Ҳаёт рақобатдан иборат эмас!

Кўнглимдан бир ўй кечди. Қизимнинг бўйи бўйимга етиб қолибди. Вақтнинг ўтишини қаранг. Кечагина бийрон тилларида шеър такрорлаб, севина-севина боғчага отланган нуридийдам бугун анча бўй чўзиб қолибди.
Унинг китоблар устида мук тушиб, соатлаб шуғулланиши, мактаб дарсликларидан ташқари хорижий тилларни ўрганиш учун бир талай қўлланмаларни титкилаб ўтириши, бир ўқув курсидан бўшаши билан бошқасига чопиши, тағин интернетдан маълумот қидириши, ёзаётган конспектлари, машғулотларини кўриб бироз юрагим ачишади.
Толиқиб қолмаяптимикан? Бир касбнинг етук мутахассиси бўлишга интилиш, чет тилларда эркин сўзлаша билиш, компьютер технологияларини мукаммал ўрганиш бу яхши, албатта. Аммо, боланинг болалиги-чи? Унинг гўзал ўсмирлиги-чи? Орзу-хаёллари, қувонч ва изтироблари-чи? Бир кун келиб унинг хотирасида болаликнинг энг шодон, сурурли, беғубор кунлари жонланармикан? Бугуннинг тезкор, серташвиш ва безовта дамлари унинг миттигина қалбида ўз изини қолдирмаяптими?
Пабло Пикассо дўсти, ёзувчи Гертруда Стайннинг портретини нақ 90 марта чизди. Ўчириб, қайтадан чизди. Яна ўчирди, чизди. Охирги марта чизди, яна ўчирди.
Энг сўнгги марта у хаёлан чизди.
Расмни кўрган Стайн: “Менга ўхшамабди!” деди. Пикассо унга “Энди унга сен ўхшайсан!” дея жавоб қайтарди.
Савол туғилади. Бугунги болалар ўзига ўхшаяптими? Йўқ, улар ўзларига ўхшамаяпти. Улар “компьютер асри”, “ахборот асри”, “юксак тараққиёт асри”, деб турли ном олаётган шиддатли давр чизган суратларга ўхшаб қоляпти.
Болалигимни эслайман. Кўп китоб ўқирдим. Баъзида акам, укаларим билан китобларни бир-биримиздан беркитиб, қизғаниб ўқирдик. Дарс ҳам тайёрлардик. Аммо, бизнинг ўйин ўйнашга, дўстларимиз билан сайр қилишга, телевизорда мултьфильм кўришга вақтимиз етарли бўларди.
Тўпланиб олиб, осмоннинг нақадар катталигидан ҳайратланганларимиз ёдимда. Уйимиздан сал нарироқдаги қирда овқатланишнинг гашти бўлакча бўларди. Айни қовун-тарвуз пишиғида полизга отланганимизни, полиз қоровули қўлига дуч келган нарса билан бизни қувганини, отам эккан маккажўхори поялари ичида адашиб қолган пайтларимни, сув тўла ариқларда оқизиб еган нонлар таъмини энг покиза хотиралар ила эслайман.
Бугуннинг болалари эса тезкор замондан ортда қолмасликни шарт деб ҳисоблайдилар. Зил-замбил папкаларини кўтариб, югурганлари югурган. Айни шаклланаётган паллада, уларга меҳр, мулоқот зарур пайтда улар бошқа нарсалар билан банд.
Тўғри, турли зарарли одатлардан сақланиш учун ҳам уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш керак. Бизнинг давримизда китоб ва телевизор бор эди, холос.
Бугун замонавий ахборот технологиялари, энг сўнгги турдаги компьютерлардан воз кечиб бўлмайди. Чегара билмас ахборот макони ривожланаётган бугунги кунда интернет орқали кириб келаётган маълумотларни яхши ёки ёмонга ажратишнинг ўзи муаммо.
Аммо болаларда ана шу одатлар-у, керак-керак эмас маълумотларга нисбатан иммунитет ҳосил қилиш мумкин-ку. Бунга эса назаримда, фарзандларимиз қалбига меҳр, бахтиёрлик, шавқ ва ҳаётга муҳаббат туйғуларини сингдириш орқали эришиш мумкин. Инсоннинг инсонлиги, ички ва ташқи гўзаллиги моҳияти ҳам шунда эмасми?
Ҳақиқий билим бир нечта тилни билиш ёки компьютер технологияларини сув қилиб ичиб юборганлик билан белгиланмайди. Албатта бундай билимлар ҳам керак. Ахир биз Ибн Сино, Беруний, Форобийларнинг авлодимиз. Ниятимиз ҳам буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлиш. Аммо, доим фахрланадиган алломаларимизнинг тафаккурида биз юқорида тилга олган хислатлар устун бўлган.
Айрим ҳолларда ота-оналар болаларининг ўта билимли бўлиши учун тинмай тер тўкадилар. Унинг истиқболини, келажагини таъминлаш истагида ҳар нега тайёр. Бу жуда яхши. Фарзандини тўғри йўлга бошлаш, уни қўллаб-қувватлаш, истиқболи ҳақида қайғуриш ҳар бир ота-онанинг бурчи, вазифаси. Мен бунга қаршимасман. Аммо, бу қалб бўшлиғи ҳисобига бўлмаслиги керак.
Фарзанд ҳаётида ранг-баранглик йўқолмасин. Унга озуқа бўладиган, қалбан қувват бағишлайдиган ранг-барангликни, асл ҳаётни бой бермайлик. У эгаллаётган билим такрорламаса, хотирадан ўчиб кетадиган эмас, ҳамиша у билан бирга унинг борлиғида бўладиган билим бўлсин.
Ҳаёт рақобатдан иборат эмас. Кишининг борлиқ билан уйғунлиги, болалигида онаси мажбурлаб едирган сариёғ ва асалнинг таъмини ҳануз қўмсаши, шамол шивири, қушлар қўшиғини тинглай билиши, ой, қуёш гўзаллиги, меҳр, севги билан ошно бўлиши рақобатли ҳаётдан афзал, шундай эмасми?

 

Рисолат Мадиева, ЎзА