Инновацион ёндашув муҳим

Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультети томонидан “Аудиовизуал ва интернет журналистика: назария, амалиёт ва таълим жараёнида инновацион ёндашувлар” мавзуида VI республика илмий-амалий конференцияси ташкил қилинди.

Анжуманда профессор-ўқитувчилар, докторантлар, таниқли журналистлар, талаба-ёшлар иштирок этди. Бугун шиддат билан ривожланаётган оммавий ахборот воситаларининг давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни, глобаллашув давридаги инновацион ўзгаришларга журналистлар ҳозиржавоб бўлиши кераклиги ҳақида сўз юритилди. Қолаверса, матбуот, телевидение, радио ва интернет каналлари орқали ижтимоий аҳамиятга эга воқеа-ҳодисаларни кенг жамоатчиликка етказиш борасида хорижий мамлакатлар тажрибасидан фойдаланиш муҳимлиги қайд этилди.
Сўзга чиққанлар “Спиндокторинг — янгиликлар менежменти”, “Сўз ва тас­вирнинг коммуникацион имкониятлари”, “Фольклор кинодраматургиянинг асоси сифатида”, “Тележурналистик фаолиятда замонавий мультимедиа технологияларини татбиқ қилиш масалалари”, “Теле-нутқ — оммавий коммуникатив нутқ тури”, “Журналистика соҳасида кадр­лар тайёрлашда инновацион ёндашув” каби долзарб мавзуларда маъруза қилди.
Шунингдек, юртимизда журналист кадр­ларни тайёрлайдиган олий таълим муассасаларининг ўқув базасини яхшилаш, педагоглар малакасини ошириш, талабаларга замонавий усуллар асосида дарс ўтиш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
— Ҳозирда инновациялар билан ҳамнафас бўлмасликнинг иложи йўқ, — дей­ди ЎзМУ журналистика факультети аудиовизуал ва интернет журналистика кафедраси мудири Шавкат Иброҳимов. — Эътибор берсак, ривожланган мамлакатлар ОАВлари глобал медиа маконда янгича йўлдан бормоқда. Буни биргина интернет журналистикаси мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Дунёдаги етакчи телеканаллар билан рақобатлашишни истасак, креатив ёндашув асосида тезкорлик билан фаолият олиб борадиган ёш журналистларни тайёрлашимиз керак. Бугунги муҳокамалар қисман шу масалага ҳам қаратилди.

Ҳусан НУСРАТОВ
Жамшид МУСУРМОНОВ