Кенгаяётган ҳалқа

Жамият кўплаб деталлардан иборат баҳайбат конструкцияга ўхшайди. Ҳаётимизда аҳамиятсиз деталь йўқ. Бирламчи аҳамият касб этувчилари эса, саноқли, холос. Ва айнан шу таркибий қисмлар ижтимоий тафаккурнинг асосида ётади. Уларсиз юксакликка интилиш бефойда. Зотан, заиф пойдевор эртами-кечми барибир қулаши аниқ.

МАЪНАВИЯТ, МАДАНИЯТ ВА ДИНИЙ ЭЪТИҚОД АЗАЛДАН ЎЗБЕК ХАЛҚИ УЧУН ФУНДАМЕНТАЛ ТУШУНЧАЛАР БЎЛИБ КЕЛГАН. ОДАМЛАРДАГИ МАДАНИЙ САВИЯ ҲАМДА ИМОН ДАРАЖАСИ МИЛЛАТНИНГ МАЪНАВИЙ ҲОЛАТИНИ КЎРСАТИБ ТУРАДИ ВА АКСИНЧА. БУНДАЙ УЗВИЙ БОҒЛИҚЛИК ТАРИХИЙ ЖАРАЁНЛАР, ХУСУСАН, МУАЙЯН ДАВРДАГИ ИЖТИМОИЙ ВАЗИЯТ ҲАМДА ЎША ДАВРДА ШАКЛЛАНГАН ЖАМИЯТНИНГ ФИКРУ ҚАРАШЛАРИГА ТАЪСИР КЎРСАТАДИ, АЛБАТТА.

XXI асрда яшаяпмиз. Ўзбекистон мустақил давлат сифатида дунёга очилган. Эндиликда узоқ ва яқин юртлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш асносида биз ўзга маданиятларга яқинлашиш имконига ҳам эгамиз. Халқаро алоқаларнинг тенг ҳуқуқли субъектига айланган мамлакат учун бу табиий ва қайсидир маънода, ҳатто ижобий тенденциядир.
Бироқ бугунги глобализация қозонида жаҳондаги кўплаб миллатлар баробарида турфа маданиятлар ҳам “қайнаётгани”ни унутмаслик керак. Бундай шароитда тарихий илдизлари бақувват ҳар қайси этник қатлам, турган гапки, ўз қиёфасини сақлаб қолиш ва асл қадриятларини йўқотмасликка ҳаракат қилади. Чунки мантиқан олиб қараганда, маданиятлар интеграцияси таъсирида гибрид, яъни чатишган маданиятларнинг юзага келиш эҳтимоли кучаяди. Пировард натижада, жамият ўзагини ташкил қилувчи маданий қатлам доирасида ҳам жиддий ўзгаришлар, масалан, емирилиш жараёни рўй бериши мумкин.
Қизиғи, биринчи навбатда, миллий ўзига хослик зарба остида қолади. Бу эса, миллатнинг қўҳна илдизларини болта билан чопишдек гап.
Метафорик тасаввур ва тахминлардан реал факт ва таҳлилларга ўтсак. Йигирма саккиз йилдан буён истиқлол нашидасини суриб келяпмиз. Ўтган вақт мобайнида халқимиз турмуш тарзигина эмас, балки тафаккур тарзи ҳам бир сидра янгиланди. Ҳаётимиз борган сари ривожланиб ва айни вақтнинг ўзида тобора қулайлашиб бормоқда. Юртимиздаги аксарият ёшлар энди олдига аниқ мақсад қўя оляпти. Эҳ-ҳе, дунё кўриб келаётганлари, чет элда таълим олиб, ишлаётганлари қанча. Шунга яраша имконият ва шароити бор-да.
Аммо айни паллада Ўзбекистон аҳолисининг салмоқли қисмини ташкил қилаётган

МУСТАҚИЛЛИК ФАРЗАНДЛАРИ ЗАМОНАВИЙ БИЛИМЛАРНИ ЭГАЛЛАШ, ЖАРАҚ-ЖАРАҚ ПУЛ ТОПИБ, ЯХШИ ЯШАШ ИЛИНЖИДА МАДАНИЯТЛИ БЎЛИШ ҲАҚИДА УНУТИБ ҚЎЙМАЯПТИМИКАН,

