УРГАНЧ ШАҲРИ ЁШЛАР МАРКАЗИДА “БИРДАМЛИК ЗАНЖИРИ” БОҒЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ташаббуси билан ташкил этилган навбатдаги сержантлар Форуми, Хоразм вилояти Урганч шаҳрида бўлиб ўтди.

Ёшлар марказида ўтказилган ушбу форумда Шимолий-ғарбий ҳарбий округ ҳудудида жойлашган Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизматининг чегара қўшинлари, Божхона қўмитасида хизмат ўтаётган сержантлар ва Ёшлар иттифоқининг «Фидокор ёшлар» аъзолари, шунингдек давлат мукофоти билан тақдирланган, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик аълочилари иштирок этдилар.

Буюк аждодларимизнинг Ватан озодлиги ва миллат тараққиёти учун кўрсатган жасоратларини ёдга олган ҳолда “Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” умумий ғояси остида янгича ёндашув билан барча ёш авлодни бир мақсад сари бирлаштирган Сержантлар форумида Сенатор Эгамберган Рўзметов,  Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Санъат Солаев, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Хоразм вилоят Кенгаши раиси Мансурбек Машарипов, Миллий гвардия ҳарбий қисм командири Мухтор Юсупов, Миллий гвардия Марказий аппарати бўлим бошлиғи Тўлқин Қодиров ва бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирок этдилар.

Сенатор Э.Рўзметов ўз маърузасида Форум ёш авлод ва ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга, уларнинг фаол ҳаётий позициясини мустаҳкамлашга, мамлакат келажаги учун фуқаролик масъулияти ҳиссини оширишга хизмат қилишини таъкидлаб, барча тизим сержантларига Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилишдек ғоят шарафли ва масъулиятли вазифани адо этишда омад ва куч-ғайрат тилади. Шу билан бирга, Миллий Армиямиз таянчи бўлган 5 та тизим сержантларини эзгу мақсад сари бирлаштирган тадбир ташкилотчиларига ва Миллий гвардия қўмондонлигига алоҳида ўз миннатдорчилигини билдирди.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Хоразм вилоят Кенгаши раиси Мансурбек Машарипов қисқа муддат ичида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Миллий гвардия билан ҳамкорликда бир қатор ишлар амалга оширилганлигини ва “Сержантлар форуми” миқёсида ёшларимиз Қуролли кучлар тизимидаги ҳарбий акалари билан елкама-елка туриб “Ватан тақдири – менинг тақдирим” шиори остида бирлашганликларини таъкидлади.

Тадбир  Шимолий-ғарбий ҳарбий округ ҳудудида жойлашган Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизматининг чегара қўшинлари, Божхона қўмитаси сержантлар кенгашлари раислари кичик сержант Ш.Х.Рўзиматов, сержант Ф.Б.Ахмедов, оддий аскар З.С.Алланазарова, кичик сержант С.Б.Худойберганов, кичик сержант З.Д.Рахимова ҳамда Ёшлар иттифоқининг масъул ходими Ф.Қ.Атаджановлар иштирокида сержантлар ва Фидокор ёшларнинг очиқ мулоқот тарзидаги давра суҳбати билан давом этди. Суҳбат давомида сержантлар томонидан бир қатор хорижий давлатлар сержантлари фаолиятининг илғор намуналарини баён этувчи маълумотлар келтирилиб, келгуси фаолиятда амалга оширилиши керак бўлган ислоҳотлар, янгиликлар, таклифлар бўйича ўзаро фикр алмашилди.  Фидокор ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар ва дуч келган муаммоли вазиятларга тўғри йўналишда маслаҳатлар олдилар.

Сержантлар форуми якунида Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Божхона қўмитаси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бир мақсад сари бир тан-у бир жон бўлиб, Ватан осойишталиги, юртимиз ривожи йўлида юқори марраларга эришиш мақсадида ўзаро ҳамкорлик, бирдамлик билан қўйилган қадамни ўзида акс эттирувчи «Бирдамлик занжири» боғланди.

Нозима Махмудова