Рентгендан ҳам афзал

Юртимизда болалар тишларининг саломатлиги янги ускуна ёрдамида текширилмоқда. Бу бўйича ишлаб чиқилган махсус дастур тажриба-синов тариқасида Жиззах вилоятининг Фориш туманида татбиқ этиляпти.

Инновацион технология тишнинг бактериялар билан зарарланаётганини жуда эрта аниқлаш имконини беради. Бу эса, кариес профилактикаси учун ниҳоятда муҳим. Дарвоқе, бугунги кунда ушбу касалликка Ўзбекистон аҳолисининг деярли барчаси чалинган. Ваҳоланки, ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 35 фоиздан ошмайди.
“Qscan” ускунасининг сезгир нурлари ҳатто рентгенда кўринмайдиган кариес ўчоқларини пайқашга қодир. Қолаверса, аппарат жуда ихчам бўлиб, қўллашда ортиқча қийинчилик туғдирмайди. Уни амалиётга жорий этиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Тошкент давлат стоматология институти мутахассислари билан ҳамкорликда олиб борилмоқда.
— Ҳозирча Фориш туманидаги иккита мактабгача таълим муассасасининг 150 нафардан зиёд тарбияланувчиси гигиеник кўрикдан ўтказилди, — дей­ди Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Бахтинур Худанов. — Дастлаб болалар ҳамда уларнинг ота-оналарига оғиз бўшлиғи гигиенаси, тишларни қандай қилиб тўғри тозалаш кераклиги, тиш кариеси ва унинг салбий асоратлари ҳақида батафсил тушунча берилди. Сўнгра кичкинтойларнинг тишлари “Qscan” ёрдамида текширилди. Тишларга ёпишиб қолган овқат қолдиқлари таркибидаги бактериялар зарарли моддаларни ишлаб чиқара бошлаганида ушбу ускуна панелида қизил ранг пайдо бўлади. Бундай ҳолат инсон учун ўзига хос огоҳлик сигналидир. Демак, тишларни шу заҳотиёқ тозалаш, муҳими, тўғри тозалаш зарур. Мана шундай қилиб фарзандларимизни оғиз бўшлиғи гигие­насига кўниктириш мумкин.
Олимлар тавсиясига кўра, истиқболда ҳар бир боғча ёки мактаб ҳамшираси болаларнинг оғиз бўшлиғини худди юқоридаги тартибда ойда икки маротаба текшириб туриши зарур. Соғлом тишлар эгаси яшил карточка билан рағбатлантирилади. Борди-ю, кариес мавжудлиги аниқланса, болага сариқ тусли карточка берилиб, ота-онаси хабардор қилинади. Шунингдек, бемор стоматолог кабинетига жўнатилиши шарт. Учта ва ундан ортиқ “жарима” карточкасини тўплаган ўғил-қизлар учун эса, оғиз бўшлиғи гигиенаси дарси ўтилиши лозим.

Н.БАҲОДИРОВА