Амир Темур ва дипломатия

Амир Темур Европа давлатлари раҳбарлари билан фаол сиёсий ва савдо муносабатлари олиб борган. Буларга ўша даврдан ҳозиргача сақланиб қолган дипломатик ёзишмалар гувоҳлик беради. Ашёвий далил тариқасида Амир Темур ва унинг учинчи ўғли — Ғарбий Эрон, Ироқ ва Озарбайжон ҳокими Мироншоҳ Мирзо билан Франция, Англия, Кастилия ва бошқа мамлакатлар қироллари ўртасидаги мактубларни кўрсатиш мумкин.

Мактублардан айримлари Франция миллий архивида (ўзбек ва рус тилида чиққан деярли барча китоб ва мақолаларда “бу мактублар Франция миллий кутубхонасида сақланади” дейилиши нотўғри), Британия музейида ва Испания архивларида сақланмоқда. Таниқли темуршунос олим, академик Б.Аҳмедов ҳақли равишда таъкидлаганидек, бу мактубларни махсус ўрганмоқ зарур.
Амир Темур ва Европа ўртасидаги муносабатларнинг собиқ иттифоқ даврида ўрганилиши ҳақида сўз борганда, И.Умняковнинг “XV аср бошларида Ўрта Осиёнинг халқаро муносабатлари. Амир Темурнинг Византия ва Франция билан алоқалари” мавзусидаги мақоласи ва бошқа асарлари анча мазмунли эканини қайд этиш ўринлидир.
Авваламбор, И.Умняков ўз мақолаларида Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолияти Шарқда айни мавзуда яратилган адабиётларда атрофлича ёритилгани ҳолда, Соҳибқироннинг Ғарбий Европа қироллари билан олиб борган дипломатик ёзишмалари совет тарихчилари эътиборидан четда қолганини асосли танқид қилган.
Муаллиф қайд этганидек, “ҳатто уч жилддан иборат “Дипломатия тарихи”да ҳам Ўрта Осиё дипломатияси мутлақо ёритилмаган”. Бу борадаги бўшлиқни тўлдириш мақсадида И. Умняков Амир Темурнинг Туркия билан дипломатик музокаралари асносида Византия ва Франция билан олиб борган ёзишмалари ҳақида тўхталган.
XIV аср охирларида Усмонлилар салтанатининг ҳарбий қудрати ниҳоятда юксалиб, Византияга таҳдид сола бошлаган. Умуман олганда, ўшанда бутун Европа давлатлари қандай бўлмасин бу хавф-хатарнинг олдини олиш чораларини излашга тушган. Боязид Йилдирим эса бор кучини ягона мақсадга — ўша пайтда кучдан қолган Византияни бутунлай тор-мор этиш ва унинг пойтахти Константинополни босиб олишга қаратган.
Аммо Кичик Осиёда Боязиднинг рақиби бўлган Амир Темур бунга халал берган. Боязид, ўз навбатида, Миср билан иттифоқ тузган, Амир Темурнинг душманларига бошпана берган. Амир Темур ўзининг Ғарбга етти йиллик юриши (1399—1404-йиллар) даврида, Кичик Осиёни забт этишидан олдин султон Боязид билан ўзаро элчи ва дип­ломатик хатлар алмашгани тарихдан маълум.
Амир Темур ва Боязид Йилдирим ўртасида дастлабки хат алмашинуви 1400 йилнинг биринчи ярмида бўлиб ўтган. Бу хатлар аслида дипломатик музокарадан кўра кўпроқ икки қуд­ратли рақибнинг яккама-якка куч синашишга даъватидан иборат бўлган. Хусусан, Боязид ўз хатида Амир Темурнинг зудлик билан ҳузурига етиб келишини талаб қилиб, Соҳибқирон шаънига номуносиб сўзларни айтган (Ahmedis Arabsiadae vitae et rerum gestarum Timuri… historia. Ed. Manger/Leovardiae. 1772. II. – Р.196.).
