Мактабларимизда “Kundalik” жорий қилинади

Келаси ўқув йилидан шу номдаги автоматлаштирилган ахборот таълим платформасига юртимиздаги 53 та умумтаълим муассасасини ўтказиш режалаштирилган. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлигининг ахборот хизмати хабар беради.

Электрон тизимни амалиётга жорий этиш билан “Kundalik” компанияси шуғулланяпти. Лойиҳага ўтган йилнинг охирида старт берилган эди.
Янги платформа мактаб маъмурияти ва муаллимларга дарс жадвалини онлайн тарзда тузиш, ҳисоботлар тайёрлаш, ўқув машғулотларини режалаштириш, шунингдек, ўқувчиларнинг давомати ҳамда ўзлаштириш даражасини электрон журнал ва кундаликларда мунтазам қайд этиб боришда қулайлик туғдиради. Қолаверса, улар учун ҳимояланган ижтимоий тармоқ орқали ўзаро мулоқот қилиш, виртуал кутубхонага кириш ёки таълимга оид медиа ресурсларни юклаб олиш имконияти яратилган.
Ота-оналар эса, хоҳлаган вақтда фарзандининг баҳоларини текшириши ёки уй вазифалари ҳақида тўкис маълумот олиши мумкин. Бунинг учун интернетга уланган компьютер бўлса кифоя. Дарвоқе, дастурнинг мобиль версияси ҳам мавжуд.
Айни вақтда жойларда “Kundalik”дан фойдаланиш бўйича ўқув-семинари ўтказилмоқда. Шу аснода педагоглар компания вакиллари билан учрашиб, тизимни такомиллаштириш юзасидан ўз таклифларини бермоқда.
— Россиялик мутахассислар билан “Kundalik.uz” лойиҳасини 2018 йилнинг ноябрь ойидан амалга ошириб келяпмиз, — дейди Юнусобод туманидаги 235-умумтаълим мактаби директори Мўъмина Сулаймонова. — Дастурдан биринчи бўлиб 3-, 8- ва 10-синфларимиз фойдалана бошлади. Дастлаб лойиҳада етти нафар ўқитувчи қатнашганди. Энди эса, барча педагоглар жалб қилинган. Албатта, аввалига бирмунча қийинчиликлар кузатилди. Кўникиш учун вақт талаб қилинди. Лекин бора-бора ишимиз осонлашди. Янги тизим ўқитувчининг ҳам, ўқувчининг ҳам вақтини тежайди. Қулайлигини айт­майсизми. Асосийси компь­ютерни алдолмайсиз. Масалан, электрон журнал ёки кундаликка тушган баҳони муайян муддат ўтгач, ўзгартириб бўлмайди. Бундай тартиб-қоида таълим жараё­нининг барча иштирокчиларини ўз вазифасига янада масъулият билан, виждонан ёндашишга ундаса, ажаб эмас.

Роҳатой ҚОДИРОВА