Инсониятни маҳв этаётган “аждарҳо”

ёки адабиёт ва санъат сунъий интеллектга муҳтожми?

Ахборот технологиялари, тижорат ва бизнес, хизмат кўрсатиш соҳаси… мана энди эса, тасвирий санъат, адабиёт ва журналистика. Янги мингйилликдаги энг оламшумул кашфиётлардан бири — сунъий интеллект ёки оддий қилиб айтганда, роботлар жаҳон меҳнат бозорини тобора шиддат билан “ишғол” этмоқда. Бугун “ақлли машиналар” наинки биздан анча олисда бўлган коинот, балки инсон қалбигача етиб борди.

РОБОТЛАР ИНСОН ХАЁЛОТ ВА ҲИССИЁТ ОЛАМИНИНГ ИНЪИКОСИ САНАЛМИШ АДАБИЁТ ВА САНЪАТНИ “ҚЎЛГА ОЛА БОШЛАГАНИ” ФАНТАСТИКА ЭМАС, ДЎСТЛАР. БУ — АЙНИ ҲАҚИҚАТ! ЖУДА АЧЧИҚ ВА АЧИНАРЛИ ҲАҚИҚАТ!

Маълумот ўрнида бир-иккита факт. Ўтган йили робот томонидан чизилган сурат дунёдаги энг машҳур савдо уйларидан бири — Кристис аукционида 432 минг АҚШ долларига сотилди. Япония­да сунъий интеллектнинг “ижод маҳсули” энг яхши асарлар ўнталигидан ўрин олганига нима дейсиз! Жаҳонга танилган матбуот нашрлари, масалан, “Forbes” журнали ёки “The New York Times” газетасида журналистик материалларни машина коди ёрдамида яратиш амалиёти жорий қилинганига ҳам мана, бир неча йил бўляпти. Ажаб­ланишга шошилманг. Айтаётганларимиз ҳали ҳолва. Яқин истиқболда барча ахборот матнларининг 90 фоизи (!) роботлар томонидан ёзилиши тахмин қилинмоқда.
Бундай реаллик “хомо сапиенс”нинг интеллектуал имкониятлари чегара билмаслиги ҳамда одамзод техник тараққиёт чўққисига кўтарилганидан далолат беради, албатта. Бироқ юқоридаги ақл бовар қилмас жараёнлар шахсан менда келажак ҳақида хавотирли ўйларни туғдирмоқда. Мушоҳада қилиб кўринг, замондош, ахир, борлиқни роботлаштириш тенденцияси эртага инсоният бошига битган балога айланмасмикан?!
Тўғри, тамаддун чархпалагини тўхтатиб бўлмайди. Ривожланиш керак. Бироқ ҳар нарсанинг меъёр-­чегараси бор. Бу кўҳна ҳикмат. Нима бўлганда ҳам,

ИНСОН ОНГЛИ МАВЖУДОТ ВА ҚИЛАЁТГАН ИШИНИНГ ОҚИБАТЛАРИНИ ТЎЛИҚ АНГЛАМОҒИ ЗАРУР!

Ресторанда мижозга робот-официант хизмат кўрсатиши, “Ишонч телефон”ларига робот жавоб бериши, фонд биржасидаги мураккаб амалиётларни робот бажаришига қарши эмасмиз, асло. Бош устига! “Ақлли машиналар” оғиримизни енгил, узоғимизни яқин, ҳаётимизни қулай қилса, ким ҳам миннатдор бўлмайди дейсиз? Лекин инсон тафаккурига озуқа берувчи, эстетик дидини шакллантирувчи, ички оламига гўзаллик олиб кирувчи, хуллас калом, ҳис-туйғуларимизга алоқадор санъат ва адабиётдек ижодий соҳаларни роботлаштириш тўғримикан? Ҳолбуки,

ҲАҚИҚИЙ ИЖОД ИЛОҲИЙ ҲОДИСА. ДЕМАК, УНГА СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ АРАЛАШОЛМАЙДИ. АРАЛАШИШГА ҲАҚҚИ ҲАМ ЙЎҚ!

ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси масъул котиби Алишер Икромов яқинда журналистлар даврасида ростмана ажабтовур маълумотни ошкор этди. Дунёнинг қайсидир бурчида олимлар сунъий интеллектга Рембрандт усулида тасвирий санъат асарини яратиш вазифасини топширган. Буни қарангки, мураккаб алгоритм ёрдамида чизилган суратни ҳатто тажрибали экспертлар аслиятдан ажрата олмаган экан.

ЎЙЛАБ ҚАРАСАК, РОБОТНИ ҲАЗРАТ НАВОИЙ УСЛУБИДА ҒАЗАЛУ МУХАММАСЛАР БИТИШ ЁИНКИ ХЕМИНГУЭЙНИНГ “АЛВИДО, ҚУРОЛ!”И ҲАМДА ДОСТОЕВСКИЙНИНГ “ТЕЛБА”СИГА МОНАНД ЎЛМАС АСАРЛАР ЁЗИШГА ЎРГАТСА БЎЛАР ЭКАН-ДА. ФАҚАТ ЎША БИТИКЛАР КИТОБХОННИ НЕЧОҒЛИҚ ТАЪСИРЛАНТИРА ОЛИШИ ҲОЗИРЧА ЖУМБОҚ.

Бошқа тахмин ҳам бор. Бу кетишда Ер юзида даҳо ижодкорлар туғилмай туриб “ўлиши”, ҳиссиз машинанинг узундан-узоқ кодлари ижод майдонидан ҳақиқий истеъдодларни сиқиб чиқариши эҳтимолдан холи эмас…
Балки инсоният бора-бора жонсиз адабиётга кўникиб қолар. Худди таъм билиш рецепторларимиз сунъий муҳитда етиштирилган маҳсулотларга тобора ўрганиб бораётгандек. Ажаб эмаски, кун келиб одамлар робот ижодига ҳам тасанно айта бошласа.
Э йўқ, шахсан мен бундай келажакда яшашни хоҳламасдим.

P.S.: Дарвоқе, 4 март куни ЮНЕСКОнинг Париждаги қароргоҳида “сунъий идрок” ва барқарор ривожланиш масаласига бағишланган йирик анжуман ўз ишини бошлади. Унда бутун дунёдан йиғилган олиму мутахассислар борлиқни роботлаштириш билан боғлиқ кейинги экспериментлар инсоният келажагига қандай таҳдид солиши мумкинлигини муҳокама қилмоқда. Бу эса, мақолада кўтарилган мавзу нечоғлиқ жиддий эканининг яна бир исботидир.

Наргиза УМАРОВА