Амир Темур бундай ҳақоратомуз муносабатга қарамай, Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, Боязиднинг элчиларини яхши насиҳатлар билан тинч-­омон қўйиб юборган.
Охир-оқибат Амир Темур ва Боязид Йилдирим ўртасида шафқатсиз тўқнашув бўлиб ўтган. Унда ҳар икки томондан қатнашган қўшинлар сони тарихчи олимлар томонидан турлича кўрсатилган.
Масалан, Ф. Успенский Боязиднинг ҳарбий кучлари миқдори қарийб 120 минг кишидан иборат, Амир Темур қўшинлари бундан бир неча баробар кўп бўлган (Ф.И.Успенский, История Византийской империи. – М.-Л. Изд. АН СССР. 1948, т. III. – С.701.) деб ёзган.
А. Якубовскийнинг фикрича, бу жангда ҳар икки томондан ҳам камида 200 мингдан зиёд аскар иштирок этган (Вопросы истории, №8-9, 1946. – С.66.). Ушбу тўқнашувда усмонли турклари томонида бўлган бавариялик асир-жангчи Иоганн Шильтбергер эса бу борада мутлақо афсонавий рақамларни келтирган (Путешествия Ивана Шильтбергера по Европе, Азии и Африке с 1394 по 1427 год. Перевел с немецкого и снабдил примечаниями Ф.Браун// Записки Имп. Новороссийс­кого Унив., год 1. Одесса, 1867. – С. 19.). Нима бўлганда ҳам, ушбу жангда усмонли турклари узил-кесил мағлубиятга учраган.
Амир Темурнинг Боязид Йилдиримга қарши уруш бошлаши учун бошқа бир қатор омиллар ҳам муҳим роль ўйнаган. Ғарбдаги христиан давлатларининг Соҳибқирондан ёрдам сўраб қилган мурожаатлари, шулар жумласидан.
Амир Темур Кичик Осиёни ишғол этиб турган пайтида Ғарбий Европанинг олис давлатлари, хусусан, Валуа династияси намояндаси — Франция қироли Шарль VI (1380—1422-йиллар) ва Англия қироли Генрих IV (1399—1413-йиллар) билан ҳам дип­ломатик ёзишмалар олиб борган.
Амир Темур ва Шарль VI ўртасидаги 1402—1403-йиллар ёзишмаларига доир дастлабки мухтасар маълумотни XIХ аср бошларида яшаб ўтган француз тарихчиси Флоссан 1811 йили нашрдан чиққан тадқиқотида келтирган (Histoire generale et raisonnee de la diplomatie francaise depuis la fondation de la monarchie jusqu’a la fin du regne deLouis XVI. Paris, 1811, t.I.– P.188-190.).
Таниқли француз шарқшуноси Сильвестр де Саси ўз замондоши Флоссан баён этган маълумотлар билан танишгач, мазкур ҳужжатларни ўрганишга қарор қилган. Натижада олимнинг “Memoire sur une correspondence inedited de Tamerlan aves Charles VI” (Memoires de l’Academie royale des Inscriptions et Belles-Lettres. Parus, 1824, t. VI.– P.470-522. Сильвестр де Саси бунга қадар ушбу ёзишмаларга доир дастлабки маълумотларни “Moniteur” журналининг 1812 йил 226-сонида эълон қилган) деб номланган тадқиқоти юзага келган.
Амир Темурнинг Шарль VI га мактуби форсий тилда, Шарқ ҳукмдорларининг услубига ўхшамайдиган, ноодатий усулда ёзилган. Хатнинг услуби жуда содда бўлиб, ҳатто айрим ўринларда эътиборсизлик аломатлари ҳам сезилиб туради.
Матнда имло хатолари учрайди. Шу мазмундаги одатий мактублардан фарқли ўлароқ, унда муболағали қиёслар ва жимжимадор жумлалар йўқ.
Мактубда қиролнинг номи тилга олинмаган, унга “Редифрансa” (“Redifransa”) деб мурожаат қилинган.
