Оғиш бурчаги

…Менда виждон йўқ, асаблар бор, холос.

Рюноскэ Акутагава

Хотира…
Мактаб… Олтинчими-еттинчи синф. Алгебра дарси. Ҳамманинг дами ичига тушган. Сўзлар тил учида, кўзлар синфхона ўртасида қаққаймиш қотма, рангпар болапақиру унинг қаршисида тобора тажанглашаётган “раҳбар”да. “Раҳбар” деганимиз синф раҳбари — “Шомуродип домилла”. “Биринчи муаллим” кетди-ю “Синф раҳбари” келди. Математика ҳам улғайганкан — Алгебра бўлди…
Шундай қилиб, дарс… йўқ, дарз кетаётганди, нимагадир. Он сайин “раҳбар” тутақади, болапақир ютақади. Теграсига олазарак аланглайди. Худдики, саволнинг жавоби синфхонада сочилиб ётибди-ю, йиғиб-терса бўладигандай. Савол нимайди ўзи:
“…Яна бир марта, ўзбекчалаб сўрайман. Сонди (!) иккинчи (!) даражаси (!) квадрат (!), хўш, учинчи даражаси (?)…”.
Болапақир боз ютинди. Сўлагига қўшиб жавобни-да ютиб юборди чоғи, томоқ қирди. Буни ҳар ким ўзича тушунди. Сукунат қотди. Айниқса, “раҳбар”нинг сукути … Йўқ, энди нимадир дейиш шарт! Майли, нотўғри бўлсаям… Нимадир дейиш ша-артт… Қани…

Тирикчилик:
— Танаффус, у-ув, уйғон!
Тириклик:
— Ухламаяпман. Хаёлим қочибди…
Тирикчилик:
— Шу “қочоқ” хаёлларинг бир кун бошингни ейди.
Тириклик:
— Ўзини ўзи еркан-да?
Тирикчилик:
— Нима деганинг у?
Тириклик:
— Бу бошда хаёлдан бошқаси йўқ, деганим. Тўғрироғи, хомхаёлдан.
Тирикчилик:
— Пишиб қолгандир, яшаётганингга яраша?
Тириклик:
— “… Наҳотки, мен яшаётган бўлсам!”
Тирикчилик:
— Нодир-ноёб жумлалар жимжимасига ўчлигинг қачон қолади-а?
Тириклик:
— Нодир… мас, Нодар — Нодар Думбадзе. “Абадият қонуни”да шундай ёзган. Манучар деган маразнинг тилидан.
Тирикчилик:
— Маразмисан?
Тириклик:
— “Соғ” бўлганимда, бошқача ўтармиди кунларим… Ҳаммага ўхшаб, дейман-да.
Тирикчилик:
— Қандай?
Тириклик:
— Шундай. Фаол, намунали, ошиғи олчи, топармон-тутармон…
Тирикчилик:
— Ҳасадми бу, ҳавас?
Тириклик:
— Ҳайрат… Ҳамма деганни деб, ҳамма еганни еб юриш қўлимдан-ку балонинг ўқидай келади, аммо…
Тирикчилик:
— Виждондан ваъз айтмаган сен қолувдинг ўзи…
Тириклик:
— Виждон… Нима у: “…сувми, шўрвами, адёлми?” Мендақаларнинг луғати учун “виждон” — санскритча сўз. Исботини кўрасан ҳали…
Тирикчилик:
— Яхши-яхши… Финалга ниманг бор?
Тириклик:
— Сени бир кулдирай. Ҳеч нима…
Тирикчилик:
— Сабаб?
Тириклик:
— Нимани ёзишни билолмай қолдим. Шу.
Тирикчилик:
— Тур-е! Шуям “сабаб”ми? Мавзу-муаммо бижғиб ётибди-ку, атрофингда.
Тириклик:
— Шуни айт. Лекин… ишонч чатоғроқ-да.
Тирикчилик:
— Нимага ишонмайсан?
Тириклик:
— Нимадир ўнгланишига. Матбуотни ол: ёзасан, ёзғирасан, дод солиб бақирасан… Ким ўқийди? Мажбурий обуначиларми? Пистафуруш, сомсапаз, носкашларми ё? Нари борса, уч-тўртта зиёлисиёқлар, эллик марта эснаб-эснаб кўз югуртиради. Ёқиб тушсаям нима дейишлари аён: “…Тузув-тузув, манби жойларини бироз ишлаш кере, атак, ўсиш бор болада… Уп-пҳҳ, ошши кўп евориппан…”
Тирикчилик:
— Эҳ-ҳее… Оролингдан чиқ, Жумавой, кема келгани қачониди!
