Тизим ислоҳ қилинади

Пойтахтимизда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида болаларга ғамхўрлик қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳаси ходимларининг фаолиятини такомиллаштириш масаласига бағишланган давра суҳбати ташкил қилинди. Унда тегишли вазирлик­лар, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, халқаро экспертлар қатнашди.
ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, бугунги кунда ота-онаси томонидан ташлаб кетилган болаларнинг энг кўп салмоғи Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари ҳиссасига тўғри келяпти. Ушбу минтақаларда ҳар юз минг боланинг 666 нафари махсус муассасаларда тарбияланяпти. Бу эса, дунёдаги ўртача кўрсаткичдан нақ 5 баробар кўп. Юртимизда етим болалар салмоғи бирмунча паст. Шунга қарамай, айрим наврасталарнинг Меҳрибонлик уйларига тушиб қолаётгани кишида барибир хавотир уйғотади.
Мутахассисларнинг фикрича, етим болаларни интернат типидаги муассасаларга жойлаштириш амалиётидан қочиш даркор. Бунинг ўрнига муқобил оила васийлиги институтини жорий қилиш мақсадга мувофиқроқ.
— Ўзбекистонда барча мутасадди ташкилотлар иштирокида болаларга васийлик ва ҳомийлик қилиш тизимини ислоҳ этишга доир кенг қамровли стратегияни ишлаб чиқиш лозим, деб ўйлайман, — таъкидлади ЮНИСЕФнинг юртимиздаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн.
Қайд этиш керак, жорий йилнинг 11 февралида Президентимиз имзолаган “Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда айни шу вазифа ўз аксини топди. Давра суҳбати иштирокчилари мазкур ҳужжатга ҳам ўз муносабатини билдириб, соҳани тубдан ислоҳ қилиш юзасидан таклифлар берди.

Ҳасан УСМОНОВ