Миллий ўйинчоқлар қаерда сотилади?

Болалигимдан китоб ўқишга қизиқаман. Айниқса “Дарё билан Жилға” масалини жуда севиб ўқирдим. У шундай сатрлар билан тугайди:
“…Ўзбошимча кетаверди,
Дуч келиб эртаси жилға қумлоққа,
Сингиб кетди буткул тупроққа”.

Охири фожиа билан тугаган ушбу шеърда шоир нимага ишора қилаётганини билиш қийин эмас. Кечагина дунёга келиб, бугун атак-чечак қилган болакай, эртага қандай оламда яшаши, қандай тарбия топиши, бу катталарнинг тарбияси, муносабатига боғлиқ. Ниҳолнинг қай тарафга ўсишига ҳатто шамолнинг ҳам таъсири бор. Бола тарбиясида ҳам худди шундай.
Болангизнинг энг яқин сирдошига айланиб улгурган, меҳрини сиздан ҳам кўра кўпроқ қозона олган ўйинчоқларга ҳеч аҳамият берганмисиз?! Очиқ-чочиқ кийинтирилиб, юзларига тўқ ранглар билан ишлов берилган бу ўйинчоқлар сизу бизнинг у қадар эътиборимизни тортмайди. “Бир ўйинчоқ-да”, деб қўя қоламиз. Аммо болалар ниҳоятда эътиборли бўлади. Улар қизиқувчан бўлгани сабаб оддий қўғирчоқлардан ҳам кўп нарсани ўрганади.
Айни пайтда ўйинчоқ дўконлари кун сайин кўпайиб бормоқда. Баъзида шу дўконларга кириб у-бу ўйинчоқни харид қилсак, баъзида чиройли ўйинчоқлари бор экан-а, дея ёнидан ўтиб кетамиз. Аммо тан олиш керак, камдан-кам ҳолатда бу ерда миллий қўғирчоғу ўйинчоқларимизни учратамиз.
Бир куни жияним сочи ўрилган, чиройли атлас кўйлакдаги ҳамда замонавий унсурлар билан бойитилган қўғирчоқ олиб беришимни сўради. Унга ваъда бериб қўйганим боис, вақт топиб ўйинчоқлар дўконига бордим. Бироқ жияним хоҳлаган қўғирчоқни топа олмадим ва кейинги дўконга кирдим. Афсуски, бу ерда ҳам мен излаган ўйинчоқ йўқ экан. Шундан кейин бозорга тушдим, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, бозордан ҳам бундай қўғирчоқни излаб эсим кетди. Нои­лож замонавий, каттакон “Барби” қўғирчоғини олиб уйга қайтдим. Бир­оз жаҳлим чиқди, аммо буни билдирмасликка ҳаракат қилиб қўғирчоқни жиянимга бердим. Замонавий ва чиройлилигидан унга ёқса керак, деб ўйлагандим. Лекин бундай бўлмади. Боғчада дугонасининг қўғирчоғи худди ўзи айтганидек эканини, у эса ўзига жуда ёққанини айтиб, хафа бўлди. Шунда кейинги сафар, албатта, у хоҳлаган қўғирчоғини олиб келиб бериш ваъдаси билан кўнглини кўтардим. Хонамга кирдиму, ўйлай бошладим. Наҳотки миллий ўйинчоқлар дўкони йўқ бўлса-я?!
Бир куни дугонам қўнғироқ қилиб, яхши янгилик борлигини, излаётган нарсамни энди топиш имкони борлигини айтди. (Дугонамга шундай қўғирчоқни излаб, тополмаганимни айтиб берган эдим). Шошиб у айтган манзилга бордим. Дўкон пештахтасида “Миллий ўйинчоқлар дўконига хуш келибсиз” деган ёзувни кўриб, хурсанд бўлдим. Бугун янги дўконнинг очилиш куни экан. Жуда ажо­йиб бўлди. Одам ҳам гавжум.

Жияним хурсанд бўладиган бўлди. Чунки бу ерда у айтган қўғирчоқларнинг турфа хиллари бор экан. Биттасини олиб, унга совға қилдим. Ҳам ваъдамни бажарганимдан, ҳам шаҳримизда маънавият улашувчи мана шундай дўкон очилганидан севиндим.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида шундай деган эди: “Ўйин­чоқлар образи боланинг мурғак тасаввурига бамисоли тошга ўйилган нақшдек муҳрланиб, унинг онгида бир умр сақланиб қолади. Гўдакнинг улғайиб, касб танлаши, келажакда қандай йўлдан бориши, ўзининг ҳаёт тарзини қандай ахлоқий-маънавий асосларга қуриши ҳам, ҳеч шубҳасиз, унинг болаликда қандай ўйинчоқлар билан ошно бўлиб ўсгани билан белгиланади”.
Дарҳақиқат, ўйинчоқларнинг болалар дунёқарашига кўрсатадиган таъсири беқиёс. Улар ёш авлоднинг жисмоний ва ақлий ривожланиши, тафаккури бойиши, қобилиятларининг шаклланиши ва юзага чиқиши, турли касб-ҳунарларга меҳр қўйишига кўмак беради.
Бобом тоғамнинг болалигида “Уй конструктори”ни совға қилган экан. Шунинг таъсирими, бугун тоғам етук қурувчи. Бобом ҳам бундан жуда фахрланади.
Четдан олиб келинаётган
ўйинчоқларни ўзимизда ишлаб чиқарилаётганлари билан солиштириб кўринг-а!
Тасаввур қилинг! “Зумрад ва Қиммат” эртагидаги Зумрад образи гавдалантирилган қўғирчоқ. Мен биламанки, бу эртакни эшитган ҳар қандай бола ҳам, уни айтиб берган ота-она ҳам Зумраднинг яхши қиз эканини билади. Табиийки, қўғирчоқ ҳам болада ана шундай яхши таассурот қолдиради. Беихтиёр унга эргашади. У каби сочларини қирқкокил қилиб, дўппи кийгиси келади.
Аммо “Ўргимчак одам”, “Бетмэн”, “Қароқчи” “Босқинчи” қўғирчоқлардан нимани ўрганади? Ҳурматли ота-оналар! Фарзандингизга бундай ўйинчоқларни олиб беришдан аввал уларнинг бола руҳияти ва тарбиясига таъсири ҳақида ҳам ўйлаб кўринг!
Боғбон ниҳолни тарбиялар экан, кўрган кўзлар қувнасин, дея унинг ортиқча шохларини кесиб, шакл беради. Ўз вақтида сув қуяди, тагини юмшатади. Ташқи таъсирлардан ҳимоя қилади.
Унутманг! Миллийлик руҳи акс этган ҳар бир ўйинчоқ нав­расталарда Ватанга, миллий қадриятларимизга муҳаббатни болаликдан тарбиялаб боради.

Мафтуна ЖЎРАЕВА,
ЎзДЖТУ талабаси