Атоқли тарихчи Рашидиддин ҳам Франция қиролини айни шу ном билан атаган. Демак, ҳойнаҳой, бу атама итальян тилидаги “Re di fransia”, яъни “Франция қироли” деган иборадан ўзлаштирилган бўлса керак (В.В.Бартольднинг мақоласи. “Мир ислама” журнали, т.1, №2, 1912, 218-бет.).
Мактубда “ваъзхон руҳоний Франциск” Франция қиролидан Амир Темурга мактублар олиб келгани ҳақида сўз боради. Билишимизча, Амир Темур билан Шарль VI ўртасида Кастилия қироли Генрих III ўртасида бўлгани каби расмий элчилар алмашуви бўлмаган.
Айни чоғда, мактуб матнидан шундай мазмун келиб чиқадики, Амир Темур илгари ҳам Франциядан мактублар олиб турган. Лекин бу хатлар бизгача етиб келмаган. Эҳтимол, ўша мактублар аслида Амир Темур салтанатига юборилган католик мазҳаби миссионерларига берилган тавсияномалар бўлгандир.
Сильвестр де Сасининг фикрига қараганда, ўша миссионерлар, ўз даврида Яқин Шарқда юзага келган вазиятдан фойдаланган ҳолда, бундай тавсияномалар орқали кейинчалик Амир Темурнинг номидан Франция қиролига мактублар битилишига эришган бўлишлари мумкин (Memoires de l’Academie royale des Inscriptions et Belles-Lettres. Parus, 1824, t. VI.– P.502.).
Афсуски, католик мазҳабидаги миссионерлар қандай шароитларда Амир Темур саройига йўл топганлари, Соҳибқироннинг ишончини қозонганлари ва ул зотнинг Ғарбий Европа қироллари билан дипломатик алоқаларида воситачилик қилганлари ҳақида аниқ маълумотларга эга эмасмиз.
Амир Темурнинг мактубида Шарль VI ҳузурига Султония шаҳри епископи руҳоний Иоанн юборилаётгани ҳақида ҳам маълумот берилган. Гап шундаки, Султония шаҳридаги католик мазҳаби епископи Иоанн Амир Темурнинг ва Мироншоҳнинг мактубларини Ғарбий Европа қиролларига доимий равишда етказиб турган асосий хат ташувчи бўлган. Айрим манбаларда Иоанн инглиз, баъзиларида эса итальян ёки француз миллатига мансуб деб кўрсатилган.
Султонияга келсак, бу шаҳарнинг қурилиши XIII асрда бошланиб, XIV асрда у Эроннинг асосий шаҳрига айланган ва ўша даврда, Клавихонинг гувоҳлик беришича, улкан савдо-тижорат аҳамиятига эга бўлган (Рюи Гонзалес де Клавихо. Дневник путешествия ко двору Тимура в Самарканд в 1403-1406 гг. Подлинный текст с переводом и примечаниями, составленными под. ред. И.И.Срезневского. Спб.1881 (сборн.отд.русск. яз.и словесн. И. Аккад. Наук, т. XXVIII, №1). – С.177 и след.). Бу шаҳарда Шарқдаги католик­лар мазҳабининг маркази ҳам мавжуд бўлган.
Мазкур мактубнинг асл нусха эканига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Буни хатнинг икки жойига Амир Темурнинг мўъжаз муҳри босилгани ҳам яққол тасдиқлайди.
Хатдаги муҳрнинг ҳақиқатан ҳам соҳибқиронга тегишли экани аксарият тарихчилар, шу жумладан, элчи Клавихо ва муаррих ибн Арабшоҳ (Ahmedis Arabsiadae vitae et rerum gestarum Timuri… historia. Ed. Manger/Leovardiae. 1772. II.– P.782.) томонидан исботланган.
