Ибн Сино ворислари қаерда тайёрланади?

Инновацион ривожланиш вазирлиги тасарруфида Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этилди. У келаси ўқув йилидан фаолиятини бошлайди. Янги таълим муассасаси ҳақида батафсил маълумот олиш мақсадида мактаб-интернат директори Жамолиддин Камоловни суҳбатга тортдик.

— Мактабимиз Вазирлар Маҳ­камасининг 2018 йил 19 июлдаги “Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Тошкент банк коллежи ўрнида ташкил этилган, — дейди Ж.Камолов. — Бу ерда ёшлар табиий фанлар ҳамда хорижий тилларни мукаммал ўзлаштириш баробарида улуғ аллома Абу Али ибн Сино­нинг тенгсиз илмий меросини ҳам чуқур ўрганади. Ўқув режа ва дастурлар нафақат миллий, балки умумжаҳон тажрибаси асосида ишлаб чиқилмоқда. Ўқувчилар билимини баҳолаш бўйича PISA, ТIMSS, PIRLS халқаро рейтинг тизимларини жорий этиш ҳам кўзда тутилган.

— Болаларга назарий билимлар билан бирга амалий кўникмалар ҳам берилса, самара юқорироқ бўлади, назаримизда
— Тўғри айтдингиз. Бу жиҳатни ҳам инобатга олганмиз. Хусусан, мактаб-интернат ўқувчилари учун Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ботаника, Зоология институтлари каби қатор таянч илмий-тадқиқот муассасаларида амалий дарслар ўтилади.
Бундан ташқари, таълим жараёнига юртимиз ва хорижий давлатлардан олимлар, юқори касб маҳоратига эга педагогларни жалб қилиш режалаштирилган.

— Қабул жараёни қандай ташкил қилинади?
— Квотани Инновацион ривожланиш ҳамда Халқ таълими вазирликлари биргаликда белгилайди. Биринчи йили ўқувчилар 7–10-синфларга қабул қилинади. Кейин фақат 7-синфга. Номзодлар суҳбат ҳамда тест синовидан ўтказилади. Тестда кимё ва биология фанларидан 75 фоиздан ортиқ натижа кўрсатиш керак.
Саралаш жараёнида боланинг билимлар беллашувлари, халқаро ва республика фан олимпиадалари, илмий танловларда совринли ўринларни эгаллагани, шунинг­дек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан нечоғлиқ фойдалана олишига ҳам эътибор қаратилади.

— Хорижий тилларни билиш шарти ҳам борми?
— Ҳа. Мактаб-интернатимизда ўқимоқчи бўлган бола ўзбек ва рус тилларини мукаммал, инглиз тилини эса, базавий даражада билиши керак. Чунки келгусида ўқувчиларни халқаро фан олимпиадаларига тайёрлаймиз. Бунда чет тилини билиш жуда муҳим.

— Ўқувчилар фақат дарс билан чекланиб қолмаса керак-а?
— Албатта. Таълим-тарбия сифатини ошириш, ўқувчилар-­
нинг иқтидорини ривожлантириш мақ­садида турли конференциялар, семинар-тренинглар, маҳорат
да­рс­­лари, форум ва беллашувлар ўтказилади. Соғлом овқатланиш тартибига ҳам риоя қилинади. Болаларни илмий ва бадиий адабиётларга қизиқтириш орқали уларда турли мафкуравий таҳдид­лар, хусусан, диний экстремизм, терроризм, “оммавий маданият” каби ёт унсурларга қарши мус­таҳкам иммунитет шакллантирилади.

— Яна қандай шароитлар ҳозирланмоқда?
— Янги ўқув йили бошлангунга қадар биноларимиз замонавий талаблар асосида таъмирланиб, тўлиқ жиҳозланади. Ўқувчи ва ўқитувчилар учун тураржойлар ажратилади. Қолаверса, турли ўқув-лабораториялари, шу жумладан, инновацион лаборатория ташкил қилинади. “Ақлли ёшлар маскани”, иссиқхона, ахборот-ресурс маркази, спорт майдончалари ва сузиш ҳавзасини қуриш ҳам режалаштирилган.

— Бизга вақт ажратганингиз учун ташаккур.
— Саломат бўлинг.

Шерзод МАҲМУДОВ