Шамолга қарши учаётган варрак

2030 йилгача Ўзбекистон инновацион ривожланиш бўйича дунёдаги 50 та етакчи мамлакат қаторидан жой олишни кўзлаган. Масофа олис, лекин вақт оз қолди. Улгурамизми? Маррага етиш учун қандай тезликда ҳаракатланиш керак? Асосий “атлетлар”имиз ким? Улар ишончлими? Бир-бирини қўллаб-қувватлайдими? Муҳими, қадамлари нечоғлиқ шаҳдам?..
Келажакка назар солиб кўришга нима дейсиз, дўстим?

Форсайт. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг шундай ном остида ўтган анжумани доирасида пойтахтимиздаги олий таълим муассасалари ректорлари, проректорлари, йирик бизнес тузилмалар раҳбарлари, тадқиқотчи-­олимлар, мустақил экспертлар юртимиз олий таълим тизими ва иқтисодиётининг ўн йил кейинги истиқболини тасаввур қилиб кўришга уринди.
Лекин жараён шунчаки тахминларга асосланган муҳокамаю фикр алмашувларидан иборат бўлгани йўқ. Масала анча жиддий қўйилган:

АЙНИ ЧОҒДА ЎЗБЕКИСТОН ЭЛИТАСИДАН ТАЪЛИМ, ФАН ВА ИШЛАБ ЧИҚАРИШНИНГ САМАРАЛИ ИНТЕГРАЦИЯСИГА ЭРИШИШ, ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-ИННОВАЦИОН САЛОҲИЯТИНИ ҲАМДА ТЕХНОЛОГИК ТАРАҚҚИЁТ КЕЛТИРИБ ЧИҚАРИШИ МУМКИН БЎЛГАН МУАММОЛАРГА ТАЙЁРГАРЛИК ДАРАЖАСИНИ ОШИРИШ БЎЙИЧА АНИҚ ТАКЛИФЛАР КУТИЛМОҚДА.

Бу ишда бир ёқламалик натижа бермайди. Муайян томоннинг позицияси ҳал қилувчи бўлиб қолмаслиги ҳам керак. Ахир, ҳамманинг ўзига яраша қараши бор, ҳар кимнинг қаричи бош­қа. Хуллас, ғалвирни сувдан кўтариш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳукумат, олий таълим ва хусусий сектор вакилларини бир стол атрофида жамлашга қарор қилди.

Ягона ечим — инновациялар!

Форсайт учрашуви Давлат бошқаруви академиясида ташкил қилинди. Асосий муҳокамаларга ўтишдан олдин Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидовга сўз берилди.
— Юртбошимизнинг сиёсий иродаси туфайли бугун барча жабҳаларда сезиларли ўзгаришларни кўряп­миз, — таъкидлади Президент маслаҳатчи­си. — Бир қарашда, улар жуда тез суръатда рўй бермоқда. Лекин аслида кўзланган натижага эришиш учун ислоҳотлар шиддатини камида тўрт бараварга ошириш зарур. Эътибор беринг, охирги йилларда Ўзбекистон тадбиркорлик соҳасида анча юксалди. Жаҳон бозорига чиқаётган компанияларимиз бор. Лекин, минг афсуски, таълим ва илм-фанда орқада қолдик. Олий ўқув юртларини тамомлаётган аксарият ёшлар халқаро майдонда рақобатлашиш тугул, ҳатто ички меҳнат бозорида ўз ўрнини тополмаяпти. Чунки билими саёз, мутахассислигини яхши эгалламаган. Муаммонинг ягона ечими — инновациялар!
— Талабаларни дастлабки курсданоқ тадқиқот ишларига жалб қилиш ке-­
рак, — давом этди А.Абдувоҳидов. — Мана шундагина улар инновацион фикр­лашга одатланади ва ўзлари ҳам янгиликлар ярата бошлайди. Ҳозир бутун дунёда университетларга илмий муассаса сифатида қаралмоқда. Кўпчилиги нафақат сифатли таълим беради, балки талаба ва профессор-ўқитувчиларининг ихтироларидан пул ишлайди. Бундай механизмни бизда ҳам жорий қилиш вақти келди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов ўз чиқишида университетларимиз илмий салоҳияти ортаётганига урғу берди. Амалдаги кўрсаткич 34,5 фоизни ташкил қилмоқда.
— Сўнгги икки йилда илк бор ўсиш суръати кузатилган, — деди
У.Бегимқулов. — Бироқ, умуман олганда, вазият қониқарсизлигича қолмоқда. Ахир, дунё саҳнида илмий салоҳияти 70-90 фоизгача етадиган илғор давлатлар бор. Олий таълимни инновацион платформага олиб чиқиш қанчалик катта ирода, куч ва маблағни талаб қилмасин, шу йўлдан юришимиз шарт!

