Орол муаммосига инновацион ёндашув

Қорақалпоғистонда Оролбўйи халқаро инновация маркази иш бошлаганига ярим йил бўлди. Муассаса Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ташкил этилган. Унинг бош мақсади Орол денгизининг қуриган сатҳида инновацион технологияларни жорий этган ҳолда, минтақадаги таранг экологик вазиятни юмшатишдан иборат.

Бундай муҳим вазифа қандай амалга оширилаётгани ҳақида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида сўз борди. Журналистлар Нукус туманининг Саманбой қиш­лоғига таклиф қилинди. Бу сўлим мас­канда Оролбўйи халқаро инновация марказининг боғи жойлашган. Ёнида эса, янги, замонавий бино қад кўтармоқда.
Матбуот анжуманини Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров олиб борди. У вазирлик қошида тузилган Идоралараро ишчи гуруҳи томонидан “Оролбўйи — экологик инновациялар ва технологиялар зонаси” номли концепция ишлаб чиқилганини маълум қилди.
Қайд этиш керак, жорий йилнинг октябрь ойида худди шу мавзуда халқаро конференцияни ўтказиш ҳам кўзда тутилган. Тадбирга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Шундан сўнг Оролбўйи халқаро инновация маркази директори Нурлибек Мирзамуратов сўз олиб, ўтган вақт мобайнида қилинган ишлар ҳақида тўхталди. Унинг айтишича, Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш бўйича жиддий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Жумладан, Мўйноқ туманидаги 20 гектар ер майдонига маҳаллий экотизим учун мақбул ўсимлик уруғлари ҳамда дарахт кўчатлари экилмоқда.
Шу билан бирга, қорақалпоғистонлик бир гуруҳ ёш олимлар яқинда кес­кин об-ҳаво шароитида ўсимликлар етиштириш, қурғоқчиликка чидамли янги нав­ларни яратиш ҳамда тупроқ унумдорлигини ошириш бўйича Бирлашган Араб Амирлик­лари тажрибасини ўрганиб қайтди. Тадқиқотчилар Дубай шаҳрида жойлашган Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA)да илмий амалиёт ўтаган. Тадбир давомида улар ҳам мавзу юзасидан фикр-мулоҳазаларини баён этди.
Якунда мутахассислар оммавий ахборот воситалари ходимлари билан самимий мулоқот қилиб, уларни қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб берди.

Н. БАҲОДИРОВА