Тириклик:
— Нуҳ кемасими? Бориб сўра-чи, жуфти йўқ махлуқни ҳам олишармикан?
Тирикчилик:
— Одам бўлмайсан!
Тириклик:
— Албатта, ахир олдимда сен турибсан. Одамзод сенга йўлиққунча яхлит бўлади, кейин… майда бир мавжудотга айланиб қолади.
Тирикчилик:
— Ҳай-ҳай-ҳай, сенга гап бўлса… Ие, ҳа, тусинг ўзгарди?
Тириклик:
— Э… эски бир ярамни эсимга солдинг. Биттаси айтганди қачонлардир:
“…Сиззи гапда енгиб бўмиди!” Аҳмоқлигим далили ўлароқ, илжайгандим ўшанда. Ҳалигача ундай… ширин ҳақорат эшитмадим.
Тирикчилик:
— Балки йиғлаб берарсан?
Тириклик:
—…Нима деятувдинг? Ҳа, финал… Кенгаш бер-чи, хўп, бозор кўргансан, ҳайтовур?
Тирикчилик:
— Бозорбопи керакми? Им-м… Во… Ислоҳотларни мақта!
Тириклик:
— Кўпга қўшилиб чапак чалиш ўз йўлига. Улгурарман. Кейин… ортиқча оҳангжамани йиғиштириб, гапнинг гардкамига ўтсам, мен учун аҳвол ўзгармади ҳалиям…
Тирикчилик:
— Нима “ҳалиям?”
Тириклик:
— Ҳалиям хоҳлаганимни ёзиб, хоҳламаганимни ёзмаяпман. Ҳалиям тусаганимни ўқиб, тусамаганимни ўқимаяпман… Хўш, китобларми? Уларнинг нархи ҳалиям ўша-ўша. Лекин, рости, бундан кўпам куйинмаганман: кутубхона бор, китобхўр таниш-билишлар дегандай…
Ойликми? Ҳалиям ижара пули, йўлкира, қорин, телефон… ўртасида “улоқ” бўп кетяпти.
Прописками? Чин, ишхоналарда ижикилашмаяпти.., деб оғиз тў-ўлдириб айтгим келяпти-ю, вилоятлардаги кепатани кўриб, тилимни тиш­лаб қол­япман. Тошкент ҳам жуда-а “Сусамбил”га айланиб қолгани йўқ — ҳа­лиям пропискасиз борсанг, пешаналари тиришиб қаршилаётганлар етарлича. Махсус суриштирув шартмас, иссиқ жоннинг иситмаси қўзиб, бирорта давлат клиникасига кирсанг, кўрасан, тиши оғриб кирган, тўшини ушлаб чиқади…
Бош ролни Дензил Вашингтон ўйнаган “Ота меҳри” киносида, юрак операциясининг ўта қимматлигидан, жон талвасасида ётган ўғлини асраб қолиш-чун чорасиз ота… бутун округ шифохонасини гаровга олади. Ўша ерда анчадан бери “енг ичидаги” кирдикорлардан бохабар юрган ёш бир амалиётчи кутилмаганда “портлаб”, шундай дейди: “…Эҳтимол, бешинчи қаватда адолат ҳукм сураётгандир, аммо бу ерда…”. Шу гапни са-ал ўзгартириб айтмоқчиман: эҳтимол, пойтахтда, айрим ташкилотларда адолат ҳукм сураётгандир, аммо бошқа жойларда, айниқса, вилоятларда ҳалиям ўнгланолмаяпмиз.
Тирикчилик:
—…Ўпкангни бос, “бу ер сенга Монако эмас, ошна, бу ер Бағдод!” Мен ҳам бир кинони эсладим ва эслатдим: “13-ҳудуд”. Французларники. Кўрганмисан… Ҳазил! Хў-ўп, нима, ҳеч нарса ўзгармадими, сенингча?
Тириклик:
— Ундай демадим, кўпиртирма! Ўзгаришига лафз очилган, бироқ ҳалиям муз ҳолича ётган оғриқлардан жағ урдим. “Яхшилик мақтовга мухтожмас, аммо ёмонлик қораланиши шарт!” деб уқтирган устозларимиз. Ҳа, ёмонни – ёмон дейиш керак, фақат ўзига, юзига дейиш керак, ортидан “сасимай”! Умумий ўзгаришларга, ўнгланишларга келсак, бажарилиши шарт бўлган ишларни бажариши шарт бўлган одамлар бажар­япти. Манзилимизга эсон-омон элтиб қўяётгани учун ҳайдовчига ҳамду сано ўқимаймиз-ку? Йўл ҳақини берамиз, кетаверамиз. Бунда “йўл ҳақи” — фуқаролик бурчларимиз…
Тирикчилик:
— Унда… ўтмишга тош от! Аҳли қаламнинг “қийқириқ мода”си-ку ҳозир.
