Руҳий саломатлик тараққиёт гарови

Қўшни маҳаллада Фароғат исмли аёл яшайди. Икки фарзанди ва турмуш ўртоғи автомашинадаги газ портлаши туфайли ҳалок бўлган. Бир кунда яқин инсонларидан ажралгани унинг руҳиятига салбий таъсир қилди. Шундан сўнг Фароғат опа кечалари ёлғиз кўча кезиб, ҳеч ким билан мулоқот қилишни истамайдиган бўлиб қолди. Опанинг умри шу йўсин ўта бошлади. У борган сари яккаланиб қолди. Баъзан уйида дод солиб йиғлаганини эшитардик, холос. Қўни-қўшнилар уни тўй-маъракаларга таклиф қилмай қўйди.

Санобар келинойисини психолог қабулига олиб бормоқчи бўлганда, Фароғат опанинг қариндошлари: “Синглимни тинч қўйинг, ҳаммага шарманда бўламиз”, — деб рухсат бермади.
Бугун жамиятимизда психолог қабулига камдан-кам одам боради. Негаки, уларга мурожаат қилувчига нисбатан бизда нотўғри фикр шаклланган.
Президентимизнинг “2019-2025 йилларда Ўзбекистон аҳолисининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори шу каби салбий ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Мазкур концепцияда бу йўналишдаги хусусий тиббиёт муассасаларини ташкил этиш белгилаб берилди. Бу, албатта, аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофазалашда соғлом рақобат муҳитини вужудга келтиради ҳамда тиббий хизматлар сифатига ижобий таъсир қилади. Малакали кадрларсиз эса, бундай истиқболга эришиб бўлмайди. Эндиликда соҳа кадр­лари хориж тажрибасини ўрганади. Шу билан бир қаторда, хориждан аниқ ташхис қўйиш ва даволаш учун илғор технологиялар келтирилади. Беморлар юқори самарали дори воситалари билан таъминланади.
Руҳий саломатлиги бузилган кимсалар қандай аниқланади, деган савол туғилиши табиий. Бунинг учун психиатрия хизмати ва давлат ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик шакллантирилади. Идоралараро мультидисциплинар бригадалар тузилиб, ёрдамга муҳтожлар аниқланади. Улар психик ёрдамга муҳтож бўлганларнинг барча ёшдаги гуруҳларини қамраб олади.
Баъзи ҳолларда руҳий ҳолати бузилган беморлар, шифокорларнинг доимий кузатувига муҳтож бўлмаганлар ҳам туну кун оғир касаллар билан бирга даволанади. Натижада, унинг саломатлиги тикланиши учун узоқ вақт сарфланади. Ачинарлиси, бундай вазиятда беморнинг аҳволи янада ёмонлашиши ҳам мумкин. Мазкур ҳолатнинг олдини олиш мақсадида эндиликда кундузги даволаш хизмати жорий этилади. Бемор эрталаб худди ишга кетгандек шифохонага боради. Керакли муолажани олгандан сўнг эса, оиласи даврасига қайтади. Бундай шароитда бемор тез шифо топади, албатта.
Концепциянинг муҳим жиҳатларидан яна бири фуқаронинг хабардорлик даражасини ошириш учун жойларда тарғибот ишлари амалга оширилади. Бу орқали жамиятда руҳий ҳолати бузилган шахсларга нисбатан нотўғри тасаввурга барҳам бериб, руҳий ҳолатида муаммоси бўлган инсонларга нисбатан салбий қарашларнинг олди олинади. Уларнинг камситилишига йўл қўйилмайди. Беморларнинг ҳуқуқ ва эркинлик­лари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинади. Бунинг учун эса, бепул ҳуқуқий маслаҳат бериш йўлга қўйилади.

Дилфуза ЖАМОЛОВА