деган хавотирли ўй ҳам уйғонади кишида. Умуман олганда, бугун жамиятимиз, жумладан, ёшларнинг маданиятини юксалтириш шунчалик зарурми? Балки, тараққиёт чўққисига эришиш учун ўқимишли инсонларни кўпайтиришнинг ўзи кифоя қилар?
Мавзу моҳиятига амалиётчи психолог Луқмон КАЗАКОВ кўмагида чуқурроқ назар солишга ҳаракат қилдик.
— Маданият — глобал тушунча, — дейди эксперт. — У қадимги даврданоқ одамлар учун йўлчи юлдуз вазифасини ўтаб келган. Бироқ дунёда этномаданиятлар борлигини ҳам ҳисобга олиш керак. Бунга миллий қадриятлар, урф-­одат ва анъаналар киради. Парадокс шундаки, ҳеч қайси этномаданиятдаги меъёр ва қоидалар глобал маданиятникига тўғри келмайди. Миллий ўзига хосликнинг мазмуни ҳам шунда.
Яна бир муҳим қайд.

БИРОНТА ҲАМ ЭТНОМАДАНИЯТ ЎЗ ҲОЛИЧА, ЯЪНИ ТАШҚАРИДАН БУТКУЛ УЗИЛГАН ҲОЛДА РИВОЖЛАНА ОЛМАЙДИ.

Шу маънода, турфа маданиятларнинг ўзаро таъсири ва ҳатто тўқнашувида ҳеч қандай ғайритабиийлик йўқ. Боз устига, маданиятлараро интеграция керак. Ҳамма гап унинг қандай механизм асосида амалга оширилишида.

— Яъни?

— Мустақилликнинг илк йилларини эслайлик. “Темир девор” йўқолиб, биз бирданига глобал маконга тушиб қолгандик. Ўшанда дунё мамлакатлари ва биринчи навбатда, Ғарбдан янги билимлар ҳамда илғор технологияларни ташналик билан ўзлаштира бош­ладик. Лекин уларга қўшилиб ўзгача услубдаги кийимлар, қулоғимиз ҳали ўрганмаган мусиқалар, қолаверса, кейинчалик ўзбекнинг ҳаёт тарзига сезиларли таъсир кўрсата олган “демократик қадриятлар” ҳам кириб келди.
Тўғри, аввалига жамият менталитетига ёт унсурларни қабул қилмади. Айтайлик, ўтган асрнинг 70-80-йилларида Европа мамлакатларида хиппи, поп, рокка ўхшаган субмаданиятлар тез оммалашди. Бироқ Ўзбекистонда улар кескин қаршиликка учраган. Нега? Чунки этномаданият бунга йўл қўймасди.

ВАҚТ ЎТИШИ БИЛАН ВАЗИЯТ ЎЗГАРДИ — МАСС МЕДИАЛАРДАГИ ТАРҒИБОТ ТАЪСИРИДА БАЪЗИ ЁШЛАРИМИЗ “ОММАВИЙ МАДАНИЯТ” ҚУРШОВИДА ҚОЛДИ. БАХТГА ҚАРШИ, БУ “ҲАЛҚА” БОРГАН САРИ КЕНГАЙМОҚДА.

Бу кетишда миллий ўзликни йўқотишимиз ҳам мумкин. Шу маънода этномаданиятни сақлаб қолиш жуда муҳим. Ўзга маданиятлардан эса, фақат энг сара ва фойдали жиҳатларни олиш керак. Бошқача айтганда, дунё маданий ютуқларидан баҳраманд бўлишни истар эканмиз, уларни даставвал миллий мадания­тимизга мослаштириш мақсадга мувофиқдир. Механизм ҳақида гапирганда мен худди шу жараённи назарда тутгандим.
— Бир инсонда, замонавий инсонда деяқолайлик, ҳам сиз айтган глобал маънодаги маданият, ҳам этномаданият уйғунлашиши керак. Тўғрими?

— Ҳа. Йўқса, жамиятда яшашга қийналиб қоламиз (кулади).

— Бу тушунарли. Албатта, осон бўлмайди. Лекин, мана қаранг, ҳозир юртимизда давлат, таъкидлаб айтаман, давлат (!) ташаббуси билан анъанавий ҳунармандчилик, фольклор, мил­лий либослар фестиваллари ёки бўлмаса, мақом, бахшичилик санъатлари бўйича халқаро танловлар ўтказилмоқда. Йигит-қизлар бу нарсаларга, эҳтимол, буткул бефарқ эмасдир. Балки, астойдил қизиқаётганлар бор, кимдир қатнашаётган бўлиши ҳам мумкин. Лекин, умуман олганда, ёшларимизнинг кундалик ҳаёти барибир кўпроқ ўзга маданиятлар билан боғланган. Шу нуқтаи назардан менга этномаданият амалий аҳамиятини йўқотиб қўйгандек туюлади. Дейлик, бугунги ўсмирлар “Шашмақом”ни эшитиб нима қилдим, ахир, бу мусиқа дунёда оммалашмаган-ку”, қабилида фикр юритаётган бўлса ҳам ажаб­ланмайман.