Тириклик:
— Қўрқаман.
Тирикчилик:
— Худсоветданми?
Тириклик:
— Худодан!
Тирикчилик:
— Уф-ф…
Тириклик:
— Йўқ, сен “…берди”синиям эшит-да энди. Ўша, ўтган кунларига тош отиб юрганлардан озми-кўпми хабарим бор. “Аҳли қалам”мас, аҳли аламга хос тут­япти ўзини, кўплари. Сигири қисир чиқса айб фалончининг ҳўкизида-а, деб жар солаётгандек улар. Қойиллатади улар…
Тирикчилик:
— Маддоҳлик, деяпсан-да? Шуни “руҳий рағбат” дейиш ўринлироқдир, балки, “далда”ми ё?
Тириклик:
— Сендан яхши муҳаррир чиқаркан… Исмини эслолмадим, ишқилиб, қайсидир саркарданинг ҳайкали остига шундай сўзлар ўйилган экан: “Товонингни яламоқчи бўлаётганни эзғилаб ташла!”
Тирикчилик:
— Демоқчисанки, ҳамма бало …
Тириклик:
— …ўзимиздан ўсиб чиқади. Азиз Несиннинг мақтову хушомадлардан эси оғиб қолган арбоб, аниқроғи мақтову хушомадлари билан ҳар қандай арбобнинг эсини оғдирувчи омма ҳақидаги ҳикояси калламда кўп айланяпти, охирги пайтлар.
Тирикчилик:
— Китоб ҳақида гапиргандай бўлдинг боя. Шуни ёзсанг-чи: китобхонликнинг фойдаси, мутолаа гашти… Сен тенгилар “Spark”ка даъвогар.
Тириклик:
— Бу мавзуда икки оғиз айтарим бор: то қўлимизда китоб борлигидан қисиниб-чимтиниб, уялиб юрарканмиз, то китоб варақлаб ўтирган жойимиздан тўрттаси туриб кетаверар экан, то “кино”ю “клип”ларимизда китоб қўлтиқлаб, кўзойнак таққанлар — “лох”, “ботаник”… сифатида кўрсатиб-кулинаркан, то китоб дўконларимизда китоб­бехабарлар сотувчилик қилар экан, то олигархлар — “аллома” саналаркан ва то Президент учунгина (хўжакўрсинга!) китобхонлик “тарғибот”лари олиб борилар экан… аҳволимиз ўнгланиши қийин.
Тирикчилик:
— Тошиб кетди-е, ошишам гапми… Шу-унча фестиваллар, ярмаркалар, шоулар… озмунча одамнинг бошини китобга эгмагандир?
Тириклик:
— Унисини билмадим. Китобхонлик бобида саноққа урғу бериш, фикримча, қандай ҳаводан нафас олишмас, неча марта нафас олиш муҳим, қабилидаги гапдай… “Китоб савдосининг, умуман, китоб тарғиботининг тепасида турган одам камида Баҳри Ғуломовадай бўлиши керак!”, деганакан раҳматли профессоримиз Азиз Қаюмов.
Тирикчилик:
— Қаерда ўқий қолдинг?
Тириклик:
— Курсдош жўраларимдан бири, у кишининг вафотларидан бир неча ой олдин, топшириқ юзасидан хонадонларига ўтганди. Суҳбатларини олибди. Баҳри Ғуломовага қизиқиб, телевидение кутубхонасига кирибди. Бир қучоқ китобу китобчалар кўтариб келганди ўшанда. Эртаси тушгача қопкетдим. Ўшаларни варақлаб-да… Ў-ў, йигирма йилдан зиёд китоб олди-сотдиси билан шуғулланган бўлса, ҳа-ар келган янги китобни аввал ўзи ўқиб, кейин растага чиқариш одатини ҳеч қўймаган экан… Олтмиш олтинчи йилдаги Тошкент зилзиласида ерпарчин ётган мингта китобни, вайроналар остидан ковлаб оларкан, боласини ковлаб олаётгандай эзилиб йиғлаганакан. Буни кўриб-кузатиб турган акаси — Ғафур Ғуломнинг ҳам ўпкаси тўлиб кетган экан… Ҳозиргилар-чи?
