Цзян Янь: Ўзбекистонда аёлга эҳтиром келажакни улуғлаш дея қаралади

Тошкентда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан ташриф буюрган хотин-қизлар, турли вазирлик ва идоралар вакилалари, мамлакатимизда фаолият юритаётган чет эллик дипломат аёллар, жумладан, Франция Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси элчилари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг турли ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.
Тантанада қатнашган Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян ЯНЬ хоним ЎзА мухбирига эксклюзив интервью берди:
– Аввало, 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан биз, дипломатик корпус вакилларига кўрсатилган алоҳида эътибор учун мамлакатингиз раҳбариятига ўз миннатдорлигимни билдираман.
Ўзбекистонда ишлаётганимга бир йил бўлди. Ўтган вақт мобайнида бу ерда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишдим, одамлар билан мулоқотда бўлдим. Ўзбекистоннинг улкан бунёдкорлик, ижобий ўзгаришлар ва ислоҳотлар мамлакати эканига амин бўлдим. Юртингиз бўйлаб янги-янги корхоналар, турар жойлар қурилмоқда. Бу шиддат, ўзгаришлар бугун халқаро миқёсда ҳам муносиб эътироф этилмоқда. Энг асосийси, бу каби ислоҳот насимлари одамлар ҳаётига фаровонлик, кўнгилларга шодлик олиб кирмоқда.
Қайд этиш жоиз, азалдан Шарқ халқларида хотин-қизлар ҳурмат ва эҳтиромга муносиб кўрилган. Бугун ҳам ушбу анъана давом этмоқда. Бунга Ўзбекистонда хотин-қизларга қаратилаётган алоҳида эътибор, давлат сиёсати даражасидаги ғамхўрлик мисолида яна бир бор амин бўлиш мумкин.
Ўзбекистоннинг турли вилоятларига сафарларим чоғида одамлар, хусусан, хотин-қизлар билан кўплаб мулоқотда бўлдим. Уларни меҳрибон она, севимли умр йўлдош, шу билан бирга, мамлакатда кечаётган ўзгариш ва янгиланишларнинг фаол ташаббускори – раҳбар сифатида қайта кашф этдим. Мамлакатингизда аёлга эҳтиром кўрстишга келажакни улуғлаш дея қаралишига гувоҳ бўлдим.
Ҳар жабҳада улар орзу-интилишини рўёбга чиқаришга қаратилган ташаббус ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бунда мамлакатингиз Хотин-қизлар қўмитаси фаолияти муҳим ўрин тутмоқда.
Ўтган йили Хитойда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)нинг “Аёллар ҳуқуқини бирлаштириш, умумий тараққиётга кўмаклашиш” мавзусидаги биринчи аёллар форуми бўлиб ўтганди. Унинг доирасида мамлакатларимиз хотин-қизлар ташкилотлари ҳамкорликнинг янги форматига асос солишганди. Бугун ўзаро делегациялар алмашинуви тарзида кечаётган мулоқотлар юртингизда хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва бошқа муҳим йўналишлар бўйича ўзаро тажриба алмашинувларига имкон бераётгани қувонарли.
Фурсатдан фойдаланиб, ўзбекистонлик барча хотин-қизларни байрам билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Баҳорий кайфият уларни ҳеч қачон тарк этмасин.
ЎзА мухбири Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ ёзиб олди