Польшада ҳам танилдик

Европа мамлакатларида таҳсил олаётган ватандошларимиз Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини фаол тарғиб қилишга киришган.

Улар орасида Италиянинг Мессина университети талабаси Жасурбек Эргашев ва Болтиқ халқаро академияси талабаси Сардор Исломов ҳам бор.
Йигитлар Краков иқтисодиёт университетининг талабалар уюшмаси (Erasmus Student Network)га аъзо. Айтиш керак, мазкур тузилма нафақат Польша, балки бутун Евроиттифоқ ҳудудидаги кўплаб ёшларни ўз сафида бирлаштирган. Бу эса, юртимизнинг сайёҳлик нуфузини ошириш ва оммалаштириш учун айни муддао.
— Европаликларни жонажон Ватанимизнинг сайёҳлик имкониятлари ҳақида хабардор этишда эндиликда талабалар уюшмаси аъзолари ҳам яқин кўмакчимизга айланган, — дейди мамнуният билан Жасурбек Эргашев. — Ҳамкорликда “Ўзбекистон — сайёҳлар мамлакати” шиори остида бир қанча тадбирлар ўтказдик. Уларда Европанинг турли университетларида ўқиётган 70 нафардан зиёд тенгдошимиз иштирок этди.
Польшанинг ўзида ташкил этилган дўстона тарғибот акциясида юртимиздаги туристик йўналиш­лар, сайёҳлар учун яратилган қулайликларга доир тақдимот ўтказилди. Шунингдек, асрий урф-одатларимиз ҳамда миллий либослар намойиш этилди. Ўзбек ошхонасининг шоҳона таомлари тайёрланиб, дастурхонга тортилди.
Тақдимотнинг иккинчи қисмида эса, иштирокчилар замонавий технологиялар ёрдамида Ўзбекистонга виртуал сайёҳат қилди. Бухоро, Самарқанд, Хива шаҳарларининг кўҳна ва жозибадор қиёфаси уларда унутилмас таассурот қолдирди. Бунга қўйимча равишда ҳар қайси талабага ўлкамиз ҳақида тўкис маълумот берувчи тарғибот материаллари тарқатилди.
— Европалик талабаларни ростмана ҳайратлантира олдик, — дейди ватандошимиз Сардор Исломов. — Аксариятида Ўзбекистонни келиб кўриш иштиёқи туғилди. Палов ва сомсадек мазали таомлар қандай пиширилиши билан қизиққанлар ҳам кўп бўлди. Хуллас, биз мақсадга эришдик, деб бемалол айта оламан. Аммо тарғибот тадбирларимиз яна давом этади.

Роҳатой ҚОДИРОВА