“Ўлик” туғилган чақалоқ юз долларга сотиб юборилди

Ёки чақалоқлар “савдоси” қачонгача давом этади? 
Тошкент вилояти Янгийўл тумани тиббиёт бирлашмасида 2019 йил 1 апрель куни қиз чақалоқ дунёга келди. Фарзанди туғилишини орзиқиш билан кутган онасига эса унинг дийдорини кўриш ҳам насиб қилмади. Чунки туғиш жараёнидаги қийинчиликлардан ўзини йўқотган онани шу ерда ишловчи акушер-гинеколог Р.Х. “боланг ўлик туғилди”, деб алдади.
Шифокорнинг мақсади эса бутунлай бошқа эди. Яъни болани сотиб, пул ишлаш эди. Бунинг учун унинг хуфёна режаси ҳам бўлган, албатта. Бўлмаса шу куннинг ўзидаёқ чақалоқни С.М. дунёга келтирди, деб бошқа аёл номига расмийлаштириб берармиди?
Қизалоқнинг ота-онаси эса сал кейин ўлик туғилган бўлса ҳам чақалоқни кўришни истайди. Аммо шифокор, табиийки, чақалоқни кўрсата олмайди.
Ота-онанинг ўз вақтида қилган мурожаати туфайли Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Янгийўл шаҳар бўлими ва ички ишлар бўлими ходимлари ҳамкорликда ўтказилган текширишда чақалоқ сотиб юборилгани фош этилди. Чунки ҳужжатларда чақалоқнинг ўлик туғилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот қайд этилмаган эди.
Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жуда аянчли, оғриқли мавзу, шундай эмасми? Кейинги вақтларда бундай нохуш воқеаларга тез-тез дуч келаётганимиз эса янада ачинарли.
Биз болажон халқмиз, бола сотиш бизга ор эмасми, чақалоқ сотишни бас қилинг, каби даъватлар остида кўплаб чиқишлар қилинмоқда. Аммо амалда худди ўчакишаётгандек вазият юзга келмоқда.
Ўзбекистонда 2010-2018 йилларда юздан зиёд янги туғилган гўдак одам савдоси қурбонига айланганини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили берган маълуотга таяниб маълум қилган эдик.
Ҳозирги кетишда эса бу “довон” бир неча йилларни “кутиб” ўтиришига шубҳа пайдо бўлди. Чунки шу йилнинг ўзида чақлоқлар сотилаётгани билан боғлиқ ўнлаб ҳолатлар рўй берди.
Нега одамлар бунчалик бетаъсир ва юзсиз бўлиб кетмоқда? Ёки жиноятлар учун тайинланадиган жазолар енгиллашиб кетдими?
Юқоридаги ҳолатда ота-она сал ҳушёр бўмаганида жигарбандини бир умрга йўқотган бўларди. Бу ҳолни тасаввур қилиб кўришнинг ўзи даҳшатли. Лекин шу шификор номига ўчмас доғ туширган акушер-гинеколог наҳотки юз долларга шунчалик муҳтож бўлган бўлса? Энди номига, виждонига тушган қора доғни юз баробар сарфлаб ҳам юва олмайди-ку!
Шундай кишиларга қараб беихтиёр ҳайқиргинг келади: кўзингизни очинг, бунчалик тубан кетманг!
Норгул Абдураимова, ЎзА