Мақомнинг нуфузли мақоми

Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, ҳар икки йилда ўтказилиши кўзда тутилган Халқаро мақом санъати анжумани миллий мусиқамизнинг ноёб намуналарини кенг тарғиб этиш, уни асраб-авайлаш, ривожлантириш, ёш авлод қалбида қадриятларимизга бўлган ҳурмат туйғусини камол топтириш, халқлар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, жаҳон ҳамжамиятида мақом санъати нуфузини янада оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Давлат раҳбарининг “II Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказишга тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши эса, навбатдаги анжуман доирасидаги устувор вазифаларни белгилаб берди. Бу ҳақда Ўзбек миллий мақом санъати маркази бош директори Саибжон Бегматовнинг мулоҳазалари билан қизиқдик.
— Президент фармойишида II Халқаро мақом анжуманини 2020 йилда ўтказиш, унинг доирасида мақом тадқиқотига бағишланган илмий-амалий конференцияни ташкил этиш, шунингдек, дунёда мақоми билан машҳур бўлган мамлакатлардан устоз санъаткорларни юртимизга жалб этган ҳолда таж­риба алмашиш белгиланган. Йил давомида мутахассислар жаҳон мақом марказлари билан алоқа боғлаб, бу санъатнинг қадимги анъаналарини ўрганиш ва янада ривожлантириш масалаларини тадқиқ этиши керак.
Ҳар бир вилоятда ташкил этилган мақом ансамбллари репертуарини устоз санъаткорлар ўз чиғириғидан ўтказиб, улардан қандай мусиқий асарлар ўрин олган, тўғри ижро этил­япти, ҳар ойда концерт дастурлари тақдим этиляптими, каби саволларга жавоб излаяпти.
Ўзбек бастакорлари шундай романс, қўшиқ, опера-балет асарлари, симфониялар яратсинки, негизида мақом бўлсин. Бу борада хорижий мамлакатлар билан ижодий алоқаларни боғлаш ҳамда устозлар сабоғини олиш муҳим аҳамиятга эга.
Мақом –– муҳташам тарихий обида. У дунёдаги санъат ва мада­ният ихлосмандларини мафтун этиши турган гап. Шу боис иккинчи анжуман аввалгисидан ҳам юксакроқ савияда ташкил этилиши лозим.
Айтиш керак, XXI аср ўзига хос жараён билан бошланди. “Оммавий маданият” ёшларимиз қалбида азалий қадриятларга бўлган ҳурмат ҳиссининг сусайишига сабаб бўлмоқда. Мақомни ривож­лантириш негизида ёшларимизни ёт ғоялардан асраш, миллий мусиқамизга муҳаб­бат руҳида тарбиялаш каби эзгу мақсадлар ётади. Зеро, мақомда фалсафий илм мужассам. Унинг энг гўзал намуналарини халқимизга тақдим эта олсак, бу ёшлар тарбиясига ҳам ижобий таъсирини кўрсатмай
қолмайди.
Ҳозир боғча болаларининг тинг­лайдиган мусиқаси йўқ. Улар ёшларбоп қўшиқларни айтиб юради. Болалар ва ёшларга мос мақом намуналарини яратишимиз, тар­ғиб қилишимиз лозим. Ҳозир ёш ижодкорларимизда эрон, турк, афғон мусиқасига тақлид кучайган. Оқибатда бачкана ижро, саёз оҳанг, савиясиз қўшиқлар кундан-кунга кўпаймоқда. Ўз нав­батида, бу ҳолат бебаҳо мақом санъа­тига эга бўлган халқимизнинг ҳаёт тарзи, маданияти ва маънавиятига сезиларли салбий таъсир кўрсата бошлаганини инкор эта олмаймиз.
II Халкаро мақом санъати анжуманида энг мукаммал ва сара асарлар тақдим этилишини таъминлашимиз керак. Иштирокчилар сони қанча бўлиши номаълум, аммо ҳозирдан дунёнинг турли бурчакларидан қатнашиш истагини билдираётган устоз санъаткорлар биз билан боғланаётгани қувонарлидир.
Айни пайтда телевидение, радиода турли ёшдаги санъаткорларнинг мақом йўналишидаги ижросини кўп тинглаяпмиз. Майли, бошида ҳар ким ўз имконияти даражасида куйлаши мумкин, лекин эртага талаб бошқача бўлади. Санъаткор бунга тайёр бўлиши керак
Навбатдаги анжуман ўзбек мақом санъатининг довруғини дунёга ёйишига хизмат қилишига ишонаман .

Рисолат МАДИЕВА