Дўстлик ришталарини боғлаган тасвирлар

Тошкент Фотосуратлар уйида Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси билан “Туркия ўзбекистонлик журналист ва фоторассомлар нигоҳида” номли фотокўргазма иш бошлади.

Аҳоли, айниқса, ёшларни турк маданияти, урф-одатлари, маросимлари ва меъморчилик анъаналари билан таништириш, икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган кўргазмада Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурейя Эр иштирок этди.
Очилиш маросимида таъкидланганидек, элчихона ўтган икки йил давомида ўттизга яқин ўзбек журналистининг ушбу давлатда ўтказилган тадбирлардаги иштирокини таъминлади. Улар Туркиянинг шаҳар ва қиш­лоқларида бўлиб, турк халқининг яшаш тарзи, табиати, меъморчилиги ҳақида бир-биридан қизиқарли фотосуратларни олиб келди.
Кўргазмада 500 га яқин ижод намуналаридан саралаб олинган фотосуратлар намойиш этилмоқда. Экспозициядан Абдували Сойбназаров, Анора Содиқова, Бахтиёр Насимов, Турсунали Қўзиев, Шавкат Ортиқов, Маъруфжон Йўлдошев, Ҳотим Мамадалиев каби ижодкорларнинг суратлари ўрин олган.

Динара ЮСУПОВА,
Маҳфуза ЯШИНОВА