Супермаркетга математиклар нега керак?

Панель муҳокамани бошқариб борган Одилжон Абдураззоқов (Инновацион ривожланиш вазирлиги) экспертлар орасидан биринчи бўлиб “Korzinka.uz” супермаркетлар тармоғи раҳбари Зафар Ҳошимовга юзланди. 2030 йилга бориб инсоният ҳаётида сунъий интеллектнинг роли қандай бўлиши тўғрисидаги саволга тадбиркор қуйидагича жавоб берди:
— Ер юзида касб ва мутахассисликлар трансформацияси юз бермоқда.

ИЛГАРИ ОДАМЛАР ТЎРТ ЙИЛ ЎҚИБ, ЎТТИЗ ЙИЛ ИШЛАГАН БЎЛСА, ЭНДИ УНИВЕРСИТЕТДА ОЛИНГАН БИЛИМ ВА КЎНИКМАЛАР ТЎРТ ЙИЛГА ҲАМ ЕТМАЯПТИ.

Бу дунёнинг шиддат билан ўзгараётганидан далолатдир.
Компаниямизда рақамли технологияларни 2011 йилдан татбиқ эта бошладик. Дўкон ва мижозларимиз сони кўпайгани сайин (ҳар куни 100-150 минг харидорга хизмат кўрсатилади!) катта ҳажмдаги ахборотларни тезкор ва бехато таҳлил қилишга зарурат туғилди. Бусиз қайси маҳсулотга қандай талаб борлигини аниқлаш, муваффақиятли маркетинг сиёсатини юритиш, шу жумладан, чўнтагингизга зиён қилмайдиган даражада чегирмалар тақдим этишнинг имкони йўқ.
Очиғи, ўша пайтда муаммомизни ҳал қилиб бера оладиган дастурчиларни Ўзбекистонда шунча излаб ҳам топа олмадим. Катта пул эвазига чет эл мутахассисларини ёллашга тўғри келди. Мен олий таълим тизимимиз ёмон, демоқчи эмасман. Лекин инновацияларга эҳтиёж жуда юқори бўлган ҳозирги даврда талабаларга фақат муайян фанларни чуқур ўргатиш камлик қилади. Ёшлар ўз билимини инновацияга айлантириши, бошқача айтганда, тижоратлаштира олиши керак! Ўшанда бундан бизнес ҳам наф кўради.
Мисол келтираман. Супермаркет расталарида маҳсулотлар мураккаб алгоритм асосида жойлаштирилади. Бу масалани ечиш учун Ўзбекис­тон Миллий университетидан математикларни таклиф қиламиз. Лекин улар қўйилган вазифага академик тарзда ёндашади. Натижада ечимни амалиётда қўллаш учун яна қўшимча вақт ва куч сарфлашингиз керак. Назаримда, олимлар ва бизнес битта тилда гаплашса, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясида муаммолар юзага келмайди.

