Ректор нима дейди? Тадбиркор-чи?!

Нукус шаҳридаги Ёшлар марказида Инновацион ривож­ланиш вазирлиги иқтисодиётнинг реал сектори ва олий таълим интеграцияси масаласига бағиш­ланган форсайт учрашувини ташкил этди. Унга Қорақалпоғистонда фаолият кўрсатаётган олий таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда хусусий бизнес вакиллари таклиф қилинди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Рес­публикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Муратбай Жуманов ҳамда Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров иштирок этди. Таъкидланганидек, мамлакатимизда жорий этилаётган инновацион тараққиёт платформаси Ер юзидаги энг бебаҳо ресурс — инсон капиталини юксалтиришни тақозо этади. Бунга эса, маълум маънода, олий ўқув юртлари ҳамда иқтисодиёт тармоқларининг узвий ҳамкорлигини таъминлаш ор­қали эришиш мумкин. Зотан, бўлғуси мутахассис университетда олган билимини амалиётда мустаҳкамлаши шарт. Акс ҳолда, меҳнат бозорида рақобатбардош бўлолмайди.
Панель муҳокамада Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ректори Байрам Утемуратов, “Қўнғирот сода заводи” унитар корхонаси ишлаб чиқариш бўлими бош­лиғи Аҳмет Бегдуллаев ҳамда “Panayev farms” фермер хўжалиги раҳбари ўринбосари Тимур Панаев иштирок этди.
Сессия модератори — Инновацион ривожланиш вазирлиги масъул ходими Одилжон Абдураззоқовнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда битта талабани хорижда ўқитиш учун давлатимиз ўртача
450 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфламоқда. Ўша талаба кадр сифатида шаклланиши учун эса, тўрт йил кутиш керак. Инсон капиталига киритилган инвестиция ўзини тезда оқламайди. Модомики, таълим сифатига етарли эътибор берилмас экан, у ўзини умуман оқламаслиги ҳам мумкин.
— Ҳозир турли соҳаларда янги профилдаги мутахассисларга талаб ошган, — таъкидлади Б.Утемуратов. — Лекин, афсуски, ёшларга замонавий билим бера оладиган малакали профессор-ўқитувчилар етишмаяпти. Яъни, яхши кадр тарбиялай оладиган яхши кадрнинг ўзи кам.
Муҳокамага 23 ёшли тадбиркор Тимур Панаев ҳам қўшилди. — Кимё технологиялари коллежини тамомлагач, олдимда иккита йўл турарди: ё ўқишни давом эттириш ёки хорижда тажриба орттириш. Отамнинг маслаҳатига амал қилиб, иккинчисини танладим. Аввал италиялик фермерларнинг фаолияти билан танишдим. Улар асосан зайтундан мой олиш, пишлоқ ва вино ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Мен фермага оддий ишчи сифатида ёлланиб, итальянча пишлоқ тайёрлаш технологиясини ўргандим. Ҳозир 15 турдагисининг рецептини биламан. Фермер хўжалигимизда 37 киши ишлайди.
200 бош қорамолни парваришлаб, кунига 300 литр сутни қайта ишлаймиз. Хориждан келтирилган чорвани озиқлантириш ва рационини тўғри белгилашда қийналяпмиз. Бу масалада олимларимиз ёрдам берса, қани эди.
Панель сессиядан сўнг форсайт иштирокчилари саккизта гуруҳга бўлиниб, муҳокамаларни тор доирада давом эттирди.
Мавзу юзасидан бир қатор таклифлар ишлаб чиқилиб, ишчи гуруҳига тақдим этилди.

Роҳатой ҚОДИРОВА