Асосий сабаб — билимсизлик

Пахтакор туманида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, шунингдек, ақидапарастлик ва мутаассибликка қарши курашишга қаратилган тарғибот тадбири бўлиб ўтди.

Унда 31-ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаси ўқувчилари ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 30 нафар фарзанди иштирок этди.
Ёшлар билан Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиби, Ички ишлар вазирлигининг Жиззах ака­демик лицейи ўқувчиси Зуҳра Йўлчиева, Президент стипендиати Барно Қўшбоқова, Ёшлар иттифоқининг Жиззах вилояти кенгаши бўлими мудири Шукрулло Жўраев учрашди.
Суҳбат чоғида меҳмонлар ёшлар мутаассиб ва ақидапараст кучлар тузоғига кўпинча билимсизлиги туфайли тушиб қолаётганини, шу боис, уларни мутолаага қизиқтириш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Ўқувчилар ҳам мавзу юзасидан фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Вилоятда тарғибот тадбирлари давом этмоқда.

Малик СИНДОРОВ