Ҳисобчи ва ҳуқуқшунослар ортиқча

Сунъий интеллектнинг ўсиб бораётган имкониятлари ҳақида форсайт муҳокамада хорижий эксперт сифатида иштирок этган “Coca-Сola” компаниясининг Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон бўйича ҳудудий менежери Шадаб Хон ҳам тўхталди.
— Бир неча ўн йилликлар аввал “Coca-Сola” ичимлигини тайёрлашда 80 кишининг меҳнатидан фойдаланилган, — деди у. — Энди эса, бор-йўғи 7 нафар ходимга эҳтиёж бор. Чунки ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ автоматлаштирилди. Ҳадемай бизга ҳисобчилар ҳам керак бўлмай қолади. Сабаби уларнинг ишини компьютер бажара оляпти. Келгусида компаниялар молиячи ва ҳуқуқшунослар хизматидан воз кечса ҳам ажабланмайман. Мана сизга инновацияларнинг кучи!
Ишончим комилки, бундан буён
савдо соҳасида сунъий интеллектнинг ўрни тобора ортиб бораверади, — қайд этди Шадаб Хон. — Чунки у тадбиркорларга мислсиз фойда келтирмоқда. Масалан, ҳозир махсус дастурлар ёрдамида маҳсулотимиз қаерда, ким томонидан ва қанча миқдорда сотиб олинаётганини бир зумда аниқлаш мумкин. Яъни, биз харидорлар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўла оляпмиз. Сўнгги йигирма йил ичида эришган энг катта ютуғимиз ҳам шу.
Тўғри, сунъий интеллект муайян соҳаларни меҳнат бозоридан сиқиб чиқармоқда. Бу жараённи тўхтатиб бўлмайди. Лекин

КОМПЬЮТЕР КРЕАТИВ ФИКР­ЛАЙДИГАН ИНСОНГА БАС КЕЛОЛМАСЛИГИ АНИҚ!

Олий таълим муассасалари қайси соҳада мутахассис тайёрламасин, биринчи галда, талабаларда ностандарт фикрлаш кўникмасини шакллантиришга эътибор қаратиши зарур.
Меҳмоннинг фикрига Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети ректори Комилжон Каримов ҳам қўшилди:
— Юз йил олдин атомобиллар конвейер усулида ишлаб чиқарила бошланганида минглаб одамлар ишсиз қолиши тахмин қилинганди, — таъкидлади К.Каримов. — Лекин ундай бўлмади. Чунки янги соҳалар юзага келмоқда. Ҳатто ўша сунъий интеллект ортида ҳам инсон турганини унутмаслик даркор. Бироқ энди бизга креатив мутахассислар керак. Университетлар олдида турган энг катта масала ҳам шу. Талабаларга эскича усулда дарс ўтилаверса, ўқув дастурлари халқаро талаблар асосида янгиланмаса, ишонинг, ёшларимиз рақобатбардош кадр бўлолмайди.

Илм-фанга бизнесмен ҳам ҳомийлик қилсин

Шу орада “Буюк келажак” халқаро экспертлар кенгаши аъзоси Асқарали Каримовга ҳам сўз берилди. Ёш олим ҳозирда Техас штатида фаолият олиб бормоқда. Тошкент билан у видеоконференцалоқа тизими орқали уланди.
— Мен ишлаётган A&M университетида 70 минг нафардан заёд талаба таҳсил олмоқда, — дейди хориждаги ватандошимиз. — Инновацияларни сотиш бўйича олийгоҳ Америкада еттинчи ўринда туради. Университетда технологиялар трансфери маркази ташкил қилинган. Ушбу муассаса талаба ёки профессор-ўқитувчилар яратган илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш билан шуғулланади. Ҳозирнинг ўзида 700 дан зиёд патент бўйича лицензия келишувларига эришилган. Бундан университет мислсиз даромад кўрмоқда. Афсуски, Ўзбекистондаги ҳеч бир олий таълим муассасаси илмий ишланмаларини тижоратлаштириш билан шуғулланмайди. Технология­лар трансфери офисларини бизда ҳам очиш зарур.
Яна бир гап. АҚШда кўплаб бизнесменлар илм-фанга ҳомийлик қилади. Бу анъана A&M университетида ҳам бор. Катта-катта молиявий ташкилотлар, компания ёки корпорациялар томонидан бутун бошли илмий лабораториялар қуриб берилганини биламан. Нега бу ишни бизда қилиш мумкин эмас?! Ахир, саховатпеша тадбиркорлар Ўзбекистонда ҳам топилади-ку. Улар хайрия маблағларининг бир қисмини олий ўқув юртларига йўналтирса, катта савобга қолади.
Форсайт муҳокамасида Тошкент давлат техника университети ректори Садриддин Туробжонов ҳам фаол иштирок этди. Унинг мулоҳазаларига қулоқ тутайлик.
— Ўтган асрнинг 70-80-йилларида талабаларга фақат асбоб-ускуналар ҳақида умумий тушунча берилган. Кейинчалик технологик тизим ўргатила бошланди. Мана, энди ишлаб чиқаришни автоматлаштириш бўйича кадрлар тайёрлаб чиқаряпмиз. Жорий ўқув йилида ТДТУга илк бор интеллектуал муҳандислик тизимлари таълим йўналиши бўйича абитуриентлар қабул қилинди. Бу мутлақо янги соҳа бўлиб, ишлаб чиқаришга инновацияларни жорий этиш билан чамбарчас боғлиқ.
Дунё меҳнат бозорида талаб ўзгар­япти. Масалан, ҳозир мамлакатимиз олий ўқув юртларида транспорт логис­тикаси деган мутахассислик бор. Лекин боя ҳурматли тадбиркорларимиз савдо соҳасида сунъий интеллектнинг роли ортиб бораётгани ҳақида асосли фикрлар билдирди. Демак, яқин истиқболда Ўзбекистонда савдо логистикаси бўйича ҳам мутахассисларга эҳтиёж туғилади. Мана шундай ўзгаришларга тайёр турмасак, ривожланишимиз қийин.

