Оқимга қарши сузиш ҳикмати

Инновацияларнинг асосий душмани — авторитар таълим тизими.
Ҳозирги педагогикамиз ўқувчиларнинг имкониятларини чекламоқда.
Мактаблар болалар учун “қамоқ”қа айланиб қолган.
Сарлавҳа остидаги фикрларни ўқиб даҳшатдан ёқа ушлаб қолишингиз табиий. Ахир, мактабдек улуғ даргоҳни қандай қилиб қамоқ дейиш мумкин?! Ота-она ва устозлар нима қилибдики, уларни ҳозир замон болаларининг эркини “бўғиш”да айблаяпмиз?! Нега энди дабдурустдан таълимни инновацияларнинг кушандасига чиқариб қўйдик?! Хуллас, мияда минг хил ўй-хаёл айланмоқда: нима, нега, қандай қилиб?..
Энди ҳаммасини ётиғи билан тушунтирсак. Фақат олдиндан айтиб қўяйлик: мавзу мураккаб, сиртини ёрмай, мағзига етиб бўлмайди!
Ўтган йили юртимизда илк бор ташкил қилинган Халқаро инновацион сармоявий форумда инновациялар соҳасида таниқли эксперт, Исроилдаги “Systematic inventive thinking” компаниясининг истиқболли ғоялар ва инновациялар департаменти раҳбари Мишель Асияг иштирок этганди. Юқоридаги биринчи жумла айнан унга тегишли. Асияг болаларни дунёдаги энг инновацион инсонлар, деб атайди. Фақат боғча, ундан кейин эса, мактабдаги тартиб-қоидалар таъсирида уларнинг ҳаракати ҳамда фикрлаш тарзи муайян даражада чекланади. Натижада боладаги жуда қимматли хислат — креативлик сўна бошлайди.
Буёғи ундан-да қизиқ. Ҳозирги педагогикани ўқувчиларнинг имкониятларини чеклашда “айблаётган” инсон ўзи ҳам педагог. Педагог бўлганда ҳам бутун умрини мактабга бағишлаган жуда машҳур муаллим. Гап Россия таълим академияси академиги, психология фанлари доктори Шалва Амонашвили ҳақида бормоқда. Бу одам инсонпарварлик педагогикаси таълимотининг ёрқин вакили саналади.
Ниҳоят, мактаблар болалар учун “қамоқ”қа айланиб қолганини айтиб жон койитаётган шахснинг исми
Паата Амонашвили. У ҳам грузиялик, айни вақтда дунё бўйлаб кенг тармоқланиб кетган Халқаро инсонпарварлик педагогикаси марказини (дарвоқе, бу тузилма Ўзбекис­тонда ҳам мавжуд) бошқармоқда.
Хўш, ҳозиргина сизга таништирилган бу уч мутахассиснинг дадил фикрларини қоғозга бирин-кетин туширишдан мақсад нима эди?

БИЗ — XXI АСР КИШИЛАРИ — ТЕХНИК, ТЕХНОЛОГИК, АҚЛИЙ ВА ҲАТТО ИҚТИСОДИЙ ТАРАҚҚИЁТДА АНЧА ИЛГАРИЛАБ КЕТГАНМИЗ. БУГУН БИЛИМГА ИНТИЛУВЧИ, АХБОРОТ ВА ЯНГИЛИКЛАРГА ТАШНА ИНСОН ЗАМОНАВИЙ САНАЛЯПТИ. БОЛАЛАР, АВВАЛО, МУНОСИБ ТАЪЛИМ ОЛИШИ ВА ЯХШИ ЎҚИШИ КЕРАК, ДЕБ ЎЙЛАЙМИЗ. АММО НЕГАДИР ЯХШИ ИНСОННИ ТАРБИЯЛАШ ҲАҚИДА НА ОТА-ОНА, НА УСТОЗ-МУРАББИЙЛАР ЖИДДИЙ БОШ ҚОТИРМОҚДА. ХУДДИ ТАЪЛИМГА ЕТАРЛИ ЭЪТИБОР ҚАРАТИЛСА БЎЛДИ, ТАРБИЯ ЎЗ-ЎЗИДАН БЎЛАВЕРАДИГАНДЕК.

