Эзгу умидлар ҳосиласи

Баҳор янгиланиш ва яшариш фасли. Унинг сеҳри ила она замин митти чечакларга бурканади. Бу вақтда инсонлар қалбида ҳам ажиб туйғулар ниш уради.

Ўзини табиат билан бир бутун эканини дилдан ҳис этган инсон кимгадир яхшилик қилишни, ҳаётга янгича нигоҳ ила боқишни истайди. Ана шундай эзгу умидлар ҳосиласи бўлган ҳашар эса, донишманд халқимизнинг азалий қадрияти, десак муболаға бўлмайди. Шу боис ёшлар ҳашар баҳона бир жойда жам бўлса, уларнинг аҳиллиги, уйимиз остонасини саранжом-саришта қилаётганини кўрган кишининг кўзи қувнайди. Ахир, асл Ватанпарварлик шу эмасми?!
Яратиш, бунёдкорлик завқи билан яшаётган ва фаровон ҳаёт барпо этишга интилаётган бухоролик тенгдош­ларимиз ана шундай эзгу амалга қўл урди. Ёшлар иттифоқининг вилоят кенгаши ташаббуси билан ўтказилган ҳашарда 118 минг 776 нафар юртдошимиз қатнашди. Уларнинг аксарияти ёшлар экани эса, кишини қувонтиради.
140 та маҳаллада уюшқоқлик билан ўтказилган ҳашарда 284 километр ариқ-зовурлар тозаланди. 120 тонна маиший ва қурилиш чиқиндилари махсус жойларга олиб борилиб, қайта ишлашга йўналтирилди. Шунингдек, жойларда мактаб ўқувчиларидан ташкил топган “Эко-пат­руль” лойиҳаси амалга оширилди.
Бундан ташқари ўттиздан ортиқ зиёратгоҳ, қабристон, масжид ва уларга олиб борувчи йўлаклар обод қилинди.
Ёшлар ҳашари кунлари нафақат ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш иш­лари амалга оширилди, балки кўнгил ободлигига ҳам ­эътибор қаратилди. Бир гуруҳ ёшлар ёлғиз қариялар, ногирон ва муҳтожлар ҳолидан хабар олди. Кам таъминланган, кўп болали, боқувчисини йўқотган оилаларга моддий ва маънавий жиҳатдан кўмак берилди.
Бир сўз билан айтганда, ҳашар ўғил-қизларга яна бир бор юртсеварлик ва инсонийликдан сабоқ берди.

Лайло ҲАЙИТОВА