Ўзга юртда хор бўлма, дўстим!

Uzanalytics.com таҳлилий манбаси Давлат статистика қўмитасига таяниб берган маълумотига кўра, ўтган йили мамлакатимиздан 4 миллион 134 минг нафар фуқаро хорижга ишлаш учун чиқиб кетган. Бу иқтисодий фаол аҳолининг чорак қисмини ташкил қилади.

Ҳамюртларимиз асосан Қозоғис­тон, Россия, Туркия, АҚШ, Жанубий Корея, Исроил, Бирлашган Араб Амирликларига жўнаб кетмоқда.

Сабаблар ҳар хил

Асосий сабаб — даромаднинг нисбатан юқорилиги. Масалан,2018 йил мобайнида жисмоний шахслар томонидан Россия Федерациясидан Ўзбекистонга жўнатилган трансчегаравий пул ўтказмалари миқдори салкам 4 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди.
Умуман олганда, ёмон эмас. Ҳарқалай, иқтисодий таҳлил кўникмасига эга бўлмаган киши шундай, деб ўйлаши аниқ. Энди факт ва рақамларни четга суриб, масалага оддий инсон кўзи билан назар ташласак. Хорижга кўпинча таваккалига чиқиб кетаётган ватандошларимиз унчалик қулай бўлмаган меҳнат шароитлари, ҳатто алдов ва таҳқирларга дучор бўлмоқда. Улар орасида ёшлар ҳам бор.
Албатта, ўзга юртда хор бўлгунча, ўз юртингда одмироқ яшаганинг маъқул. Бироқ ҳозирги замонда бировга ақл ўргатиш мушкул масала. Ҳаёт мураккаб. Унинг баланд-­пастини ҳар ким ўз қаричи билан ўлчайди. Шунданми, фикр ва қарашлар турлича. Нима бўлганда ҳам, бир нарсани инкор этолмаймиз — меҳнат миграциясига кетаётганлар қайтаётганлардан кўра кўп.

Қайтиш учун мотивация керак

Чет элда кунини кўраётган ўзбекларимиз аксар ҳолларда туман ёки қиш­лоғида иш йўқлигини, бўлса ҳам маоши камлигини важ қилади. Уларнинг гапида жон бор. Лекин танганинг бошқа томонига ҳам разм солайлик: бугун юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик баравж ривож­ланмоқда. Соҳада имтиёзлар яратилган. Айтайлик, пухта бизнес режа тузган ёшлар тижорат банкларидан жуда қулай шартларда кредит олиш имкониятига эга бўлмоқда.
Ўтган йили Президентимиз ташаб­буси билан “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармаси ташкил этилгач, шахсий бизнесини бошлаш истагидаги йигит-қизлар учун имтиёзли кредит ставкаси нақ 7 фоизга туширилди. Бундай шароит деярли ҳеч бир мамлакатда мавжуд эмас.
Қувонарлиси, давлат кўмагидан шу чоққача мусофирликнинг қаттиқ нонини еб, ёш умрини хазон қилиб келган айрим тенгқурларимиз ҳам фойдаланмоқда. Масалан, На­воий вилоятида ўтган йили олти нафар собиқ меҳнат мигрантига жами 370 миллион сўм маблағ имтиёзли кредит сифатида тақдим этилди. Шундан 250 миллионини 23 ёшли Аброр Иброҳимов қўлга киритган.

Энди хорижга кетиш йўқ

Навбаҳорлик йигит коллежни тамомлаб, саккиз ой Россияда ишлади. Аммо олис юртда бири икки бўлмаслигини тушуниб етгач, она қишлоғига қайтиб келди. Ёшлар иттифоқининг туман кенгаши кўмагида “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармасига кредит сўраб мурожаат қилди. Хайру баракотли иш учун керакли маблағ дарҳол топилди.
Аброр нон цехини очган. Қўл остида тўрт нафар ишчиси бор. Нон ва нон маҳсулотларига талаб ҳеч қачон камаймайди. Демак, тадбиркор дўс­тимизнинг иши ҳамиша бароридан келишига шубҳа йўқ. Муҳими, энди у хорижга кетиш фикридан батамом қайтган. Билъакс, ота-онаси бағрида фаровон ҳаёт кечириб, халқ меҳри ва розилигини қозонишга ҳаракат қилмоқчи.

Ватан барибир ватан

Зарафшон шаҳрида истиқомат қилаётган Шерзодхўжа Файзуллаев умрининг нақ саккиз йилини Россияда ўтказди. Муҳожирликка кетганида 20 ёшли ғўр йигит эди. Кўп азобларни кўрди (ҳарқалай, ҳозир бу ҳақда гапириш ортиқча). Ватан барибир ватан экан.
Ўтган йили тенгдошимиз 36 миллион сўм сармоя билан якка тартибдаги тадбиркор сифатида кичик корхонани ишга туширди. Унда миллий ширинликлар тайёрланмоқда. Уч киши доимий иш билан банд. Шу жумладан, рафиқаси — Муҳайё Маҳмудова ҳам. Ёш оиланинг топиш-тутиши ёмон эмас. Лекин Шерзодхўжа бундан-да юксак мақсадларни кўзлаган. Ҳаммасига она юрти — Ўзбекистонда эришмоқчи.

Қоқилди, қийналди. Кейин…

Нуроталик Ваҳоб Наврўзов ва Ислом Омонов қўшни Қозоғис­тон Республикасида ишлаб келган. Энди иккиси ҳам тадбиркор. Ваҳоб “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармаси кўмагида 25 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, туманда металл конструкцияли ромлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Исломбек эса, ўзини чорвачилик соҳасида синаб кўрмоқчи.
Кўҳна Нуротанинг яна бир фарзанди — Адизбек Турсунов маълум муддат Россияда ишлади. Қоқилди, қийналди. Кейин Ўзбекистонда бирин-кетин шахсий бизнесини йўлга қўяётган тенгдошларини кўриб, ҳаваси келди. Охири, ўзи ҳам тадбиркор бўлишга қарор қилди.
Ҳозир Адизбек бозори чаққон қурилиш материалларидан бири — шлакоблок ишлаб чиқармоқда. Иш бошлаши учун 50 миллион сўм маблағ кифоя қилди. Буёғи уддабуронлигию ишбилармонлигига боғлиқ.

Меҳнат инсонни улуғлайди. Баҳона тўқиб, ўртамиёна даромад, ҳаминқадар турмуш шароити, алдову чекловларга кўникиб яшаш мумкин. Лекин бошқа йўллар ҳам бор. Масалан, шижоат кўрсатиб, тақдирни ўзгартириш. Ахир, бу қўлимиздан келади-ку. Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ, азизлар.

Наргиза УМАРОВА