўникиб боряпти…
Кейинги пайтларда турли давраларда айрим ёшларимиз, хусусан, қизларимиз тарбиясидаги нуқсонлар ҳақида кўп гапириляпти. “Оммавий маданият” ниқоби остидаги маънавий таҳдид­лар уларнинг онг шуурига, руҳияти ва тарбиясига дахл қилаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Ёшларимиз тафаккурини нишонга олаётган “оммавий маданият”нинг “узун қўллари” наҳот энди гўдакларимиз томон ҳам чўзилган бўлса…
Фарзанд тарбияси ўта нозик масала. Унда болалар учун яратилаётган фильмлар, мультфильмлар, улар ўқиган китоблар, ҳаттоки ўйнаётган ўйинчоғу қўғирчоқларининг ҳам аҳамияти катта. Чунки улар болалар учун шунчаки эрмак, овунчоқ, вақтни чоғ ўтказиш воситасигина эмас, балки онги ва тафаккурининг шаклланишида муҳим омил ҳисобланади. Болалар айнан шундай воситалар орқали оқни қорадан, яхшини ёмондан фарқлашни ўрганади. Улар орқали мурғак қалбларда миллийлик, инсонийлик, тўғрисўзлик, ахлоқу одоб сингари фазилатлар илдиз отади.
Бир сўз билан айтганда, ўйинчоқлар тарбиячи вазифасини ҳам ўтайди. Шу маънода болалар ўйинчоқлари олди-сотдиси билан шуғулланадиган тадбиркорларимиз хориждан ўйинчоқ олиб келишда шарқона тарбиямиз, ўзбекона одоб-ахлоқимиз, қадим қадриятларимиз, менталитетимизни ҳисобга олса, мақсадга мувофиқ бўларди. Ахир, болажон халқимиз азал-азалдан “Болаларнинг бегонаси бўлмайди” деган ақидага амал қилиб яшайди-ку.
Фарзанд тарбиясидаги ана шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда, Ўзбекис­тон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан “Болалар ўйинчоқларининг хавфсиз бўлиши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқиляпти. Мазкур ҳужжатда ўйинчоқларнинг хавфсизлиги бўйича талабларни қонун асосида мустаҳкамлаш, болаларнинг ҳаёти, жисмоний, руҳий, маънавий-ахлоқий саломатлиги ва ривожланиши ҳамда атроф-муҳитга зарарли бўлган болалар ўйинчоқларини ишлаб чиқариш, олиб келиш ва тарқатишни ман этиш каби бандлар ўз аксини топмоқда. Бу эса, келажак авлод тақдирига бефарқ бўлмаган юртдошларимиз қатори менинг ҳам кўнглимни кўтарди.
Айтиш керак, юртимизда миллий ҳунармандчилигимиз анъаналарини давом эттириб келаётган ҳунарманд­ларимиз, миллий матолардан либос кийган қўғирчоқлар ясайдиган қўғирчоқсозларимиз талайгина. Лекин улар ишлаб чиқараётган маҳсулотларга асосан хорижликлар харидор. Хорижлик меҳмонлар зўр мамнуният билан харид қилаётган бундай қўғирчоқлар ўзбек қизалоқлари қучоғига ярашмайдими?! Албатта ярашади! Бунинг учун аввало, ўзимиз миллий ғурурга эга бўлмоғимиз, қолаверса, ҳаётда ҳар бир нарсадан ибрат қидирадиган мурғак қалб эгалари — дилбандларимизнинг тоза қалбини илдизлари мозийга туташ қадим қадриятларимизга ҳурмат, ифтихор, шарқона одоб-ахлоқ отлиғ фазилатлар билан зийнатламоғимиз лозим.

Феруза ЖАЛИЛОВА,
Халқ депутатлари
Бектемир тумани Кенгаши депутати