Париждаги Миллий кутубхонада Амир Темурнинг Шарль VI га юборган иккинчи мактуби сақланмоқда. Бу хатнинг лотинча таржимаси бизгача етиб келган бўлиб, илк бор Сильвестр де Саси томонидан унинг юқорида эслатиб ўтилган тадқиқотида чоп этилган (Memoires de l’Academie royale des Inscriptions et Belles-Lettres. Parus, 1824, t. VI.– P.472.). Ушбу мактубнинг таҳлили қуйидагича хулоса чиқариш имконини беради:
биринчидан, Амир Темурнинг иккинчи мактубининг фақат лотинча таржимаси сақланиб қолган бўлиб, форсийда ёзилган асл нусхадан шакл ва мазмун жиҳатидан бутунлай фарқ қилади;
иккинчидан, мактубнинг лотинча таржимасида баён этилган гапларнинг аксарияти форсий тилдаги асл нусхада (агар шундай нусханинг ўзи бор бўлса), ҳойнаҳой, қайд этилмаган бўлса керак. Айтайлик, Шарль VI га султон унвони берилишига доир жумлалар; руҳоний Иоанн диний масалалардан бошқа барча ишлар бўйича ишончга сазовор шахс экани ҳақидаги писанда; мактуб жўнатилган манзил ва сананинг тарихий ҳақиқатга зид равишда ноаниқ кўрсатилиши каби ҳолатлар;
учинчидан, мактубнинг лотинча матнини ушбу хатда “бутун Шарқ архиепископи” деб таърифланган руҳоний Иоаннинг ўзи таҳрир қилган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Яъни, у қиролнинг нафсониятига хуш ёқадиган ва архиепископнинг нуфузини мус­таҳкамлайдиган нимаики бўлса, ҳаммасини ушбу хатга киритишга ҳамда ўз зиммасига юклатилган дипломатик миссиянинг туб аҳамиятини ошириб кўрсатишга ҳаракат қилган бўлиши мумкин;
тўртинчидан, форсий матннинг ўзи умуман бўлмаган деган фикрни ҳам истисно этиб бўлмайди. Балки Амир Темур номидан тайёрланган ушбу мактуб архиепископ Иоанн томонидан тўғридан-тўғри лотин тилида битилган ва 1403 йили Францияга олиб борилгандир. Ҳар ҳолда, Франция архивларида бу мактубнинг форсий асл нусхаси сақланаётгани хусусида маълумотлар мавжуд эмас. Шу боис мактубнинг устига гўёки ушбу хат форсийдан лотинчага таржима деган мазмундаги ёзувни битган муаллиф қайси маълумотларга таянгани бизга номаълум.
Шу билан бирга, Шарль VI томонидан Амир Темурга юборилган мактубнинг лотинча таржимаси (Memoires de l’Academie royale des Inscriptions et Belles-Lettres. Parus, 1824, t. VI.– P.521-522.) ҳам мавжуд. Бу Франция қиролининг Соҳибқиронга йўллаган хатлари орасидан бугунги кунгача сақланиб келаётган ягона мактуб сифатида алоҳида қимматга эга бўлган ноёб ҳужжатдир.
Амир Темурнинг ҳар иккала мактубига 1402 йил 1 август санаси қўйилган бўлса, Шарль VI мактубига 1403 йил 15 июнь санаси битилган.
Бундан ташқари, Мироншоҳнинг Ғар­бий Европа қиролларига мурожаат­номаси ва Англия қироли Генрих IV томонидан Амир Темурга ва Мироншоҳга йўлланган мактублар ҳам
И. Умняковнинг шу йўналишдаги алоҳида мақолаларида атрофлича илмий таҳлил этилгани диққатни тортади.
Мухтасар айтганда, Амир Темур ҳазратларининг ташқи сиёсати, дип­ломатик ёзишмалари дунё олимлари, шу жумладан, мамлакатимиз мутахассислари томонидан атрофлича ўрганилган ва ўрганилмоқда. Бундан бир муддат олдин Франциянинг таниқли шарқшунос, бобуршунос олими Жан-Луи Бакэ-Граммон билан Парижда учрашганимизда, у менга руминиялик тарихчи ва туркшунос олим Мария-Матильда Александреску-Дерска (Marie-Mathilde Alexandrescu-Dersca) хоним қаламига мансуб “Амир Темурнинг Анатолияга юриши (1402)” номли китобининг 1942 йилда нашр этилган нодир нусхасини тақдим этганди.
