Бўка: ҳаётбахш ташаббуслар манзили

Маънавияти ва интеллектуал салоҳиятли юксак авлодни тарбиялаш, ёшларнинг сифатли таълим олишига қўшимча шароитлар яратиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бугун давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишлари сирасида.

Президентимиз бу борада белгилаб берган вазифаларнинг тезкор ва изчил ижросига эришиш, аҳолини қийнаётган ижтимоий муаммоларни ўрганиш мақсадида тузилган республика ишчи гуруҳи айни пайтда Бўка туманида иш олиб бормоқда.
Мақсад туман ёшларини бекор қолдирмаслик, улар ўртасида китобхонликни оммалаштириш, бўш вақтини самарали ўтказиши учун маданий тадбирлар, компьютер саводхонлиги ва интернет марказлари, спорт тўгарак­ларини ташкил қилишга қаратилган. Шу маънода, яқин истиқболда Бўкада кутубхона ва китоб дўконларининг сони кўпайтирилиб, “Book cafе”лар фаолияти йўлга қўйилади. Бундан ташқари, ишсиз аёлларни тикув ва тўқимачилик цехларига ишга жойлаштириш бўйича алоҳида чора-тадбир белгиланган.
— Бугун ҳар бир бўкаликнинг қалби шижоатга тўлмоқда, — дейди туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Аъзамжон Борхўжаев. — Чунки Юртбошимиз илгари сурган бешта ҳаётбахш ташаббуснинг амалий ифодасини улар биринчилар қаторида ўз ҳаётида кўриш ва ҳис қилиш имконига эга.
Шу кунларда туманда Президент администрациясининг масъул ходимлари, барча мутасадди вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари раҳбарларининг шахсан ўзи ҳозиру нозир бўлиб турибди. Ҳарқалай, Тошкент вилояти фаоллари, жумладан, Ёшлар иттифоқи вакиллари ҳам қараб тургани йўқ. Улар эзгу мақсадлар рўёбига сидқидилдан киришган.
Бўкада ёшларни ижодиётга қизиқтириш, маданият ва санъат марказларига жалб этиш, ушбу муассасаларда миллий чолғучилик, хонандалик, тасвирий санъат тўгараклари, ҳаваскорлик
театр жамоалари ва болалар ансамбл­ларини ташкил этиш бўйича ҳам саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Айни вақтда “Бўстон” маҳалласидаги маданият маркази биноси таъмирланяпти. Ҳадемай, бу ерда 160 ўринли кино-концерт зали қуриб битказилади. 12 турдаги янги мусиқа асбобларини тантанали тарзда топшириш ҳам кўзда тутилган.
Спорт иншоотларини кў­пайтириш, шу жумладан, енгил конструкцияли, сендвич панелли кичик спорт залларини қуриш бўйича ҳомийлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиляпти.
Учинчи ташаббус — аҳоли ва ёшларнинг компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиши юзасидан ҳам амалий қадамлар қўйилди.
Тўртинчи ташаббус доирасида туманга қарийб 20 минг дона китоблар ортилган карвоннинг кириб келиши бўкаликлар учун бебаҳо совға бўлди.
Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва мутолаага жалб қилиш мақсадида республика мутасаддилари бўкаликлар учун ажойиб туҳфаларни ҳозирлаган. Масалан, қаровсиз ётган эски стадион ўрнида “Маънавият ва маърифат” экопарки қуриладиган бўлди. Лойиҳага кўра, янги масканда экобоғдан ташқари, спорт майдончаси, амфитеатр ва замонавий кутубхона қад ростлайди.
Бешинчи ташаббус доирасида тез фурсатда туманда каттагина тикув-трикотаж корхонасини ишга тушириш режалаштирилган. Куни кеча “Бўстон” маҳалласи ҳудудида янги объект учун жой танланиб, қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Бир вақтнинг ўзида 130 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим муассасасини қайтадан таъмирлашга ҳам киришилган.
Хуллас, Бўкада ўзгаришлар катта. Хайрли ташаббусларга бош қўшаман деган киши борки, бугун ўзи ва фарзандлари учун порлоқ келажакни барпо этишга енг шимарган. Холис ният ва ҳалол меҳнат эса, элу юртни албатта яхшиликка бошлайди.

Исломжон КАРИМОВ