Керакли маслаҳатлар берилди

Халқимиз, асаларини етти хазинанинг бири деб бежизга айтишмайди. Чунки бу митти жониворнинг хақиқатдан ҳам фойдаси жуда кўп. Унинг заҳри, сути, прополиси ва гулчанги кўпгина хасталикларга шифодир.

Шу боис, Вазирлар Махкамасининг жорий йил 31 январдаги йиғилиш баёнида ҳам белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида «Ипак қурти етти хазинанинг бири» ҳамда «Асаларичилик сирлари» мавзуида мастер-класс ўтказиш режалаштирилган эди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Хоразм вилоят Кенгаши, Ўзбекистон ёш фермерлари Кенгаши Хоразм вилояти худудий бўлими хамда Хоразм «Асаларичилик» уюшмаси билан хамкорликда ишсиз ёшларни касбга ўргатиш, улар ўртасида ипак қурти етиштириш ва асаларичиликни кенг тарғиб этиш мақсадида Урганч тумани Қишлоқ хўжалиги касб-хунар коллежида «Асаларичилик сирлари» мавзуида малакали мутахассислар ёрдамида мастер-класс ташкил қилиниб, соҳага қизиқувчан ёшларга Э. Қиличов томонидан асаларичиликда ветеринария хизмати, асалариларнинг ҳаёти, асалариларда учрайдиган  касалликлар шунингдек, хозирги кунда асаларичиликка яратиб берилаётган имкониятлар бўйича мазкур йўналишда фаолият олиб бораётган ёшларга керакли маслаҳатлар берилди.

Унда Хоразм вилояти «Асаларичилик» уюшмаси рахбари А. Юнусов асаларичилик соҳасида 1989-1992 йиллардаги Хоразм асаларичилик мактабининг хозирги кунгача босиб ўтган йўли хамда бугунги кунда асаларичиликни ривожлантириш бўйича давлат томонидан берилаётган имконият ва талаблар тўғрисида тўхталиб ўтди.

Тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мутахассисларга мурожаат қилиб, етарлича жавоблар олишди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида эса амалий кўникмаларни янада бойитиш мақсадида агро саёхат ташкил қилинди. Мазкур саёҳатда асалари уяси олдида мастер-класс уюштирилиб, уларнинг умр кўриш вақти ёшидан келиб чиқиб кўрсатиб берилди.

Шунингдек, асаларилардан олинган асалларни қайта ишлайдиган Хоразм вилояти «Асаларичилик» уюшмаси ташаббуси билан олиб келинган Польша технологияси асосида жиҳозланган цехга ташриф буюришди. Ташриф жараёнида Хоразм асаларичилик уюшмаси раҳбарияти соҳага қизиқувчан ёшларга жорий йилда асаларичилик фаолияти бўйича устоз-шогирд анъаналарига мувофиқ  ҳар бир ёш асаларичи учун тажрибали мутахассис бириктириб, мутахассис тайёрлашга кўмаклашадиган бўлди.

Сумбулой НУРМЕТОВА