Китобни ўрганиш асносида унинг “Анқара жангига оид ҳужжатлар” қисмида Амир Темурнинг ҳали жамоатчилигимизга маълум бўлмаган ноёб дипломатик хати — 1402 йил
15 майда Константинополь ҳукмдорига йўллаган мактубига дуч келдик (Marie-Mathilde Alexandrescu-Dersca.La campagne de Timur en Anatole (1402): Imprimeria Nationala Bucuresti, 1942. – P. 123-124.). Ушбу хатни илк бор ўзбек тилида “Туркистон” газетасининг 2014 йил 5 апрелдаги сонида чоп этдик.
Амир Темур мактублари бундан қарийб етти аср аввал ёзилганига қарамай, улардаги айрим жиҳатлар худди бугунги кунимизнинг ўта муҳим даъвати каби жаранглаб турибди: дунё тожирлар билан ободлиги, салтанатнинг улуғворлиги аввало ўзга салтанатлар улуғворлигини эътироф этиш, расмий ва ғайрирасмий тафовутларга қарамай, фуқароларнинг иззат-икромини бажо келтириш, инсоний ҳуқуқ ва эркинлик­ларга қатъий амал қилиш билан белгиланиши англаб етилмокда.
Амир Темурнинг дипломатик ёзишмалари, биринчидан, Европа ўзидан анча аввал уйғонган Шарққа ҳамиша қўл чўзиб келганини, иккинчидан, Шарқ ҳам бу ўлкалар билан алоқа боғлашга, ҳамкорлик қилишга, савдо-сотиқ ишларини йўлга қўйишга, эътиқодий тафовутларга қарамасдан, тужжорларни иззатлашга, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя этишга ҳаракат қилганини яққол кўрсатиб турибди.
Ҳозирги кунда Франциянинг миллий архивида 4 та хат сақланмоқда (Archives nationals, N AE II 203, 1937, dossier II. №7 dis et 7 ter.):
биринчиси, Амир Темурнинг Франция қироли Шарль IV га форс тилида ёзган хатининг асл нусхаси;
иккинчиси, шу хатнинг архиепископ Иоаннинг ўзи ёки унинг бирон замондоши лотин тилига таржима қилган нусхаси;
учинчиси, Франция қироли Шарль IV нинг Амир Темурга лотин тилида ёзган хатининг нусхаси;
тўртинчиси, Мироншоҳ Мирзонинг Европанинг уч қиролига йўллаган хатининг лотин тилига таржима қилинган нусхаси. Унинг асл нусхасини Иоанн ўзида сақлаган ва кейинчалик Англия қиролига кўрсатган…
Тарих такрорланади. Башарият тарихи бўлакларга бўлинмайди. У яхлит ва ягона, инсониятнинг бир-бирига суяниб, бир-бирини тўлдириб ва бир-биридан баҳра олиб давом этувчи тараққиёт жараёнидир. Буюк ипак йўли анъаналари тикланиб бораётгани бунга яққол мисолдир.
Шарқ ва Ғарб олимлари ҳам инсоният умумий тарихини, жумладан, Марказий Осиё тарихи, унинг ажралмас таркибий қисми бўлмиш Амир Темур ва темурийлар сулоласи тарихини яқин ҳамкорликда яратмоқлари лозим. Бу тарихни умуминсоний қадриятлар нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда ёзишда сақланиб қолган тарихий манбалардан, дипломатик ёзишмалардан фойдаланиш ниҳоятда катта аҳамият касб этади. Бу борада Амир Темур ҳамда Шарқ ва Европа давлатларининг раҳбарлари ўртасидаги ёзишмаларни тўлалигича йиғиш, таржима қилиш ва чоп этиш вақти келди деб ўйлаймиз.

Акмал САИДОВ,
академик