Машҳур дизайнерлар Ўзбекистонда!

Ёшлар пресс-клубида “Uzbekistan fashion week” халқаро мода ҳафталигига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Бирлашган Араб Амирликлари, Италия, Франция, Россия, Қозоғистон ва Тожикистон каби мамлакатларнинг машҳур дизайнерлари, Ёшлар иттифоқи қошидаги “Ёш дизайнерлар кенгаши” вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этди.
Анжуманда “Ikat Day: “Uzbekistan fashion week — 2019” нинг махсус дизайнерлари билан учрашув, ёш дизайнерлар либослари кўргазмаси, юртимиздаги мода уйларига саёҳат ҳамда “Ikat” адрас матоси тўпламлари намойиши ўтказилиши таъкидланди.
Шунингдек, ҳафталик давомида “Metrics” халқаро мода академияси асосчиси россиялик дизайнер Екатерина Асламова томонидан ёш дизайнерлар учун маҳорат дарслари, “Haute couture”, “Pret-a-Porte” кўргазмалари ва “Ashi Studio” нуфузли халқаро брендининг либослар намойиши ўтказилади.
— Мазкур ҳафталик орқали зардўзлик, каштачилик йўналишларидаги ўзбек мода брендларини дунёга танитмоқчимиз, — дейди “Ёш дизайнерлар кенгаши” раиси Дилноза Умрзоқова. — Лойиҳада миллий либослар, кундалик кийимлар ва халқаро миқёсдаги махсус либослар кўргазмаси намойиш этилади. Қолаверса, тўрт нафар халқаро мода ҳафталиклари президентлари билан ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзолашни режалаштирганмиз.

Шаҳноза НУРУЛЛАЕВА