Фикримизча, бундай ёндашув таг-замири билан нотўғри, янглиш, бирёқламадир! Мияси ақлга тўлган-у, бироқ қалби ҳувиллаб қолган боладан эзгулик кутиш бефойда. Афсуски, бугун одамлар моддиятга берилиб, қалб тарбияси ҳақида ўйламай қўйди. Кўпчиликда эгалик ҳисси устувор — топиш-тутиши дуруст бўлса-да, борига қаноат қилиб яшагиси йўқ.
— Исталган бошланғич синфга кириб, ўқувчилардан нимани орзу қилиши ҳақида сўранг, — дейди яқинда Тошкентда ўтказилган катта йиғинларнинг бирида 88 ёшли Шалва Амонашвили. — Аминманки, ярмидан кўпи орзусини моддийлаштиради: ё замонавий телефон ёки планшет совға қилишларига муштоқ.

ЎША ҚОРАКЎЗЛАРДАН БИРОНТАСИ БУВИМ ТЕЗРОҚ ТУЗАЛИБ ҚОЛИШИНИ ЁКИ ЯҚИНЛАРИМ ДОИМО СОҒ БЎЛИШИНИ ИСТАЙМАН, ДЕСА ДЎППИНГИЗНИ ОСМОНГА ОТАВЕРИНГ. ДЕМАК, УЛАРНИНГ ҚАЛБИДА МЕҲР БОР. БУ БОЛАЛАР, АЛБАТТА, ОЛИЖАНОБ ШАХС БЎЛИБ ВОЯГА ЕТАДИ.

— Олижаноб, меҳр-оқибатли инсонлар ёрқин келажак сари интилаётган Ўзбекистонга ҳам ниҳоятда зарур, — таъкидлайди грузиялик муаллим. — Яқин истиқболда эса, уларга эҳтиёж янада ортади. Чунки давримиз мураккаб. Бизни эртага нималар кутаётганини, дунёда қандай ўзгаришлар рўй бериши ҳақида ҳеч ким аниқ гап айтолмайди. Лекин XXI аср остонасида туғилган авлод, яъни олимлар таъбири билан айтганда, индиго болалари шундай ноёб истеъдод ва ўткир ақл-тафаккурга эгаки, улар ушбу салоҳияти туфайли дунёни ўзгартириб юбориши мумкин. Шу нуқтаи назардан,

ҲОЗИР ЁШЛАРНИ ҲАЁТГА ТАЙЁРЛАШ ЭМАС, БАЛКИ ЎЗИМИЗ ЭРТАГА УЛАР ЯРАТАЖАК ҲАЁТГА ТАЙЁР ТУРИШ ТЎҒРИСИДА КЎПРОҚ ҚАЙҒУРИШИМИЗГА ТЎҒРИ КЕЛЯПТИ.

Бу эса, айнан қалб тарбияси билан боғлиқ жараёндир.

ТАРБИЯ ҲАМИША ОҚИМГА ҚАРШИ СУЗИШНИ АНГЛАТАДИ.

Уни ўзингдан бошламас экансан, зурриёдинг яхши инсон бўлиб вояга етишига умид боғлаш бефойда. Ота-она, авторитар таълим талаб қилганидек, фарзандини жазолаш ва рағбатлантириш эмас, балки у билан тил топишиш, муроса қилиш йўлларини қидириши керак.
Индиго болалари ўзига нисбатан худди шундай муносабатни кутади. Улар ҳаддан ташқари фаол (гипе-­
р­актив), мисли кўрилмаган даражада қобилиятли, аммо шу билан бирга, ўта нозик ва таъсирчандир. Ушбу ўзига хосликни биринчи бўлиб муаллимлар пайқаган. Чунки индиго табиатли ўқувчилар билан ишлаш уларга қийинчилик туғдирганди. Вазият ҳозир ҳам ўзгаргани йўқ.
— Гап болаларда эмас, гап педагогикамизда! — деб тушунтиради инсонпарвар педагог, психология фанлари доктори Паата Амонашвили.

