Немисча фермерликка ўтамиз

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи делегацияси ўтган йили Германияга ташрифи давомида Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш федерал вазирлиги билан бир қанча истиқболли лойиҳалар юзасидан музокара олиб борганди.

Эришилган келишув доирасида яқинда Германиянинг Халқаро ҳамкорлик бўйича жамғарма кассалари фонди вакили Улрих Киентз Ўзбекистонга келди. У Ёшлар иттифоқи қошидаги Ёш фермерлар кенгаши ҳамда юртимиздаги тижорат банклари вакиллари билан учрашди.
Мулоқот чоғида Германиянинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги тажрибасини ўрганиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Шу аснода яқин истиқболда немис мутахассислари томонидан Тошкентда 25 нафар мураббий мультипликатор тайёрланади. Улар эса, ўз навбатида, ёш фермерларимизга банк билан мулоқот қилиш усулларини ўргатиши керак. Лойиҳа доирасида ўқитувчи мультипликаторлар сафини уч минг нафаргача кенгайтириш кўзда тутилган.
— Ҳозирда тадбиркорлик ёки фермерлик фаолиятини бошлашни мақсад қилган ёшларнинг
90 фоизи имтиёзли кредит олишни истайди, — дейди Ўзбекистон ёш фермерлари кенгаши бўлими мудири Зуҳриддин Абдусатто-
ров. — Банклар бундай кредитларни ажратиш учун етарли маблағга эга. Фақат йигит-қизларимизнинг билим даражаси ҳозирча етарли эмас. Бу борада бизга германиялик ҳамкорлар яқиндан ёрдам беради, деган умиддаман.

Мухбиримиз