Ўқ отишдан мина топишгача

Ёшлар иттифоқининг Жиззах вилояти кенгаши Миллий гвардия ҳамда маданият бошқармаси билан ҳамкорликда умумтаълим муассасаларининг юқори синф ўқувчилари ўртасида “Темурбеклар” ҳарбий-спорт ўйинларини ўтказди.

Беллашувда 13 та туман ва шаҳардан жамоалар иштирок этиб, тўққизта шарт асосида куч синашди. Қизғин ва муросасиз баҳслар ёшлар мусобақага пухта тайёргарлик кўришганидан далолат бериб турди.
“Моҳир мерган”, “Миналаштирилган ҳудудда ҳаракатланиш”, “Рақиб жамоа байроғини эгаллаш” каби шартлар иштирокчиларнинг катта қизиқишига сабаб бўлди.
Якуний натижаларга кўра, 1-ўринни Жиззах шаҳридаги 22-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби жамоаси қўлга киритди. 2-ўринга Зомин туманидаги 15-мактаб, 3-ўринга эса, Зафаробод туманидаги 10-мактаб шоввозлари лойиқ топилди. Ғолиб­ларга диплом ва эсдалик совғалар топширилди.

Элдор НАВРЎЗОВ.
Муаллиф олган сурат.