Кундузи чироғини ёқиб ҳаракатланаётган транспорт воситасини кўрсангиз, ҳайрон бўлманг

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра ҳар йили бутун дунёда йўл ҳаракати ҳодисалари натижасида бир миллионга яқин инсон ҳаётдан бевақт кўз юмади, 38 миллиондан ортиғи эса турли даражадаги тан жароҳати олади.
Мамлакатимизда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини такомиллаштириш борасида кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 апрелдаги 292-сон қарорига мувофиқ, йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш киритилиши ҳам мазкур мақсад йўлидаги муҳим қадамдир.
Шундай қилиб, киритилган ўзгартиришлар қуйидагилардан иборат:
светофорнинг ёки тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасида тўхтаганда транспорт воситасининг энг олдинги нуқтаси тўхташ чизиғи устига чиқиб кетмаслиги керак;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ДЙҲХХ билан келишилган ҳолда йўл шароитлари юқори ва кичик тезликда хавфсиз ҳаракатланишни таъминлайдиган ҳолларда йўлларнинг айрим қисмлари ёки ҳаракатланиш бўлакларида айрим транспорт воситаларига ҳаракатланиш тезлигини оширишга ва пасайтиришга (тегишли йўл белгиларини ўрнатиб) ваколатлидир;
аҳоли пунктларидаги иккита ҳаракат бўлаги бўлган ва ўртада трамвай изи бўлмаган бир томонлама ҳаракат ташкил этилган йўлларда (илгари – ҳар йўналишда биттадан ҳаракатланиш бўлаги бўлган ва бир томонлама ҳаракатли йўлларда) тўхташ ва тўхтаб туришга рухсат этилади;
айланма ҳаракат чорраҳасида ҳаракатланаётган транспорт воситаси айланага кириб келаётган транспорт воситаларига нисбатан устунликка эга;
энди куннинг ёруғ вақтида барча транспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шарт.
Бугунгача куннинг ёруғ вақтида қуйидаги ҳолларда яқинни ёритувчи чироқлар ёқилиши керак эди:
 транспорт воситалари ташкилий жамланма сафида ҳаракатланаётганда;
• йўловчиларни ташиётган автобус ва йўналишли транспорт воситаларида;
• болалар гуруҳини ташкилий ташишда;
• хавфли, катта ўлчамли ва оғир вазнли юкларни ташишда;
• механик транспорт воситаларини шатакка олишда (шатакка олиб кетаётган транспорт воситасида);
• мотоцикл ва мопедларда.
Қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, озиқ овқат ва шу каби тўкилувчи товарларини ташишда юк мажбурий тартибда брезент ёки бошқа қалин материал ёпилган бўлиши керак;
ўта оғир, катта ўлчамли ва хавфли юкларни ташиш учун ДЙҲХХ билан келишган ҳолда ҳаракатланиши талаб этиладиган транспорт воситаларининг габарит параметрларига тузатиш киритилди.
Бевосита узунлигига доир ўзгартиришлар киритилди:
якка транспорт воситаси учун – 12 м, тиркама учун – 12 м, ярим тиркамали автопоезд учун 20 м, тиркамали автопоезд учун 20 м белгиланди. Энди автопоездда тиркамалар сони қанча бўлиши аҳамиятга эга эмас (илгари 2 ёки ундан ортиқ тиркамали автопоездлар учун норма 24 метр этиб белгиланган эди);
велосипед ва мопед ҳайдашда рулни ушламасдан ёки бир қўлда ушлаб ҳаракатланиш тақиқланади.
Бундан ташқари, ўзгартиришлар билан 28 та янги йўл белгилари киритилди.
Ҳар биримиз ҳаракат иштирокчисимиз. Шу боис ўз соғлиғимизни муҳофаза этиш учун ҳам йўл қоидаси талабларига қатъий риоя этишимиз керак. Қонунни билмаслик жавобгарликдан озод қилмайди деган тушунча бор амалиётда. Шу сабабли ҳар битта ҳаракат иштирокчиси мазкур ўзгартиришлардан хабардор бўлиши фойдадан ҳоли эмас.
И.Қаҳҳорова, ЎзА