Тирикчилик:
— “Оқ байроқ!”. Бошқа “вагон”га ҳатлаймиз. Кейинги бекат, Худо хоҳласа… Айтганча, диндан доклад қилсанг-чи? Ҳа, нима, не-ечтаси, минг йиллик мулладай, “амру маъруф” қиляпти-ку. Асос ачиб ётган бўлса: муқаддас ой, муқаддас амаллар, муқаддас сўзлар …
Тириклик:
— Икки қароқчи бир дайдини ўрмонда ўлдирибди. Тўрвасини титкилашса, озроқ қоқ гўшту шароб чиқибди. Қароқчилардан бирининг иштаҳаси очилиб, “ўлжа”га ташланган ҳам эканки, иккинчиси “тарс!” урибди қўлига: “Нафсинг­ни тий, худобехабар, бугун рўза-ку!”… Кўк гулдираса, ўғрига инсоф битармиш. Инсоф битгани яхшику-я, гулдирашнинг тинчиши баробарида инсоф жониворнинг жонига қасд қилишимиз яхшимас-да. Рўза чиққунича нафсга тортган “бисмил”ларимиз узра рўза чиққач “пахмел”лар карахтлигида “қайта қуриш” бошлаймиз. У қилдик, бу қилдик, тақвониям тақвимга илдик.
Тирикчилик:
— Давом эт, давом эт!
Тириклик:
— Бўпти, давомини жининг суймаса, айбга буюрмассан. Чекка қишлоқлардаги имомларнинг ҳоли хароб: киссасиям, калласиям… Биласан, диний идоралар нодавлат ташкилот саналгани учун ойлик-пойлик деган нимарса йўқ, уларга. Бор-йўқ “тушум” — хайр-эҳ- сонлару маъракалардаги кўрпачаости “қистир-қистир”лардан. Униям пойтахт­га юборадими, оиласига оборадими, тасарруфидаги мачитнинг кам-кўстига сарфлайдими… Шугина “хизмат ҳақи”га тоғдай топшириқлар: маҳаллада можаро — “…муллани чақиринглар!”, мактаб-коллежда дилхиралик —
“…имомниям олволинглар!”, суд-тергов — “…домла қани?”…
Ўйлаймиз-да: бир кунда беш вақт намоз бўлса, мачитдаги эҳсон қутисига анча-мунча йиғилиб қоларов… Тошкентда шундай. Ва бу — табиий ҳол. Қишлоқ мачитларида, рамазон жумаларига жам бўлмиш жамоатни Тошкент жомеларида, ҳар куни, дейлик, шом намозининг ўзида кўриш мумкин. Кўпдан-кўп йиғилади. Озчиликдан, боз устига, ҳар-ҳар замон беш-ўн минг сўм “саховат” қип қўядиган озчиликдан эса…
Хўп, калла масаласи. Бу тахлит “боқув”дан алҳами олти бўлган қиш­лоқ имомларимизнинг илинжи — қавмининг дастурхонидан: никоҳ, хатна, ақиқа, жаноза… Қавмининг илинжиси-чи? Тезроқ “расмий қисм”лардан қутулиб, даҳлиздаги “бўйни узун”лар дастурхонга тортилишидан. Бунинг учун биргина кимса — тўрда ўтирган саллалию соқолли “мушайт беряпти”. Буни унинг ўзиям илғаб ўтирибди — чўғ устида ўтиргандай. Ҳамияти миталамаган имом зоти аввали келмайди бунақа даврага. Келса-да, бир шартини бошданоқ кўндаланг қўяди уй эгасига: “…охиригача арақ-парақ қўймайсан!”. Аммо-лекин-бироқ бунақаси думли юлдуздай юз йилда бир ўтади.
Чор-ночор “мулла бува” битта ютинадию ваъзга тутинади: “Ўзи-и ичиш гуноҳмас ундай, энди-и ичибоп, кайп­да кимгадир зиён-заҳмат етказсак, ана
у — гуно-оҳ…”. Кечаги қолган овқатдай тўнглаган турқларда “ренессанс” қўпади: “Боракансиз-ку-йей… Опке, қуй-қуй!”. Тамом. У ердан галдираб-алжираб чиққанларга оят-ҳадис айтдинг нима — эшакка азон айтдинг нима! Эшитганинг шу бўлади: “…епсаней, гуноҳ-пуноҳмасакан ичиш, палончиникида, пистончи мулла айтти, ўзиям ичди”. Кўп ўтмай, шу ширакайфлардан қайсидир бировини, қандайдир жинояти важҳидан ТВда “пушаймон қилиб” ўтирган афтини кўриб, ғижинишниям “қотирамиз” кейин.