— Ҳозир сиз танганинг фақат битта томонини кўрсатиб бердингиз. Лекин тарбиявий аҳамият-чи? Бу бўйича миллий қадриятларга тенг келадигани топилмайди. Масалан, юртимизда қадимги Самарқанд қоғозини ишлаб чиқариш яна йўлга қўйилди. Албатта, эртагаёқ уни ҳамма сотиб олмаслиги аниқ. Бунга зарурат ҳам йўқ. Қолаверса, Самарқанд қоғози қўлда тайёрлангани боис, анча қиммат туради. Хўш, унда кўҳна технологияни тиклашдан нима фойда? Тарихни ўрганиш, ёшларда миллий ғурур ҳиссини кучайтириш!

ЎЗ ВАҚТИДА ДОНҒИ ЕТТИ ИҚЛИМГА КЕТГАН НАФИС ҚОҒОЗ АЙНАН САМАРҚАНДДА ИХТИРО ҚИЛИНГАНИ АЖДОДЛАРИМИЗ ИЛМ-МАЪРИФАТГА ҚАНЧАЛИК ТАШНА БЎЛГАНИ ВА КЎП МИНГ ЙИЛ АВВАЛ МУРАККАБ ТЕХНОЛОГИК ЕЧИМЛАРНИ ҲАЁТГА ТАТБИҚ ЭТА ОЛГАНИДАН ДАЛОЛАТ БЕРАДИ. ШУНИНГ ЎЗИ ИФТИХОР ЭМАСМИ?!

— Демак, тарихидан узилмаган ва қадриятларини эъзозлайдиган инсон, шу қатори жамиятни ҳам маданиятли, деб аташ мумкин.

— Худди шундай. Лекин бир нозик жиҳатни эътибордан қочирмасликни маслаҳат берардим. Маданиятли инсон исталган жамиятда ўзини муносиб тута олиши керак. Бошқа маданиятларга ҳурмат кўрсатиш ҳам маданият белгиси саналади. Айтайлик, Шотландияга боргач, у ерлик эркакларга ўхшаб юбка кийиб юрмасангиз ҳам, ҳарқалай, шотланд эркакларининг юбка кийиб юриши устидан кулиш ярамайди.
Айни чоғда ёшлар билан боғлиқ бош­қа бир нозик масалани ҳам четлаб ўтолмаймиз. Ҳозир кўпгина ўғил-қизларимиз чет элга чиқишга ошиқяпти. Аммо хорижий юртларда алдамчи эркинлик бор. Масалан, фарзандингиз уйда ўзини шарқона одоб меъёлари доирасида тутишга, сипо кийинишга, зарарли одатларни тарк этишга мажбур. Аммо уйдан йироқда, айниқса, бош­қа мамлакатда яшаётганида хоҳлаган ишини қилиб юриши, ҳатто ахлоқсиз ҳаёт кечириши мумкин.
Албатта, алдамчи эркинлик ҳаммани ром этмайди. Оилада тўғри тарбия топган инсонда ижтимоий ҳимоя механизми мудом ишлаб туради ва уни “бузилиб кетиш”дан асрайди.

— Ижтимоий ҳимоя механизми деганда маънавий иммунитетни назарда тутяпсизми?

— Ҳа. Аммо уни этномаданият доирасидагина шакллантириш мумкин Ахир, этномаданият деганда шахслараро, айтайлик, катталар ва ёшлар, ота-она ва фарзандлар, эр ва хотин ўртасидаги муносабатлар ҳам тушунилади. Кексаларга ҳурмат кўрсатиш, гап қайтармаслик, меҳр-оқибат, садоқат, ҳалоллик, тўғрисўзлик, сабр-тоқат каби гўзал фазилатларни халқимиз азалдан мустаҳкам оиланинг асосига қўйиб келган. Шу боис уларни доимо ардоқлаган.
Эътибор беринг, Европа давлатлари билан солиштирилганда бизда қариятлар уйлари деярли учрамайди. Чунки ота-онага ғамхўрлик кўрсатиш ва уларни парваришлаш ўзбек учун наинки қадрият, балки маданият белгисидир. Буни бола фақат оилада кўриб, ўрганиши мумкин.
Аслида ҳар қайси жамиятда оила этномаданий занжирнинг бош бўғини саналади. Афсуски, ҳозир у тобора мўртлашиб бормоқда. Чунки медиа маданиятнинг таъсири кучли.

