Учбурчак ичидаги олам

“Учбурчак”, “Аъло…”, “Ойна”, “Пуфак”.Бу фильмлар кўпгина томошабинларга тушунарсиздек туюлади. Табиийки, уларни яратган ижодкор ҳам бизнинг наздимизда мавҳум шахс. Сирдарёдан пойтахтга келиб, кинематография санъатини ўрганаётган тенгдошимиз Жамшид Нарзиқулов билан у таҳсил олаётган Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳовлисида суҳбатлашдик. Суҳбатни имкон қадар мулоҳазали қилишга уриндик. Худди унинг фильмлари каби.

— Фильм қаҳрамонлари — актёр, актрисаларни нега узоқ қидирасиз?
— Иккиланишлар бўлади, албатта. Қариндош-уруғ, таниш-билишчилик, “катта”нинг фарзанди, деб кинони булғамаган маъқул. Сценарий ёзаётгандаёқ режиссёр сифатида қаҳрамонни тасаввур қила бошлайман. Оламимдаги қаҳрамонни орамиздаги инсонлардан қидираман. Актёрнинг нафақат ташқи кўриниши, балки ички олами ҳам мен учун қизиқ. У яхшилаб гримланиб, хос кийинтириб қўйилса-да, аммо ролни маромида ижро этолмаса, бари бирпул.
— Мустақил билим олишга уринасиз. Нега? Институт таълимидан қониқмасликми бу ёки..?
— Олийгоҳда режиссура фани ҳафтада бир-икки марта ўтилади, холос. Қолган вақтни бой беришни хоҳламайман. Дарсда кўпинча жим ўтираман. Менга шунчаки кузатиш ёқади. Институтга баҳо учун келиб кетгандан кўра, уйда соҳага оид адабиётларни ўқиб, кино кўрсам, шундан кўпроқ фойда оламан. Диплом олганинг режиссёр бўлдинг дегани эмас. Билимни ўзимиз излаб ёки талаб қилиб олишимиз керак.
— Жим юриб кузатиш, атрофдагилар билан масофа сақлаш сизга нима учун керак?
— Ёлғизликни ёқтираман, бу тафаккуримни ўстиришга ёрдам беради. Худбинликка йўйманг. Шунчаки ўзимни, одамларни, ҳаётни чуқурроқ англашга ҳаракат қиламан. Камгап бўлиб кўринсам-да, лекин ичимда бунинг акси рўй беради. Ўз-ўзимга савол бераман, изланаман, шу аснода дунёни англашга интиламан.
— Аксарият режиссёрлар бадиий асар муаллифлари, сценарийнавислар билан ҳамкорликда ишлайди. Сиз эса, мустақил тарзда. Ўзингизга шунчалик ишонасизми?
— Йўқ. Айни дамда мен талаба — ўрганувчиман. Албатта, ўз ишининг устаси бўлган тажрибали инсонлар билан ҳамкорликда ижод қилгим келади. Яхши асарлар устида ишлаб, маҳоратимни тоблашни хоҳлайман. Катта асарларга қўл уриш учун ҳам маълум босқичлардан ўтиш, руҳан тайёрланиш керак. Чунки асарни экранда “бузиб қўйиш”дан ёмони йўқ!