Хўш, ўша “пистончи мулла”, тўғрисини айтганида, қайтарганида нима бўларди? Ўша “палончи” уни бошқа айттирмасиди мавлуд-маъракасига. Камига ўша даврадагилар ҳам… Алвидо, назр-ниёз! Албатта, тишини берган Худо, ризқиниям беради. Лекин… тиланиб топилган ризқ… Билмадим.
Қиссаи кўтоҳ, қишлоқлардаги имомларимизга моянами нимадир тайинланиши зарур. БАШАРТИКИ, аттестацияга ўхшаш синов-саволлар ҳам: илми зўр, мадраса кўрган ва албатта, ҳалқуми ҳалоллардан тузилган ҳайъат имтиҳонларидан ўтсагина, олсин оларини! Бу нима беради? Имомларимиз амал-тақал ёдлаган саккизта сурани, шариатмас, шароит юзасидан “тафсир” қилганча, айлантири-иб юравермай, ўз устларида ишлайди: китоб титади, дунёдан бохабар бўлишга уринади ҳамда ўз-ўзидан қавмини-да “ўтлатмайди”.
Тирикчилик:
— Бу ҳақда бош қотиришаётганмиш-ку? Яъни, жойларда йиғилаётган эҳсон пуллари ўша ҳудуддаги мачит ходимларининг ўзига, маъносидаги “проект” кўрилаётганмиш. Яна “Вақф” фонди…
Тириклик:
— “Миш-миш” — гапнинг урғочиси. Кейин… хонаси келганда айтай: фатвою фармон, қонун-қоида… ҳар соҳада чиқяпти. Қабулхоналардаги кети кўринмайдиган навбатларни, порталлардаги адоқсиз арз-додларни, марказларга босим қатнаётган шикоятчиларни кўрасану…
Жамғармалар, хайрия ташкилотлари бор-ку, фақат, ҳар нени кўпиртирувчи ОАВимизни бир четга суриб айтсак, байрам-пайрамларда хиёбонларда музқаймоқларни текин тарқатишгани янглиғ “жонбозлик”лардан ташқари нима каромат кўрсатишяпти улар?! Чораси кўрилаётган бўлса, яхши. Кўрамиз: номи ила номаи аъмоли ўзаро мувофиқ нимадир оёққа турадими ёхуд тағин битта номи улуғу супраси қуруқ ташкилот қаққаядими…
Тирикчилик:
— Охирги марта қонунми, қоидами ўқиганинг қачониди?
Тириклик:
—Ўқишга ўқиб тураман, кунора. Уқиш қийин. Қонунчилигимиз ти­-
ли — диққинафас тил. Такрорий кириш сўзлари, қайтариқ жумлалар, мажҳул нисбатдаги феъл-кесимлар, узундан-­узун эргаш гаплар… сил қилаёзади, одамни. Шуни қисқа, лўнда, халқчил ёзишса, нима, “қонун” отлиғ салобатига соя тушадими?
Тирикчилик:
— Тўғрику-я…
Тириклик:
— Бўлар-а? Чўзилса, ҳатто латифаниям тузи қочади. Мен айтаримни айтдим, қайтарим йўқ. “In God we trust” — долларда шундайчикан ёзув бормиди…
Тирикчилик:
— Доллар, де… Сўнгги сўроқ. Нима дардда қатнашяпсан-а, бу чемпионатга?
Тириклик:
— Тўрт йил “учлик” стипендияга ўқиган, сўғин уч йилча олти юз минг ойликка ишлаганнинг “дард”и нимаям бўларди? “…Нега ҳар нарсага етган ақлинг шунга қолганда оқсайдур, ўғлим!”
Тирикчилик:
— Тфу-ей…

***
Хотима(…ўрнида хотиранинг давоми):
…Болапақир жавобмас жон берди, гўё: “Ки… куб!”.
Энди “раҳбар”нинг жони чиқди: “Билийкансан-ку жавобди, мана! Шуни айтиш учун желкамди жовурини чиғаришинг шартмиди, Бобоқулип? Отангди калласи камптир-ку, сен нимага ундаймассан, Бобоқулип? Ё, нимага айб қип қўйған боладай ў-ўтирасан, билганингдиям гапирмайсан-а-ей, Бобоқули-ип?.. ”.
Болапақирнинг боши эгилгандан-­эгилиб борар, хира нигоҳлари партадаги дафтарида чизилган параболанинг оғиш бурчагини пайпасларди ҳадеб.

Шербек БОБОҚУЛОВ