Бу йил бошқача бўлади!

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ўтган йили тест жараёнларига ўзгартириш киритилиб, олий таълим муассасаларига ўқишга кириш синовлари янги талаблар асосида адолатли, шаффоф, холис ва очиқ тартибда бўлди. Мазкур ўзгаришлар абитуриентлар, уларнинг ота-оналари ва кенг жамоатчилик томонидан ижобий кутиб олинди. Янги ўқув йили қабул жараёнларида ҳам мавжуд тизимни янада ислоҳ қилиш, ёшлар учун қўшимча имконият ва қулайликлар яратиш мақсадида “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Йиқилганмисан? Унда пулини тўлаб қўй!

Энг асосий ва кўпчиликни қизиқтирган мавзу — аввал синовларга келиб, ўқишга кира олмаган, бу йил эса, яна ҳужжат топширган абитуриентларга таал­луқли бўлди. Энди улар энг кам иш ҳақининг бир баравари —
202 минг 730 сўм миқдорида тўловни амалга оширади. Умумтаълим мактаб­лари, академик лицей ёки касб-ҳунар коллежи битирувчилари бу тўловдан озод этилган. Шунингдек, абитуриент мазкур суммани тўлагач, бир вақтнинг ўзида учта олийгоҳга ҳужжат топшириш имконига эга бўлади. Дарвоқе, тўловга Давлат хизматлари агентлигининг хизмат ҳақи киритилмаган.

Пуллар нимага сарфланади?

Таълим пулли бўлса, унинг қадр-қиймати ортади. Мутасаддилар мазкур тажриба хориж амалиётида мавжудлигига алоҳида урғу бермоқда. Дарҳақиқат, хориж тажрибасида қабул имтиҳонлари пулли ўтказилиши бор гап. Улар университетларнинг даражасига қараб, бир-биридан фарқланади. Ўз навбатида, энг кам иш ҳақининг
25 фоизидан ошмайди.
— Абитуриентлар биздан ҳаққонийликни талаб қилмоқда, — дей­ди Давлат тест маркази директори Мажид Каримов. — Улардан тушган маб­лағларнинг 80 фоизи имтиҳонда фойдаланиладиган ахборот коммуникация технологиялари воситалари, шахсни аниқлаш ва кузатиш камераларини сотиб олишга сарфланади. Маълумки, тест синови ўтказилаётган ҳар битта аудитория онлайн трансляция қилинади. Мисол учун, ўтган йили бу борада 1000 та гуруҳ шакллантирилган эди. Бу эса, худди шунча кузатув камераси ва маблағ дегани. Қолаверса, ижара тўловлари бор. Ўтган йили “Ўзэкспомарказ” павильонининг ўн беш кунлик ижарасига 2 миллиард сўм тўланган. Бизда элликдан ортиқ бундай йирик бинолар мавжуд. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги бўлса, спорт залларидан фойдаланганимиз учун уларни таъмирлаб беришни сўрамоқда. Ижара, таъмир учун эса, пул керак.
Таъкидланишича, абитуриентлардан йиғилган пул ДТМ қабул имтиҳонлари учун ажратиладиган маблағнинг ўндан бири ҳам эмас. Йиғилган маблағ тест биноларининг ижара тўлови, катта қувватли кондиционерлар, ота-оналар учун мониторлар билан жиҳозлаш, тўрт мингдан ортиқ гуруҳ назоратчиларига тўланадиган иш ҳақи, тушлик, тест материалларини сифатли тайёрлаш, уларни ўз вақтида белгиланган жойларга етказиш, олиб келиш, сақлаш ва бошқа харажатлар учун ишлатилади.
Шуни ҳисобга олган ҳолда, тест натижаларини эртасигаёқ эълон қилиш учун қурилма сифатли бўлиши зарур. Уни сотиб олишга эса, катта маблағ керак. Маблағнинг асосий қисми ана шу қурилмани сотиб олишга сарфланади. Ўта ноёб ва қиммат бўлган бу ускунадан мамлакатимизда атиги икки дона бор. (Солиштириш учун Туркияда
30 дан ортиқ шундай қурилма мавжуд).
Маълумотларга қараганда, жорий йилда тест синовларида иштирок этиш истагида бўлган абитуриентлар сони бир мил­лион нафардан ортиши кутилмоқда. Уларнинг 700 минг нафардан зиё­дини умумтаълим, касб-ҳунар коллежи, академик лицей битирувчилари ташкил қилади. Қолган 400 минг нафарга яқин абитуриент эса, иккинчи ёки ундан кўп қабул имтиҳонларида қатнашган йигит-қизлардир.
Ҳисоб-китоб қилсак, 400 минг нафар аввал ҳужжат топшириб, ўқишга кира олмаган абитуриентнинг ҳар бири белгиланган суммани берса, тўпланган маблағ
81 миллиард сўмдан ортади. ДТМ бу пулларга ҳар йили қиммат принтерлар сотиб олмаса керак? ДТМ раҳбари пулларнинг умумий миқдори ва сарфланиш сметаси бўйи­ча аниқ ва шаффоф маълумотлар тақдим этишга ваъда берди.