ЗАМОНАВИЙ МЕДИА МАКОНДА КУЧ ИШЛАТИШ, БОЙЛИК ОРТТИРИШ ВА АЛДАШ ТРЕНД­ЛАРИ УСТУВОР. НАТИЖАДА, ЁШЛАР ЭТНОМАДАНИЯ­ТИДАН УЗОҚЛАШЯПТИ.

Оилада эса, тарбия масаласига эътибор суст. Охирги йилларда мамлакатимизда моддиятни маънавиятдан устун қўювчилар қатлами пайдо бўлди. Улар фарзандимни яхши едириб-ичирсам, кийинтирсам, нуфузли таълим муассасасида ўқитсам, мойли ишга жойлаштирсам, бўлди, ҳаёти гуллаб-яшнайди, деб ўйлайди. Аслида ундай эмас.

— Лекин ошиғи олчи бўлаётганлар ҳам бор-ку!

— Хулоса чиқаришга шошилманг. Яқинда икки минг нафардан зиёд ёш мутахассис ўртасида социологик сўров ўтказдим. Натижа ҳайратланарли — уларнинг ярмидан кўпи касбини нотўғри танлаган. Чунки ихтиёри ўзида эмасди: ё ота-онаси йўриғидан борган ёки жамоатчилик фикри асосида қарор қабул қилган. Натижада, мана, бахтсиз яшаяпти. Бундай одамлар касбда ўзини топа олмагандан кейин фақат пул топишга қизиқади-да. Қаердан даромад келса, ўша ерга чопади. Маданият, савия ҳақида ўйлашга эса, вақти, аниқроғи, ҳафсаласи йўқ. Чунки ўзи маданиятсиз. Фарзандларини ҳам шундай тарбиялайди. Демак, биз олий маълумотли ёки ўқимишли киши деганда ҳамма вақт ҳам маданиятли инсонни тушунмаслигимиз керак.

— Ижозатингиз билан бу фикрни бироз инкор этувчи факт келтирсам.

— Бемалол.

— Ўтган йили “Оила” илмий-­амалий тадқиқот маркази Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда социологик сўров ўтказганди. Маълум бўлишича, олий маълумотли ёшлардан ташкил топган оилалар орасида ажрим ҳолатлари нисбатан кам кузатилар экан.

— Яхши статистика (жилмаяди). Лекин оилавий муносабатларда эр-хотиннинг маълумот даражасигина ҳал қилувчи омил бўлолмайди. Буни мен сизга тажрибали психолог сифатида тўлиқ ишонч билан айтяпман. Шунга қарамай, ўқимишли кишилар муроса қилишни билади ва кўпинча зиддиятларни бартараф эта олади. Билъакс, интеллектуал салоҳияти паст инсонлар одатда агрессив характерга эга. Улар мураккаб вазиятда оқилона ечим топишда қийналади. Бироқ кўп нарса барибир тарбияга боғлиқ.

— Унда тарбиямизда нима етишмаяптики, маданиятга сал­­­­к­­ам охирги даражали масала сифатида қарайдиган бўлиб қолдик?! Мен ёшларни назарда тутяпман, албатта.

— Мана бу ҳақли савол. Ўзи мада­ният деётганимиз бир қанча қатламлардан иборат. Энг қуйиси — оила. У таянч вазифасини ўташи керак. Кейингиси — мактаб. Ундан кейин мустақил ўқиш ва изланиш туради. Ўтмишга, жилла қурса, бир аср орқага назар ташлайлик. Анъанавий оилалардан бошласак.
Илгари ҳам халқимиз қисман шаҳарда, қисман қишлоқда истиқомат қилган. Лекин биз юқорида тилга олган оилавий қадриятлар у ерда ҳам, бу ерда ҳам бир хил эди. Кўпгина ёшлар
бобо-бувилари билан яшагани боис, катта авлоднинг тарбиясини олган. Гарчи ўша вақтда мактаб ва мадрасалар оз бўлса-да, лекин улар китоб ўқишга қизиқтириларди. Қишлоқ болалари эса, меҳнат қилишга (унутмайлик, бу ҳам тарбиянинг бир усули) ўргатилган, миллий байрамлар, турли маросимларда қатнашган ва ҳоказо. Бир сўз билан айтганда,

ОИЛА ЭТНОМАДАНИЯТ ЎЧОҒИ БЎЛГАН. ЁШЛАР ТАРБИЯСИГА ҲАМ ЖИДДИЙ ЭЪТИБОР ҚАРАТИЛГАН. КЕРАК БЎЛСА, ТАРБИЯ, ҲАТТО ТАЪЛИМДАН УСТУН ҚЎЙИЛГАН. ЯЪНИ, МАДАНИЙ САВИЯСИ ПАСТ ОДАМ МИНГ БИЛИМЛИ БЎЛГАНИ БИЛАН, ЖАМИЯТДА ОБРЎ-ЭЪТИБОР ҚОЗОНОЛМАСДИ.