— АВЛОДЛАР АЛМАШЯПТИ, ЛЕКИН ТАЪЛИМ, АЙНИҚСА, ТАРБИЯ УСЛУБИМИЗ ЭСКИЛИГИЧА ҚОЛМОҚДА.

Бундай номутаносиблик натижасида ўқувчилар ўзини қўйишга жой тополмаяпти. Биз уларнинг
45 дақиқа дарсда миқ этмай мавзуни тинглашини, ота-она ва устози чизган чизиғидан чиқмаслигини, барча ижтимоий қоидаларга сўзсиз амал қилишини, хуллас, ўзимиз қандай яшасак, худди шундай, яъни бир қолипга тушиб яшашини хоҳлаймиз. Шахсан менда мактаб­лар болалар учун “қамоқ”қа айланиб қолгандек тасаввур уйғотяпти. Ҳарқалай, оилаларимизда ҳам аҳвол кўнгилдагидек эмас. Боласига ниманидир тушунтириш ўрнига, тақиқ ва чекловлар қўйишга одатланиб қолган ота-оналар жуда кўп. Айнан улар хатти-ҳаракатини жиддий тафтиш қилиб, ўз-ўзини тарбияламоғи зарур.
Мен ураллик бир инсонни танийман. У ёзги болалар оромгоҳининг раҳбари. Айтишича, ҳар йили мавсум бошланиши билан юраги така-пука бўлар экан. Болалар шўх, ножўя ҳаракат қилиб, бирон кор-ҳолга йўлиқиши мумкин. Хавфсизлиги учун эса, директор жавобгар. Хуллас, шу масалада ёрдам сўраб келганди.
Бошим қотиб, узоқ ўйладим. Болага тартиб-қоидани тушунтириш, айниқса, бирон нарсани қилма дейиш бефойда. Барибир билганидан қолмайди. Ниҳоят, миямга антиқа фикр келди: “Оромгоҳга келган болаларга ҳеч нарсани чекламанг”, — дедим Степан амакига. У табиийки таажжубланди. Мен эса, парво қилмай, сўзимда давом этавердим: “Қадрли дам олувчилар, оромгоҳимизда қонун-қоида йўқ. Бу ерда мутлақо эркинсиз. Хоҳлаган ишингизни қилишингиз мумкин. Хоҳланг куни бўйи ухланг, хоҳланг оромгоҳдан ташқарига чиқиб, сайр қилинг, хоҳланг гулхан ёқиб, картошка пиширинг — ҳеч қандай тақиқ йўқ”, дейсиз”.
Бир ойдан кейин Степан амаки ёнимга хурсанд бўлиб келди. Мен айтгандек қилибди. Аммо шу заҳотиёқ болалар мулоҳаза юрита бош­лаган. “Куни бўйи ухлаб нима қилдик, ахир, табиатдан баҳра олиш учун келганмиз-ку!”, “Оромгоҳ ҳудудини ўзбошимча тарк этсак, ёввойи ҳайвонларга йўлиқишимиз мумкин. Бу эса, жуда хавфли. Яхшиси, чиқмай қўяқоламиз”, “Гулхан ёқиб, балога қолайликми энди, ҳаммаёққа ўт кетса-чи?!” деб ўзаро роса тортишган. Охир-оқибат, уларнинг Степан амаки таклиф қилган қоидаларга кўнишдан бошқа иложи қолмабди.
Юқоридаги мисол хотирамда маҳкам ўрнашиб қолди. Эҳтимол, оромгоҳ воқеасида тарбиянинг ўзгача — инсонпарвар қиёфасини кўрганим учун уни эслаб қолгандирман. Нима бўлганда ҳам, хулоса битта: бизга итоаткор болалар керак эмас, улар билан келишишни ўргансак кифоя. Тарбиянинг энг мақбул йўли шу!

Наргиза УМАРОВА