Учта эди, бешта бўлди

— 2020-2021 ўқув йилидан абитуриентлар бешта фан бўйича имтиҳон топшириши режалаштирилмоқда, — дейди Давлат тест маркази директори Мажид Каримов. — Тест фанлари мажмуаси икки бўлимга ажратилади. Учта мажбурий ва иккита ихтиёрий фандан абитуриентларнинг билим даражаси текширилади. 2019 йилнинг сентябрь-октябрь ойида эса, фанлар мажмуи маълум қилинади.
Мазкур ўзгариш ҳали лойиҳа кўринишида турибди ва жорий йилда эмас, кейинги ўқув йили учун ўтказиладиган тест синовларида қўлланилади. Лойи­ҳага кўра, абитуриент она тили фанидан қўшимча имтиҳон (диктант, оғзаки савол-жавоблар) топшириб, керакли балл тўплай олса, шу фандан бўладиган тестлардан озод қилинади.

Ректор ишдан кетади?!

Юқоридаги талаб, энг аввало, давлат гранти асосида ўқиш истагида бўлганлар учун жорий қилинмоқда. Улар она тили ва соҳасига бевосита алоқадор бўлмаса-да, мактабда ўтилган фанлардан хабардор бўлиши лозим. Яна ўша гап: “Хориж тажрибасида бор”.
Танганинг нариги томонига юзлансак, ахир бу тажриба чаласаводликка олиб келмайдими? Хориж деяпмиз, у ерда университетга кириш осон, лекин ўқиш қийин. Кўплаб талабалар таҳсилни эплолмай ташлаб кетади, бизда эса, аксинча. Майли, киришни осон қилиб қўяйлик, аммо олийгоҳда сифатли ва кучли билим берайлик. Бироқ юқоридаги фикрларга ДТМ директорининг жавоби бошқача:
— Хорижда университетдан
80­ фоиз талаба ҳайдалса, ҳеч ким инда­майди. Бизда эса, 10 фоиз талабани четлаштирган ректор ишдан кетади!

Абитуриентнинг бали уч йилгача “куймайди“

Яна бир ўзгариш. Эндиликда ўқишга кира олмаган абитуриентга тест синовида тўплаган балларини тасдиқловчи сертификат берилади. Бу ҳужжат уч йилгача амал қилади. Келгуси йили мазкур балл олийгоҳга кириш учун етарли бўлса, у талаба бўлиш имкониятини қўлга киритади. Қўшимчасига бу муддат давомида у ЭКИҲни қайта тўлаши ҳам шарт бўлмайди.

Олийгоҳга бормай, талаба бўлиш мумкин!

Маълумки, абитуриентлар ҳужжат топшириш ва имтиҳонда иштирок этиш учун вилоятдан Тошкентга келар, бу эса унинг вақти, пулининг сарфланишига сабаб бўларди. Энди абитуриент ўзи доимий рўйхатдан ўтган манзилида Давлат хизматлари марказлари орқали ҳужжат топшириши мумкин. Бундан ташқари, абитуриент олий таълим муассасига келмай туриб, имтиҳонга кириши ва талаба бўлиш имконига эга. Мана буни ҳақиқий қулайлик деса бўлади!

Сўнгсўз

Мазкур қарор муҳокамаси кенг жамоатчиликка тақдим этилгани, фикр­лар олинаётганини эътироф этиш лозим. Талаб ва таклифлардан келиб чиққан ҳолда, муқобил қарор лойиҳаси яратилса, нур устига нур бўларди. Зеро, гап мамлакатимизнинг эртанги авлоди, унинг билим олиши, етук, малакали кадр бўлиб, Ватанга хизмат қилиши устида кетмоқда. Шошма-шошарликка йўл қўймай, етти ўлчаб, бир кесган маъқул.

Шерзод МАҲМУДОВ,
Бекзод Қудратов