Тарбияни ўзимиздан бошлайлик

Бобом билан суҳбатлашиб ўтирсам, эшикдан укам кириб келди. Уст-бошини ҳам алиштирмай, дастурхон бошига келиб ўтирди. Илгари ҳеч бундай қилмайдиган кенжамизни кузатиб турсам, шоша-пиша овқатландию яна сумкасини елкасига ташлаганча уйдан югуриб чиқиб кетди. Билсам, мактабга — қўшимча дарсга кетган экан.

Сўрида ўтирган бобом вазиятни жимгина кузатар экан, бош чайқади. Тўғриси, мен тушунолмадим. Бобом ҳаммасини кўзларимдан уқиб олгандек, мени ёнига чақирди.
— Илгари болалар уйда, ота-онаси билан дарс қиларди. Тўғри, дангаса, китобни хушламайдиганлари ҳам йўқ эмасди. Биз — маҳалланинг ўн нафар ўғил-қизи мактабдан қайтгач, уйда овқатланардик-да, кейин бирон синфдошимизнинг уйида йиғилиб, вазифаларни тайёрлардик. Кечқурун ётишдан аввал отам дафтарларимни ва кундалигимни текширарди. Хулқимиз ҳам, ўқишимиз ҳам ҳамиша ота-онамиз назоратида бўлган. Бугунги ёшларга қараб, мактаб ҳам ота-она вазифасини ўташи мумкин экан-да, дея ўйлаб қоламан, — деганча кўзойнагини олиб, намланган қароғларини артган бўлди.
Ўйлаб кўрсам, бобомнинг гапида жон бор. Бугун деярли ҳамма ота-она фарзандини қўшимча машғулотларга юборади. Бу ҳам етмаганидек, болам мактабда дарсларини тайёрлаб кел­япти, ўқитувчиси назорат қиляпти, деб ўйлайди. Фарзанд учун мактаб аслида уйдаги тарбия. Фарзанди келажакда катта ютуқларга эришишини, вақти келиб жамиятда ўз ўрнини топишини ҳамма истайди. Лекин нима учундир жамиятда жиноятчилар ҳамон учраб турибди. Менимча, тарбия инсон қалбидан бош­ланади. Чунки истак ҳам, шижоат ҳам қалбда
туғилади.
Психологлар ҳам бу борада бир гапни так­рор ва такрор айтади: ота-она фарзанд билан ҳар куни ҳеч бўлмаганда бир соат ўзаро суҳбат қурмоғи лозим. Қиз онаси, ўғил эса отаси билан. Агар мулоқотлар оила даврасида бўлса, янада яхши.
Биз-чи, биз нима қиламиз? Боланинг бугунги куни қандай ўтгани, кимлар билан қандай мавзуда суҳбатлашгани, ўқув қуролларию баҳолари билан қизиқиш ўрнига эрталаб ишга кетишдан аввал бир қатор рўзғор юмушларини бўйнига ортиб қўямиз-да, кечқурун “Чала бажарибсан”, деб уни койиймиз. Бу ҳам етмаганидек, овқатдан сўнг изма-из бошланувчи телесериалларни томоша қилганча, уйқуга ётамиз.
Шу зайл вақт ўтаверади. Фарзандимиз катта бўлмоқда дея, янада кўпроқ пул топиш пайига тушамиз, бироқ боламиз биздан узоқлашиб, тобора бегоналашиб бораётганини англаганимизда фурсатни қўлдан бой берган бўламиз.
Фарзандга тарбия беришдан аввал биз, ота-оналар уни ўзимиздан бошласак, у билан ҳар куни суҳбатлашиб, келажак режаларни бирга тузсак, оила­даги ўрнини ҳис этади ва биздан сир яширмайди. Бу эса, ишонч дегани. Ўзаро ишонч бор жойда муваффақият бўлади.

Нигора ШОМИРОВА,
ўқитувчи