Психолог хулқ-атворни танқид қилманг, дейди

Ўсмирлик ўзига хос палла. Бу даврда ўсмирлар ҳаётида турли мураккабликлар ҳам юзага келиши мумкин. Шундай вазиятда ота-она, яқинлар, ҳатто педагог ҳам нима қилишини билмай қолиши эҳтимол. Айниқса, ўсмир ўзи ва ўзгаларга зиён етказадиган хулқ-атворга эга бўлса вазият янада чигаллашади. Сўнгги вақтларда ОАВда бу каби ҳолатлар вояга етмаганлар ўртасида кўплаб содир бўлаётгани ҳақида айтилмоқда. Айни мавзу юзасидан пойтахтимиздаги 64-умумтаълим мактаби психологи Мадина ШУКУРОВА қуйидагиларни сўзлаб берди.
– Салбий кайфиятдаги, стресс ҳолатидаги кишилар психологлар тилида ”респондент”лар дейилади. Респондент суицидга мойил бўлса, яқинлари билан гаплашишга унинг рухсати сўралмайди, балки зудлик билан чақиртирилади. Психолог респондентнинг яқинларига унинг олдида ўзларини қандай тутиши лозимлигини тушунтиради. Бу ўта муҳим. Чунки баъзи оила аъзолари уйда тушкун муҳит яратадики, бу вазият респондентнинг аҳволини янада оғирлаштиради, унинг ўз жонига қасд қилишга уринишини кучайтиради.
Унинг хулқ-атворини танқид қилавериш мумкин эмас. Балки вақтдан ютиш учун унга ён босиш – оилада у истаган муҳитни яратиш, хоҳлаган таомини тайёрлаб бериш, дам олишини ташкиллаштириш, орзу қилган нарсаларини олиб бериш, истаган машғулотини бирга бажариш тавсия қилинади. Шу билан бир вақтда унга дунёвий ва диний билимларни тушунтиришга ҳаракат қилинади, яъни ўз жонига қасд қилиш оқибатида юз бериши мумкин бўлган барча ҳолатлар ҳақида турли ҳикоялар, мисоллар айтиб борилади.
Психолог тўғри йўналиш бера олса, респондентнинг ўзи нотўғри йўлни танлаб, адашганини билади ва ундан воз кечади.
Агар респондентда суицидал фикрлар ва уринишлар кузатилса, уни ёлғиз қолдирмаслик керак. Оила аъзолари ўсмирни унга сездирмасдан доимий назоратда ушлаши шарт.
Барча уринишлар зое кетса ва у ўз танасига жароҳат етказа бошласа, шу ерда психолог иши тўхтайди ва психиатрга йуналтирилади. Бу пайтда у респондентдан беморга айланган бўлади.
ЎзА мухбири Барно Мелиқулова ёзиб олди.