— Хўш, энди-чи?

— Энди вазиятни ўзингиз кўриб турибсиз. Тарбия ўз ҳолича, таълим ўз ҳолича бўлиб қолди. Оилада болага яхши тарбия берилмаслиги, маънавий юксалишига зиғирча эътибор қаратилмаслиги мумкин, бироқ бу унинг мамлакатдаги энг нуфузли университетга кириб ўқишига халақит бермайди. Ўша талаба дарсга ўлда-жўлда қатнаб, сессиясини пора бериб ёпади ҳам дейлик. Зарари йўқ, тўрт йилдан кейин диплом барибир қўлида бўлади!

ТАН ОЛАЙЛИК, ҲОЗИР ТАЪЛИМ ТАРБИЯДАН, БИЛИМ, ПУЛГА СОТИБ ОЛИНГАНИ ҲАМ, МАДАНИЯТДАН УСТУН. БИРОҚ БУНДАЙ НОМУТАНОСИБЛИК ЯХШИЛИККА ОЛИБ КЕЛМАЙДИ. ЭТНОМАДАНИЯТДАН АЙРИЛГАЧ, ЎҚИМИШ­ЛИЮ БИЛИМДОНЛИГИМИЗ БИРПУЛ БЎЛИБ ҚОЛАДИ!

Инсонни тарбиялаш, маданиятли қилиш анча машаққатли ва давомли жараён. Бундан фарқли ўлароқ, чет тилини тезда ўрганиб, хорижда ўқиб келиш, кейин яхши лавозимни эгаллаш мумкин. Айрим ёшларимиз олдига шу мақсадни қўйиб, унга эришяпти ҳам. Қандини урсин, эътирозим йўқ! Аммо тарбия ва маданиятдек юксак қад­риятлар фаровон ҳаёт ҳақидаги тизгинсиз ўйлар остида қолиб кетмаслиги керак-да. Ҳозир эса, бунга йўл қўйиб беряпмиз. Аттанг!
Юракни ғаш қиладиган яна бир ҳолат бор. Айтмасам бўлмайди. Мустақилликка эришгач, миллий маданиятимиз ўз позициясини, маълум маънода, ўзга маданиятлар, шу жумладан, “оммавий маданият”га бой берди. Оқибатда, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат туйғуси сўна бош­лади. Яшириб нима қилдик, етти ёт бегона юртларда тўкис ҳаёт кечириб, тандирдан энди узилган ширмой нон исини, қишлоғининг кенг далаларию зилол булоқларини бир баҳя бўлса-да соғинмайдиган қоракўзларимиз бор. Бундайларнинг дўпписи осмонда бўлгани билан, ўзбеклиги ҳайф!

— Этномаданий контекстда жамиятимизнинг яқин келажаги сизга қандай кўринади?

— Назаримда, медиа воситалар таъсирида ёшларнинг этномаданиятидан узоқлашиши бундан кейин ҳам давом этади. Албатта, касбий фаолият тақозоси ёки бошқа сабаблар билан миллий қадриятларимизни эъзозлайдиган қатлам қолади. Лекин бундай одамлар озчиликни ташкил қилса керак.
Шунга қарамай, тарғиботни кучайтириш, жумладан, фольклор фес­тивалларига ўхшаган лойиҳаларни кўпайтириш зарур.
Қайта қуриш даврида оммавий ахборот воситалари орқали Севишганлар куни жуда кенг тарғиб қилинганини эслайман. Кўп ўтмай, юракча шаклидаги табрикномалар ҳаммаёқни босиб кетди. Уларни ёппасига харид қилиш бошланди. Одамларга қизиқ эди-да! Икки йилга қолмай бу “байрам” бутун мамлакатга тарқалди. Кейинчалик уни тақиқлашга ҳарчанд ҳаракат қилинмасин, Севишганлар куни ҳаётимиздан буткул йўқолгани йўқ.
Нима демоқчиман. Кузатиб, таҳлил қилайлик. Ўзга маданият ёшлар тарбиясини бузиб, маънавиятини булғаяптими, шартта чеклаб қўйиш керак, тамом! Менимча, бундай вазиятда цензура жуда қўл келади.

Наргиза УМАРОВА