Энг яхши болалар қаҳрамони — “Буюк болакайлар”!

кўрик-танлови якунланди. Энг яхши болалар қаҳрамонлари танлаб олинди

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамкорлигида ўтказилган “Энг яхши болалар қаҳрамони / қаҳрамонлар гуруҳи” кўрик-танлови якунланди.

Мазкур танлов мактабгача таълим материалларини ўргатувлар учун энг яхши болалар қаҳрамонини яратиш мақсадида ташкил этилган бўлиб, унга 270 нафар ижодкордан 1000 дан зиёд иш келиб тушди.
Асарларнинг 17 таси кў­рик-танловнинг якуний — финал босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Финалчиларнинг 10 нафари онлайн овоз бериш йўли билан сараланган бўлса, қолган 7 нафари ташкилотчилар томонидан танлаб олинди.
Финал босқичида иштирокчиларнинг ишларини Мактабгача таълим вазирлиги мутасаддилари, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мутахассислари, таниқли санъаткорлар, дизайнерлар ҳамда блогерлар баҳолаб борди.
Ҳакамлар ҳайъати баҳоларига асосан, биринчи ўрин 172 балл тўплаган Тоҳир Исломовга насиб этди. Унинг “Буюк болакайлар” персонажи энг яхши иш деб топилди ва муаллиф ташкилотчилар томонидан 10 миллион сўм пул мукофотига эга бўлди.
“Барча тарихий шахслар —ҳукмдорлар, олимлар, шоирлар, санъат намояндалари бир пайт­лар бола бўлган. Шундан келиб чиқиб, менда уларни боғча ёшида акс эттириш ғояси пайдо бўлди. 4-5 ёшда болалар келажакда ким бўлишларини аниқ билмайди, бироқ келажакларини белгилаб берувчи иқтидор ва қизиқишларини шу ёшдаёқ намоён этади. Шунинг учун бу танлов болаларни тарбиялашда, йўналтиришда муҳим аҳамият касб этади”, деди танлов ғолиби Тоҳир Исломов.
Иккинчи ўринни эса Хуршид Турсунбоев эгаллади. У яратган “Турсунбой ва Қўчқорбой” персонажи ҳакамлар томонидан 152 баллга лойиқ кўрилди. Муаллифга ташкилотчилар томонидан 6 миллион сўм пул мукофоти топширилди.
Учинчи ўрин Лейла Мўминовага насиб этди. Унинг “Анора” персонажи 145 балл тўплаб, 4 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.
Эслатиб ўтамиз, томошабинлар эътирофи совринига овоз бериш мактабгача таълим муассасаларида давом этмоқда. Натижалар тез кунларда эълон қилинади.

ЎзА