Миллий ғурурни уйғотадиган байрам

Халқимизда: “Бахшили эл — ботир эл”, деган нақл бор. Бу бежиз эмас, албатта.

Бахшилар азалдан халқнинг дилидаги гапни куйга солган. Улар нафақат халқ достонларида, балки термаю айтишувларида ҳам ҳалоллик, ростгўйлик, мардликни тараннум этган. Умуман, ёш авлоднинг комил инсон бўлиб вояга етишини истаган ва шу йўлда хизмат қилган.
Ўз ўрнида халқимиз бахши-шоирларни юзбоши, деб улуғлаган. Бахшилар эса, элнинг корига ярайдиган, ҳақу ноҳақни ажрата оладиган оқил инсонлар бўлган. Шу боис доим миллатни қарам қилиб кун кўришни истаган “раҳнамо”лар бахши-шоирларни ўзига душман деб билган. Буни “Алпомиш” достонидаги Ултонтознинг ўзига ҳамд-сано айтадиган бадиҳагўйларни улуғлаб, Ҳакимбекни соғиниб достону термалар айтган бахшиларни жазолашида ҳам кўриш мумкин.
XXI аср кишиси учун эҳтимол, бахшичилик у қадар аҳамиятли кўринмаслиги мумкин. Лекин мафкуравий курашлар авж олгани, ёшлар ёвуз кучларнинг асосий ўлжасига айланаётгани айни замонда қадриятлар, хусусан, халқ достонларининг аҳамияти нечоғлиқ зарур эканини англайсиз. Айни сабаб туфайли юртимизда миллий қадриятларга алоҳида эътибор қаратилиб, ёшлар тарбиясида уларнинг тутган ўрни мустаҳкамлаб борилмоқда.
Президентимизнинг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори бу борадаги дадил қадам бўлди. Ҳужжатга кўра жорий йилнинг 5 – 10 апрель кунлари Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивали ўтказилиши белгиланган.
Эътиборлиси, фестиваль доирасида илмий-амалий конференция, миллий таомлар фестивали, фольклор-этнографик, бадиий ҳаваскорлик театр жамоалари чиқиш­лари, шунингдек, халқ амалий санъати, ҳунармандчилик, миллий либослар, бахшичилик санъати тарихига оид кўргазмалар ҳамда ўзбек, араб, форс, инг­лиз, рус тилларида нашр этилган илмий-маърифий адабиётлар намойиши ўтказилади. Мазкур фес­тивалда дунёнинг 86 давлатидан бахши-шоир, оқин, жировлар, олимлар, санъат ва маданият арбоблари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этиши кутиляпти.
Демак, биргина бахшичилик санъати орқали халқимизнинг боқий қадриятлари билан дунё аҳли танишиш имконига эга бўлади.
Ўз ўрнида, бошқа миллатларнинг ҳам санъати билан яқиндан танишиш, тажриба алмашиш, илмий изланишларда ҳамкорлик қилиш имконияти яратилади. Муҳими, фес­тиваль юртимиз ёшлари ҳаётида ўчмас из қолдиради. Тўғри-да, сен бориб кўришни орзу қиладиган мамлакат фуқароси юртингга келиб, миллий санъат ва маданиятинг­ни кўриб, ундан ҳайратланса…
Ахир, бу кишини ғурурлантирмай қўймайди! Ана шу ғурур сабаб кишида юртга, халққа бўлган меҳр товланади. Беихтиёр: “Қаранг, қандай бой маданият ва санъатимиз бор. Фақат доим ҳам бунинг қадрига етиб, ундан баҳра олмаймиз”, — деган иқрор кўнгилдан ўтади.
Шу кунларда эса, мазкур санъат фестивалига тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда. Хусусан, Термиз шаҳрининг асосий кўчалари ва тадбир ўтказиладиган майдон байрамона безатилган. Аэропорт, темир йўл вокзали ва санъат саройи ҳудудида қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга ошириляпти. Шунингдек, Термиз археология музейида бахши-шоирлар ҳаёти ва ижодига бағишланган кўргазма ўтказиш ҳам режалаштирилган. Унда вилоят бахшичилик санъатини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган бахшиларнинг миллий кийимлари, дўмбиралари ва бошқа ноёб буюмлари намойиш этилади. Бу эса, иштирокчиларга воҳа бахшичилик мактаби ҳақида тўла тасаввурга эга бўлиш имконини беради.
Яна бир эътиборли жиҳат, халқаро ҳайъат томонидан фестиваль иштирокчиларининг чиқишлари — достон ижрочилиги ҳамда чолғу ижрочилиги йўналишида баҳоланади. Бунда достонларнинг асл миллий хусусияти, бадиий ва эстетик жиҳатдан мукаммаллиги, иштирокчиларнинг ижро маҳорати, кийиниш ва саҳна маданиятига алоҳида эътибор қаратилади. Ижро этиладиган куй, нағма, термаларнинг бадиий қиймати, ҳатто безакнинг бадиий савияси (кийимлар, реквизит) ва унинг миллий анъаналарга мослигига ҳам аҳамият берилади. Бу эса, ўз-­ўзидан миллий қадриятларни аслича асраш, уни келажак авлодга безавол етказиб беришга хизмат
қилади.

Наргиза РАҲМАТУЛЛАЕВА