— Фильмларингиз ва эришган ютуқларингизни овоза қилмасликни маъқул кўрасиз. Сабаб?
— Ижодимни оғизда эмас, амалда кўрсатишни афзал биламан. Ахир, мақтаган билан билиминг ортиб ёки саёзлашиб қолмайди-ку!
— Оила, Жамшид ва кино. Буларни нима боғлайди ёки ажратиб туради?
— Оиламизда санъаткорлар умуман йўқ. Лекин бу шундай яшашинг керак, дегани эмас. Қобилият ҳам осмондан ёғилмайди. Бошланғич синфда ўқиб юрганимда кичик спектаклларда роль ижро этиб, дабдурустдан шу соҳага меҳрим уйғонди. Ота-онам мени доимо қўллаган.
— Кино яратишдан асосий мақсадингиз нима?
— Инсон ҳаётни англаш учун китоб ўқийди, фикрлайди, кузатади… Бекорга сценарийни ўзим ёзмайман. Бу билан бировга ақл ўргатмоқчи эмас­ман. Мақсадим — томошабинга ҳаётда ўзим анг­лаган хақиқатлар, фикр ва туйғуларни кўрсатиш. Тўғри, улар ҳақида ёнимдагиларга айтиб қўяқолсам ҳам бўлади. Лекин одамлар мени тингламаслиги ёки тушунмаслиги мумкин. Натижада юрагимни бўшата олмаганим учун баттар эзиламан. Шу туфайли ўй-кечинмаларимни миллион­лаб инсонлар билан экран орқали бўлишгим келади.
— Энг яхши фильмингиз?
— Бунақаси йўқ. Фильмларимдан кўнглим тўлган куни изланишдан тўхтайман. Мен эса, бутун умр ўқиб, кино санъати ривожига ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.
— Бугунги ўзбек киноси ҳақидаги фикрингизни билмоқчиман.
— Таҳлил қилишга тажрибам ҳали етарли эмас. Лекин мустақил фикрим бор. Ҳозир суратга олинаётган кўпгина фильмлардан кўнглим тўлмайди. Улардан айб топиш эмас, балки ниманидир ўрганиш мақсадида кўраман. Хатосини илғасам ҳам, лекин барибир яхшилик излайвераман.
— Аммо бемаза қовуннинг уруғи кўп бўлади…
— “Хонтахта фильмлар”ни айт­япсизми? Токи соҳа мутахассислари ўзбек киносининг ривожи эмас, ўғил уйлантириш ёки қиз узатиш, данғиллама уйларда яшаб, сўнгги русумдаги автомобиллар миниш ҳақида ўйлар экан, савиясиз фильмлар йўқолмайди.
— Қайси фильмларни севиб томоша қиласиз, кимларга ўхшагингиз келади?
— Шуҳрат Аббосов, Аюб Шаҳобиддинов, Ингмар Бегман, Ким Ки Дук. Наздимда, улар етук ижодкорлар. Режиссёрларнинг фильмларигина эмас, балки ҳаётини ҳам атрофлича ўрганаман. Иложи борича ижобий томонларидан ибрат олишга ҳаракат қиламан. Лекин ҳеч кимга ўхшагим йўқ. Сабаби бировга тақлид қилсам, “соя”га айланиб қолишим аниқ. Барча режиссёрларни яхши маънода четга суриб, ўз йўлимни топишга интиламан.
— Мутахассислигингиз бўйича таклиф қилинаётган ишларни нега кескин рад этасиз?
— Мен режиссёр бўлмоқчиман, бизнесмен эмас! Чўнтагини ўйлаб яшайдиган “режиссёр”ларнинг “ижоди”ни кўриб турибмиз.
— Менталитетимизга тўғри келмайди, деган важ билан катта экранга чиқарилмаётган фильмлар ҳақида нима дейсиз?
— Менталитет деб фақат 33 миллион аҳоли учун кино олаверсак, жаҳонга чиқолмаймиз. 8 миллиард одам учун фильм ишлайдиган вақт келди.
— Яна бир мулоҳаза…
— Танаффус!
— Суҳбатимизгами?
— Йўқ. Танаффус тугаб, дарс бошланди!
— Ҳа, майли. Унда, хайрлашамиз. Омад!!!
— Раҳмат!

Уйга қайтаётиб, йўл четидаги пиёдалар белгисига кўзим тушди. Ногаҳон Жамшиднинг сўзларини эсладим: “Назаримда, энг мустаҳкам шакл — учбурчак. Мен оламни учбурчак шаклида кўраман ва айнан шу оламда яшайман!”.
Орқага бот-бот қараб қўяман. Суҳбатимиз якунланишини хоҳламасдим. Жамшиддек киноижодкорларимиз бор экан, ўзбек фильмлари “Оскар” ва “Олтин глобус” мукофотларига, албатта, сазовор бўлажак. Ҳарқалай, ҳаммасини вақт кўрсатади.

Бунёд АБДУЛЛАЕВ