Абдужаббор АБДУВОҲИДОВ,  Президент маслаҳатчиси:

“Таълим ва илм-фанда орқада қолдик. Аксарият ёш мутахассислар билими саёзлиги туфайли ҳатто ички меҳнат бозорида ўз ўрнини тополмаяпти”.

***

Зафар ҲОШИМОВ,
“Korzinka.uz” супермаркетлар тармоғи раҳбари:

“Муаммомизни ҳал қилиб бера оладиган дастурчиларни Ўзбекистонда топа олмадим. Катта пул эвазига чет эл мутахассисларини ёллашга тўғри келди”.

***

Комилжон КАРИМОВ,
Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети ректори:

“Талабаларга эскича усулда дарс ўтилаверса, ўқув дастурлари халқаро талаблар асосида янгиланмаса, ишонинг, ёшларимиз рақобатбардош кадр бўлолмайди”.

***

Асқарали КАРИМОВ,
“Буюк келажак” эксперти (АҚШ, Техас):

“Ўзбекистондаги ҳеч бир олий таълим муассасаси илмий ишланмаларини тижоратлаштириш билан шуғулланмайди. Фикримча, уларда технологиялар трансфери марказларини очиш зарур”.

***

Шадаб ХОН,
“Coca-Сola” компаниясининг Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон бўйича ҳудудий менежери:

“Ҳадемай компаниялар ҳисобчи, молиячи ва ҳуқуқшунослар хизматидан воз кечса ажабланмайман. Сабаби, ҳозир уларнинг ишини компьютерлар бемалол уддалай оляпти”.

***
Панель сессиядан сўнг — куннинг иккинчи ярмида иштирокчилар ўн иккита гуруҳга бўлиниб, муҳокамани тор доирада давом эттирди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги вакиллари, олий ўқув юртларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлари, иқтидорли талабалар ҳамда бизнес субъектлари форсайт контекстидаги муаммоларга биргаликда ечим излашга ҳаракат қилди. Якунда ҳар бир гуруҳ ўз ишининг натижалари бўйича қисқача тақдимот тайёрлади.
Қайд этиш керак, олинган барча таклиф ва мулоҳазалар умумлаштирилган ҳолда ҳукуматга тақдим этилади. Улар асосида юртимиз олий таълим тизимини ислоҳ этиш ва ривож­лантириш бўйича истиқболли режалар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

P.S.: Ўз даврининг забардаст сиёсатшуносларидан бири Уинстон Черчилль: “Варрак шамолга қарши учса, юксалади”, — деган эди. Бугун Ўзбекистоннинг инновацион тараққиёт сари интилишини шамолга қарши ҳаракатга қиёслаш мумкин. Шамол қаршилигини енгиш осон эмас, аммо инновациялар бунга имкон беради!

Наргиза УМАРОВА